Яратилиш санаси 17.04.2023

ҚАДР КЕЧАСИДА ФАЗИЛАТЛИ АМАЛЛАР

Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга  йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:  “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Ойша разияллоҳу анҳо онамиз “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сиз: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, яъни, “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин” деб айтинг”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Қадр кечасини нафл ва қазо намозлар, зикру тасбиҳлар, Қуръон тиловати, китобхонликлар каби савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб ибодатимиз сўнгида Аллоҳ таолога дуо-тазаррулар қилиб, Рамазон ойидан гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишимиз ва барча эзгу мақсадларимизга эришишимиз каби ҳожатларимиз ҳамда Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, ҳар хил бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашини Аллоҳдан сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди)” (Имом Табароний ривояти). 

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир. 

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.

Рашидов Аброрхўжа 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими