Яратилиш санаси 07.07.2021

Миссионерликнинг олдини олиш

Миссионерлик таҳдид экан, унга қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини олдини олиш энг устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мазкур ҳаракатлар тақиқланиб, бундай фаолият билан шуғулланганларга тегишли огоҳлантириш ва жазо чоралари белгилаб қўйилган. Жумладан, амалдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга биноан “Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти - ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки миссионерлар «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунимизни нодемократик деб даъво қилишади. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасиданоқ уни ишлаб чиқишда демократик тамойилларга асослангани қайд этилган. Айни пайтда, ҳар бир холис фикрлайдиган, тафаккури соғлом, дунёқараши ғараз мақсадлардан холи инсон мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” ҳамда “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт” каби халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган ҳужжатлари руҳига тўла мос келишини ушбу ҳужжатлар матнини қиёслаб ҳам билиб олиши мумкин.

Қайд этилган фикрлар ҳам турли нашрлар ва интернет орқали янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунимизнинг гўёки, нодемократик характери ҳамда Ўзбекистонда черковлар ноқонуний равишда ёпиб қўйилаётгани ҳақида жар солаётган миссионерларнинг даъволари асоссиз эканини кўрсатади. 

Бугунги кунда жуда кенг миқёс ва кўлам касб этган, инсон ва жамиятнинг тинч ва осуда  ҳаёти ҳамда тараққиётига таҳдид туғдираётган  миссионерликка қарши кураш, унинг олдини олиш ўзларининг асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга мамлакатлар учун энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада тизимли ишлар,  миссионерлик ҳаракатларни содир этмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Бу курашнинг моҳияти фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилида  ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Хўш, жаҳолатнинг ўзи нима? Жаҳолат – арабча “жаҳила” феълининг ўзаги бўлиб, билмаслик маъносини англатади. Бугунги кунда жаҳолат турли кўринишларда ўзлигини намоён қилмоқда. Диннинг асл моҳиятини тушунмаслик, инсон ва жамият ҳаётидаги ўрнини тўғри баҳолай олмаслик шундай билимсизлик кўринишидир. Миссионерликнинг мазмуни, у билан шуғулланаётган йўналишлар ва секталарнинг мақсад-муддаолари, бундай ҳаракатлар келтириб чиқарадиган оқибатларни билмаслик ҳам унинг ўзига хос шаклларидан бири ҳисобланади.

Қайд этилган йўналишларда фуқароларимизнинг чуқур билимларга эга бўлишларига эришиш,  таълим  муассасаларида  ёшларга дин ҳақида илмий асосланган билимлар бериш, диний қадриятлардан маънавий-маърифий мақсадларда фойдаланиш миссионерликнинг олдини олишга мустаҳкам замин яратади. Воқелик бу борадаги ишларни мунтазам асосда такомиллаштиришиб боришни талаб этаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Миссионерликнинг асл моҳиятини очиб ташлаш, унинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳақида гап кетар экан, бунда доимий ва узлуксиз тарғибот учун замин яратадиган маънавий-маърифий тадбирлар ўзига хос ўринни эгаллайди. Уларни ташкил этишда тадрижийлик ва таъсирчанликни таъминлаш баробарида масалага комплекс ёндашувга эътибор бериш, яъни бирор-бир ижтимоий қатлам ёки ташкилот, муассаса жамоасининг бундай тадбирлардан четда қолмаслигига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, тажриба айнан эътибордан четда қолган ижтимоий гуруҳлар ва жамоалар фаол миссионерлик ҳаракатларининг объектига айланишини кўрсатади.

Одамлар онги ва қалбида маърифатнинг мутлақ устувор бўлишига эришиш кишилар тафаккурини бойитиш, уларда соғлом ва собит эътиқодни шакллантириш, бу йўлдаги назарий ва амалий ишларнинг ҳозиржавоблигини таъминлаш, таъсирчанлигини оширишни ҳам тақозо этмоқда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, одамнинг ўз мустақил фикрига, собит эътиқодига, ўзи таяниб яшайдиган ҳаётий-миллий қадриятлар, шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлиши  турли шаклларда, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишда содир этиладиган тазйиқларига бардош беришининг асосий шарти ҳисобланади.

Абдулносир Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси