Истиғфорнинг самараси
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бегона юртга сафарга борди ва бир масжидга кириб тунаб қолмоқчи бўлди. Эндигина уйқуга кетаётган эди қоровул келиб, масжиддан чиқишини айтди. Имом Аҳмад ҳар қанча илтимос қилса ҳам қоровул кўнмади. Ундай бўлса, масжиднинг эшиги олдида ухлайман, – деди Имом Аҳмад.
Қоровулнинг жаҳли чиқиб, Имом Аҳмаднинг оёғидан судрай бошлади. Шу пайт масжид ёнидан бир новвой ўтиб қолди ва можарога гувоҳ бўлди. Можаронинг сабабини аниқлагач, тунаб қолиш учун Имом Аҳмадни ўзи билан уйига олиб кетди.
Имом Аҳмад уй эгасининг ҳамир қораётганини кўриб, унинг новвой эканини билди. Новвой тинмай истиғфор айтар эди. Шунда Имом Аҳмад новвойдан: “Шунчалик кўп истиғфор айтар экансиз, истиғфорингизни самарасини кўряпсизми?” деб сўради.
Новвой: “Албатта, Аллоҳдан нимани сўрасам беряпти. Фақат биргина тилагимни бергани йўқ”, деди.
– У нима эди? – деб сўради Имом Аҳмад.
– Замонамизнинг алломаси Имом Аҳмад билан бир марта бўлса ҳам ҳамсуҳбат бўлсам дегандим, деди новвой. Шунда Имом Аҳмад: “Мана, мен, Аллоҳ таоло сени истиғфоринг туфайли ҳузурингга мени оёғимдан судраб келтирди”, деди.
Умаров Раҳматуллоҳ
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси