Диний экстремизм ва тероризим жамият барқарорлигига таҳдиди.
Ҳозирги кунда экстремистик ва террористик оқимлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида турли йўллардан фойдаланмоқдалар. Айниқса, хозирда ахборот алмашинуви жадал суратда амалга оширилмоқда. Интернет тармоқлари орқали ҳам турли хил ғаразли мақсадларга эга бўлган маълумотлар тарқатилмоқда. Айни пайтда ахборот хуружидан ҳимояланишлик долзарб масалалардан бири бўлмоқда. Маънавий таҳдид деганда, дини, эътиқодидан қатъий назар, ҳар қайси одамнинг эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан маънавий-руҳий дунёсини издан чиқариш мақсад қилинган мафкуравий хуружлар тушунилади.
БМТ Ахборот маркази маълумотларига кўра, аҳолининг интернет билан қамралганлиги даражаси бўйича Исландия дунёда етакчилик қилмокда. Бу мамлакатда аҳолининг 95 фоизи интернетдан фойдаланади. Йирик мамлакатлар орасида Германия энг катта кўрсаткичга эришган. Бу ерда аҳолининг 83 фоизи интернетдан фойдаланади. АҚШда бу кўрсаткич 77,9 фоиз, Россияда 49 фоиз ва Хитойда 38,3 фоиз. Гвинея, Нигер, Сомали, ДРК, Бурунди, Эфиопия, Мьянма ва Тимор-Леште давлатларида эса интернетдан фойдаланувчилар аҳолининг 1 фоизга яқинини ташкил зтади.
Маълумотларга кўра, хозир интернет сайтлари сони 270 миллиондан ортиқ. Энг оммавий қидирув тизимларидан бири Google сайти захирасида 40 миллиард саҳифага яқин ахборот сақланади.
Ха, интернет хаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаб улгурди. Бу яхши, албатта. Аммо у билан бирга ҳаётимизга "интернетга асирлик ёки боғланиб қолиш” тушунчаси хам кириб келди. Кўпгина ривожланган мамлакатларда бу ҳол катта ижтимоий муаммога айланган. Маълумки, янги технологиялардан фойдаланувчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Айримлари виртуал олам ичига шу даражада шўнғиб кетишдики, натижада реал воқеликдан виртуал оламни афзал кўра бошлашди. Бундай одамларда интернетдан узилиш улкан хавотир ва асабий холатни келтириб чиқаради.
Айрим ёшларимизнинг ижтимоий тармоқ сахифаларида турли мақсадлар билан кечаю-кундуз кезишлари, бир оз ёши кичикроқларнинг эса на ўзига, на ўзгага бир фойдаси тегадиган, тарбияга салбий таъсир этувчи ҳар хил ўйинлар билан вақт ўтказиши ҳақида бугун кўп гапирилмоқда. Албатта, биз бугун уни қоралаб, буни оқлаб, улғайиб келаётган ёш авлод учун фақат яхшисини илинар эканмиз, бу жараёнда юзага келадиган бўшлиқни фақат фойдали маълумотлар, хайрли машғулотлар билан тўлдиришимиз керак. Демак, турли хорижий ижтимоий сайтлар ўрнига ўзимизнинг миллатимиз менталитетига хос, динимизга мос миллий-маънавий қадриятларимизни мужассам этган ва албатта, уни кенг тарғиб эта оладиган, халқ эътиборини жалб этувчи сайтларни кўпайтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу иш келажакнинг эмас бугуннинг энг муҳим ишидир.
Эътиборли диний уламолар ўрнини мутаассиб кайфиятдаги кишилар эгаллашга интилиб ва улар томонидан ислом асослари бузиб талқин қилина бошлади;
Ахолининг ислом динига бўлган қизиқишидан фойдаланиб, халқаро экстремистик марказлар томонидан минтақада диний мутаассиблик руҳидаги адабиётларни тарқатиш кенгайтирилди;
Дин ниқоби остида фаолият олиб борувчи, аслида, айрим давлатларнинг ғаразли геосиёсий ва геостратегик интилишлари натижаси ўлароқ шаклланган, қўпорувчилик мақсадини кўзлаган турли оқим ва йўналишларга мансуб хорижий даъватчилар минтақага ўз ғояларини олиб кира бошлади.
Диний экстремистик оқимларнинг жамият барқарорлигига таҳдиди қуйидагиларда намоён бўлади:
Ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш. Бунинг учун аҳоли ичида ва хорижий ахборот воситаларида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, жумладан, диний сиёсат, имомларнинг фаолияти орқали иғво маълумотлар тарқатилади ҳамда яширин гуруҳлар тузилиб, улар томонидан мутаассиблик руҳидаги диний ташвиқот юритилади ва натижада ижтимоий-сиёсий вазиятнинг беқарорлашув юз беради.
Динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш. Мутаассиб кучлар турли халқлар, ҳаттоки, цивилизациялар орасидаги ўзаро ишонч ва тинчликка раҳна солиш билан бир қаторда, бошқа диндагиларга нисбатан кескин ва салбий муносабатда бўлишга чақирадилар.
Аҳоли орасида ислом дини таълимотларига зид ғояларни тарқатиш. Бунда муқаддас ислом динидаги “шаҳид”, “жиҳод” каби тушунчалар ўзларининг ғаразли манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилинади. Бундай талқин динимизнинг гўёки, ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкишга асослангани ҳақидаги нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлади.
Ёшларнинг фаол ижтимоий куч экани уларнинг турли мафкуравий таъсир ва тазйиқларнинг бош объектига айланишига олиб келди. Бунда уларнинг жамиятнинг ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган, ташқи таъсирларга тез берилувчан ва, айни пайтда, энг харакатчан қатлами экани инобатга олинмоқда.
Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларда диний маълумотнинг етишмаслиги, уни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиш ҳамда ишонувчанлик, бирданига ва хамма нарсага (бойлик, шон-шухрат, мартаба ва х.к.) эга бўлишга харакат қилиш, илмий тилда айтганда, максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. Ёшларнинг диний экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб, турли террорчилик амалиётлари иштирокчисига айланиб қолишларининг асосий сабаби, уларнинг на диний, на дунёвий билимга эга эмасликлари, соф ислом таълимотини билмасликларидир.
Ёшлар уларнинг руҳий хусусиятларини, яхши биладиган ва ўз ғаразли мақсадлари йўлида улардан усталик билан фойдаланаётган, ҳалифалик тузсак, барча муаммоларимиз ҳал бўлади, деб юрган ҳизбчилару, ота-боболаримиз мазҳабга амал килиб адашганлар, деган даъвони тарқатаётган саводсизларнинг сафсаталарига учиб, алданиб қолмокдалар, ўз хаётларини хатарга қўймоқдалар, ўз жонларига қасд қилмоқдалар.
Музаффар Муҳиддинов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси