Яратилиш санаси 30.03.2023

РАМАЗОН – САХОВАТ ОЙИ

Рамазон ойларнинг султони, эзгулик ва яхшилик мавсуми, тоат-ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойидир. Рамазон ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ойдир. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир. Бу ойда қилинадиган фазилатли амаллар жуда ҳам кўп. Инсонларга саховат, хайр-еҳсон қилиш эса ана шу фазилатли амалларнинг кўзга кўринганларидан ҳисобланади. Рамазон ойида янада кўпроқ хайр-саховат қилиш, садақалар бериш ҳамда яхшиликлар қилишга сабаб бўлувчи бир неча омиллар мавжуд: Аллоҳ таоло Оли имрон сураси 92-оятда айтадики:  

“Яхши кўрган нарсаларингиздан инфоқ-еҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз”.

Демак, Аллоҳ таолонинг ризолигини топиб жаннатга кириш учун хайр саховат қилмоқлигимиз лозим экан.

Рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажр-савоби орттириб кўпайтириб берилади. Яъни рамазон ойида қилинган хайрли ишлар, бошқа вақтларда қилинган хайрли ишлар каби бир хил бўлса-да, лекин ушбу муборак ойда қилингани сабабли у амалларнинг савоби бир неча даража кўпайтириб берилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинганидир” (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, рўзадорнинг ажридан эса бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (яхшилик қилишда) одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашар ва Қуръонни ўзаро дарс қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Демак, Росулуллоҳ с.а.в га эргашмоқчи, у кишининг йўлларини тутмоқчи, у кишининг изларидан изма-из юрмоқчи бўлган киши Рамазон ойида янада саховатли бўлиши, янада кўпроқ яхшиликлар, хайр-еҳсонлар қилиши лозим эканлиги бу ҳадисдан олинадиган айни фойдадир. 

Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди.

Атрофимизда қийналаётган, фақир, мискин, касал, заиф, етим, қарздор каби эҳтиёжманд кишилар бор экан, қолаверса, улар диндошимиз экан, биз улар билан бир ака- ука каби бўлишимиз лозим. Уларнинг ҳолатидан хабар олишимиз,  қийинчиликларини англашимиз, муҳтожликларини бартараф этиш борасида ўзимизни сафарбар қилишимиз эса жамиятдаги қийинчиликлар ва камбағалликларнинг олдини олишга бевосита сабаб бўлади.   

Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, хайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимлар бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. 

Аллоҳ таоло бу муборак ойда юқорида санаб ўтилган ажр-мукофотли амалларни қилишга тавфиқ берсин. Ожизоналик ила тутаётган рўзаларимизни ва нуқсон ила қилаётган амалларимизни қабул қилсин. Вал ҳамду лиллаҳи роббил аламийн.

 Абдулазиз Бобамирзаев