Яратилиш санаси 30.03.2023

Қуръон хофизлари ва муаллимлари фазилатлари

Аллоҳ таоло: “Албатта, у Қуръони Каримдир. У сақланган китобдадир. Уни фақат покланганларгина ушлайдир. У оламларнинг Роббисидан туширилгандир” (Воқеа, 77 - 80), деган.

Ушбу Қуръони Каримнинг ўзини ва сифатларини баён қилувчи оятлардан олдин келган ояти карималарда Аллоҳ таоло юлдузларнинг жойлари билан қасам ичган.

Ўша оятларда юлдузларнинг жойлари  билан қасам ичишдан мақсад Қуръони Каримни тасдиқлашдир. 

Демак, Аллоҳ таоло қасам ичиб қуйидаги ҳақиқатларни таъкидламоқда.

“Албатта, у Қуръони Каримдир”.

Албатта, ўша Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган ва динсизлар инкор қилаётган нарса - Қуръони Карим.

У сақланган китобдадир”.

Яъни,Қуръони Карим ўзгариш, алмаштиришдан ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган Лавҳул Маҳфуз, деб номланган китобдадир. Шундоқ бўлганидан кейин, Қуръони Карим ҳам ўзгаришдан, алмаштиришдан ва барча сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланган китобдир.

“Уни фақат покланганларгина ушлайдир”.

Яъни, Қуръони Каримни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан турли нолойиқ нарсалардан Аллоҳ таоло томонидан покланган фаришталаргина ушлайдилар. Бошқалар ушлай олмайдилар. 

Шунингдек, Қуръони Каримни жанобатдан ва кичик нопокликлардан тозаланиб, ғусл ва таҳорат қилган мўъмин-мусулмонларгина ушлайдилар. Қуръони Каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган.

“У оламларнинг Роббисидан туширилгандир”.

Ҳа, Қуръони Карим тўлалигича, ҳар бир ҳарфигача барча оламларнинг Роббиси, Холиқи, Розиқи, Тарбиячиси ва Тадбирини қилувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир. Унинг бирор ҳарфи ҳам Аллоҳдан бошқага мансуб эмас.

Аллоҳ таоло яна: “Эй одамлар! Сизга Роббингиздан бурҳон келди ва сизга аниқ нурни нозил қилдик” (Нисо, 174), деган.

Аллоҳ таоло Ўз бандаларига раҳм этиб, уларга икки дунё бахтига эришиш дастури қилиб нозил этган бу Қуръон аниқ нурдир.

Аллоҳ таоло яна:

“Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни ҳоҳласак, ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан.

Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур” (Шўро, 52-53), деган.

Яъни, аввалги Пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Биз сенга ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсониятга маънавий руҳ – жон қилиб, Қуръонни туширдик. Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали юборган сўнги китобини руҳ – жон , деб атамоқда.

Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик”.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим инсоният учун энг мақбул, энг зарур маънавий руҳдир. 

Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади.

Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган.

Кофир ва мушриклар даъво қилаётганларидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ўзлари тўқиб олган эмаслар. 

 Чунки, ваҳий келмасдан олдин: “Сен китоб нималигини ҳам, иймон нималигини ҳам идрок қилмас эдинг”.

Ўқишни, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг, дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда, ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, энди даъво қилмоқда десалар бўлар эди.

Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан кимни ҳоҳласак, ҳидоят қилурмиз”.

Ўша китобни  - Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўша нур ила бандаларимиздан кимни ҳоҳласак, жоҳилият зулуматларидан Ислом-иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қила бориб, 

Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан”. “Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур”.

Яъни, эй Муҳаммад, сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл – осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг тўғри йўлига  ҳидоят қилурсан. Эй одамлар! 

Огоҳ бўлингким, барча ишлар Аллоҳгагина қайтур”.

Аллоҳ таоло яна:

Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир” (Бақара,2), деган.

Яъни, Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.

Қуръони Каримнинг яна бир сифати “тақводорларга ҳидоятдир”.

Ҳидоят лутф билан мақсадга эриштиргувчи йўлни кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган кишилардир. 

Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан. 

Аллоҳ таоло яна:“Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирур” (Бақара, 99), деган.

Қуръони Карим оятларини  Аллоҳ таоло очиқ-ойдин, равшан қилиб туширган., уларни инсоф билан ўрганган ҳар бир инсон, албатта, иймон келтиради. Фақат фосиқ ва табиати бузуқларгина куфр келтиришади. 

Маҳмудов Калимуллоҳ 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси