Яратилиш санаси 17.04.2023

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга  йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар: “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: “Бу сизнинг умматингиз ажабланган нарсадан афзалдир”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва атрофларидаги саҳобаи киромлар жуда хурсанд бўлдилар.

Демак, Қадр кечаси учун алоҳида бир тўлиқ сурани нозил бўлиши – бу кечанинг нақадар улуғ эканига далолат қилади. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:  “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким уннинг яхшилигидан маҳрум бўлса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари). 

Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўтказкан киши 83 йилу тўрт ой тўхтовсиз ибодат қилганни савобини олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин! 

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар: 

 “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари). 

Азизлар! Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Сабаби, бандалар Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида имкон қадар кечаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруълар билан ўтказиб, дунё ва охиратларига тегишли барча нарсаларни бундай дуолар ижобат бўладиган кунларда сўраб олсинлар.

Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Лайлатул қадрни қайси кеча эканини сўраганларида Рамазон ойининг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: 

“Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларидан изланглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Қадр кечаси ҳақидаги далилларни ўрганиб чиққан уламоларимиз Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси (йигирма олтинчидан йигирма еттинчига ўтар кечаси)ни Қадр кечаси эканига баъзи ишоралар борлигини баён қилганлар. Шунингдек, Қадр сурасининг тафсирида ҳам қадрнинг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишоралар борлигини айтганлар. Масалан, Қадр сурасида “Лайлатул Қадр” калимаси уч бора қайтарилган. Аслида араб тили фасоҳати қоидасига кўра бундай вазиятда замирлар (олмошлар) ишлатилиши керак эди. Лекин Қуръони карим биз билган ҳар қандай нисбий  қонуниятлардан устун туради. Буни билган уламолар айнан ушбу “Лайлатул Қадр” калимасининг уч марта қайтарилиши бежиз эмас, дейишиб, ундан айрим ишораларни чиқариб олдилар: Араб ёзувида “Лайлатул Қадр” калимаси тўққиз ҳарфдан иборат. Унинг уч марта қайтарилиши эса бу ҳарфларнинг йиғиндиси йигирма еттига тенг эканини билдиради. Бу билан Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканига ишора бўлмоқда, дейдилар. 

Яна бундан ташқари ушбу сура ўттизта калимадан ташкил топган. Бу калималарнинг йигирма еттинчиси “هِيَ ” яъни “У” олмошидир. Ушбу олмошдан “Лайлатул Қадр” ирода қилинган. Демак, бу ўринда ҳам Қадр кечасининг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишора бор дейилган.

Шундай экан, мусулмон киши рамазон ойининг охирги ўн кунида жидди-жаҳд билан ибодат қилиши, хусусан 27 кечада эса бошқа кунга нисбатан янада шижоат ила ибодатга берилмоғи керак бўлади. Шояд, Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ила минг ойдан яхшироқ бўлган кечани топишга барчамизни муваффақ қилса!

Насритдинов Ривожиддин

билим юрти Ёшлар билан ишлаш, 
маънавият-маърифат бўлими бошлиғи