Яратилиш санаси 05.07.2021

ИМОМ МОТУРИДИЙ РОҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ

Аҳли сунна вал жамоанинг икки ақидавий мазҳаблари деб, мотуридий ва ашъарийларнинг йўналишлари тан олинган. Мотуридийя ақидавий мазҳабининг асосчиси, Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ бўлади. Тўлиқ исмлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ас-Самарқандий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида ҳижрий 241 (милодий 853) йили туғилган. Мовароуннаҳрда ақида илмининг пешвоси, деган эътирофга сазовор бўлган. Самарқанд яқинидаги Мотрид қишлоғида туғилганлар. Ақидага, фиқҳга, тафсир илмига бағишлаб бир нечта китоб ёзганлар. Умри давомида жуда кўп устозлардан дарс олган. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ, Абу Наср Ахмад ибн аль-Аббос (ал-Фақиҳ ас-Самарқандий), Наср ибн Яҳё ал-Балхий и Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий роҳматуллоҳи алайҳимлардан. Жуда ҳам кўп мунозараларда қатнашган. Бу зот яшаб ўтган даврда, яъни ўнинчи асрда "мужассималик" (Аллоҳни жисм, деб эътиқод қилиш), “мушаббиҳалик” (Аллоҳни бандасига ўхшаш, деб эътиқод қилиш) ва ҳоказо ботил оқимлар авж олган вақтлар бўлган. Бу киши эса, айнан уларга қарши, илмий асосда далиллар келтириб, раддиялар бериб, кўрашиб келган. Қолаверса, уша пайтда жуда ҳам сон жиҳатидан кўпайиб бораётган бу оқимларга эргашиб кетаётган одамларни қайтаришга сазовор бўлган. Мана шундай қийинчилик вақтида мўмин мусулмонларнинг ақидасини сақлаб қолишга улкан хизмат қилган зот бўлган. Уламолардан бири у киши ҳақида шундай дейди: "Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ аҳли сунна вал жамоанинг кибор уламоларидан эди. Айнан аҳли сунна вал жамоа учун ақида илмини шарҳлаш керак бўлган бир муҳим даврда, ислом оламдаги етук шахсларнинг ичида энг машҳурларидан бўлган. Шу билан бирга ақлий ва нақлий далилларни очиб бериш борасида моҳир эди. Шунинг учун ҳам бу зотни ўз замонасида "Мужаддид ад-дийн", (динни янгиловчи) дея эътироф этилган". Баъзи манбаларга кўра, бу зот, "Музийфун набий" (Пайғамбарни меҳмон қилувчи, унинг хизматидаги мезбон) деган буюк шарафга эга бўлган, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг авлоди экани ҳақида  зикр қилинган. Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 (милодий 944) йили вафот этган. Қабри Самарқанд яқинидаги Чокардиза даҳасида. Аллоҳ таоло бу буюк имомни раҳматига олсин!

Манбалар асосида "Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев тайёрлади