Яратилиш санаси 05.04.2023

Мотивацияни “вайрон қиладиган” одатлардан қутулишнинг 7 оддий чораси (1-қисм)

Бирор машғулот билан шуғулланиш учун хоҳишнинг етишмаслиги сизда мотивация етарли даражада ишламаётганлигидан далолатдир. Бу муаммони аниқ мақсадлар қўйиш, фойдали одатларни шакллантириш ва ҳаттоки, гавдани тўғри тутиш орқали ҳам бартараф қилиш мумкин.

Мотивациянинг етишмаслиги нафақат иш жараёнини, балки шахсий ривожланишни секинлаштириши ва ҳатто бошқалар билан муносабатларни ҳам бузиши мумкин. Агар сиз иштиёқ йўқолаётганини ҳис қилсангиз, бунинг асосий сабабини аниқлаш жуда муҳимдир. Кўпинча бу еттита омилдан бири бўлиши мумкин.

1. Нимани хоҳлаётганлигини билмаслик

«Сиз нима истайсиз?» — бу оддий савол бўлиб, у ҳар қандай мотивацион нутқда биринчилардан бўлиб эшитилади. Афсуски, кўпчилик бу саволга аниқ жавоб бера олмайди. Ана шунда ўзингизга бошқа саволлар беришга ҳаракат қилинг: «Менга қандай натижа керак?», «Агар ҳамма нарса режага мувофиқ бўлса, менинг ҳаётим қандай бўлиши керак?» Жавоблар уларни амалга ошириш учун қилиниши керак бўлган истак ва қадамларни аниқлашга ёрдам беради. Бунинг нима эканлигини билмасангиз, мотивацияни топиш қийин. Ушбу қоида қарама-қарши йўналишда ҳам қўлланади. Биз нимага муҳтож эканлигимизни тушунганимизда ва мақсадларимиз ва интилишларимизни батафсил тасвирлаб берганимизда, илҳом ўз-ўзидан пайдо бўлади.

Футбол мухлисидан унинг севимли жамоаси ҳақида сўранг. У бу саволга жавобан клубнинг барча ўйинлари, ўйинчиларнинг позициялари ва эҳтимол, неча йиллар олдинги ўйиннинг икир-чикир тафсилотларигача айтиб бериши мумкин. Агар сиз ўша одамдан ўзи ҳақида сўрасангиз, у кеча нонуштада нима еганини ҳам эслай олмайди. Бу тафаккур етишмаслиги эмас, балки эътиборсизлик натижасидир.

Қандай бартараф этиш мумкин? Ҳар бир йўналишда аниқ мақсадларни белгилаб олинг: соғлиқни сақлаш, молия, ўз-ўзини ривожлантириш, иш, муносабатлар. Кундаликларга истакларни ёзиб, уларни қандай амалга ошириш ҳақида режа тузган маъқул. Кўрасиз, мотивация сизни кўп куттирмайди... давоми бор.

Юсуфхон Шодиев

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси