Яратилиш санаси 14.04.2023

Фитр садақаси

Рўзадор одам Рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билмай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амалларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориши учун фитр садақаси тўлаш жорий қилинган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ مِنَ السُّنَّةِ أَنْ لاَ يَخْرُجَ حَتَّى يَطْعَمَ وَيُخْرِجَ صَدَقَةَ الْفِطْرِ.

“Ҳайит куни фитр садақасини беришлик суннат амалларидандир”

قَدْ أَفْلَحَ مَن تَزَكَّى (14) وَذَكَرَ اسْمَ رَبِّهِ فَصَلَّى

“Батаҳқиқ, ким садақаси ила покланса ва Роббиси исмини зикр қилиб сўнгра намоз ўқиса нажотга эришади” 

Пайғамбаримиз с.а.в.дан ушбу оят ҳақида сўраганларида, “Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган” дедилар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « زَكَاةُ الْفِطْرِ طُهْرَةٌ لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ وَطُعْمَةٌ لِلْمَسَاكِينِ مَنْ أَدَّاهَا قَبْلَ الصَّلاَةِ فَهِىَ زَكَاةٌ مَقْبُولَةٌ وَمَنْ أَدَّاهَا بَعْدَ الصَّلاَةِ فَهِىَ صَدَقَةٌ مِنَ الصَّدَقَاتِ ».

“Фитр садақаси рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ножоиз ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомдир. Ким уни ҳайит намозидан олдин адо қилса, у фитр садақаси бўлиб қабул бўлади. ким уни намоздан кейин адо қилса, фақат оддий бир садақа бўлиб қолади”

Фитр садақаси ҳуру қул, эркагу аёл, ёшу қари, бою камбағал, ҳамма-ҳаммага вожиб бўлади. Пули ва моли нисобга етган кишигина фитр садақасини бериш вожиб бўлади.

Султонмаҳмудов Абдулмажид 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси