Яратилиш санаси 22.05.2023

Илм фазилатлари

Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган қуйидаги сўзлари илмнинг фазилатли эканига очиқ далилдир: «Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.» (Оли Имрон, 18).

Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англашга кифоя қилади.

Аллоҳ таоло яна айтади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг. Аллоҳ таоло: «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб айтган (Зумар, 9)».

Яна Аллоҳ таоло айтади: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир, 28). Раъд сурасида айтилади: «Кофир бўлган кимсалар (Сизга): «Пайғамбар эмассан», – дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб (Қуръон) илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳлик бўйича кифоя қилур» (43). 

Яна Аллоҳ таоло Намл сурасида айтади: «Китобдан (Исми аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: «Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман», – деди» (40). Бу оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг котиблари илм қуввати билан мазкур ишга қодир бўлганини таъкидламоқда.

Қасос сурасида айтади: «Илм ато этилган кишилар (руҳонийлар) эса: «Ўлим келсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку!» (80). Бу оятда ҳам Аллоҳ таоло охиратдаги ажр-мукофотнинг буюклиги илм билан бўлишини баён этяпти.

Анкабут сурасида айтади: «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (43).

Аъроф сурасининг 52-оятида бундай дейилади: «Уларга (кофирларга) ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи) сифатида Ўзимиз муфассал баён қилган Китоб (Қуръон)ни илмий асосда келтирдик».

Аллоҳ азза ва жалла яна айтади: «Уларга, албатта, (қилмишларини) билган ҳолда сўзлаб берурмиз. Биз ғойиб эмасмиз» (Аъроф, 7); «Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларида (ёд бўлгувчи) аниқ-равшан оятлардир» (Анкабут, 49); «(У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди» (Раҳмон, 3–4).

Аллоҳ таоло бу оятларда илмни неъмат ўлароқ зикр қилди. Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир».Маълумки, Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади».Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради».Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки хислат борки, (улар) мунофиқда ҳаргиз бўлмайди: чиройли хулқ ва динда фақиҳлик».

Замонамиздаги баъзи фақиҳларнинг мунофиқлигини кўриб, бу ҳадисга шубҳа билан қарама. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен гумон қилган маънони ирода этмаганлар. Фиқҳнинг маъноси энди келади. Фақиҳликнинг энг паст даражаси охират диёри бу дунёдан яхшироқ эканини билишдир. Агар бу маърифат фақиҳда тасдиқ топса, нифоқ ва риёдан халос бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Одамларнинг афзали ҳожат тушса, фойда берадиган, беҳожат бўлинса, ўзига фойда берадиган имонли олимдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Имон яланғочдир, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Пайғамбарлик даражасига энг яқин одамлар илм ва жиҳод аҳлидир. Илм аҳли Пайғамбарлар келтирган таълимотларни одамларга етказадилар. Жиҳод аҳли эса, Пайғамбарлар келтирган таълимотларнинг ҳимояси учун қиличлари билан жанг қиладилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир қабиланинг ўлими бир олимнинг вафотидан енгилроқдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби кондирлар. Жоҳилиятда яхши бўлганлари Исломда ҳам яхшидирлар, агар тушунсалар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимдан ким қирқ ҳадисни одамларга таълим бериш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимдан қай бири қирқ ҳадисни ёд олса, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурига фақиҳ-олим бўлиб боради».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Иброҳимга алайҳиссалом ваҳий қилиб: «Эй Иброҳим! Мен олимман (билувчиман) ва ҳар бир билувчини яхши кўраман», деди».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Аллоҳнинг динида олим-фақиҳ бўлса, Аллоҳ унинг қайғу-аламини кетказиб, ўйламаган томонидан ризқлантиради».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олим Аллоҳнинг ер юзидаги ишончли кишисидир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимда икки тоифа борки, агар улар яхши бўлса, одамлар яхши бўлади, бузилса, одамлар ҳам бузилади. Улар амирлар ва фақиҳлардир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илмни зиёда этмайдиган куннинг қуёши чиқишида мен учун барака йўқ».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмнинг шаҳидлик ва обидликдан афзаллиги ҳақида марҳамат қилиб айтадилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир».

Қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни набийлик даражасига яқин қўйиб, илмсиз қилинган амалдан устун кўрдилар. Агар обид қилаётган ибодати ҳақида илмга эга бўлмаганида, ибодати давомли бўлмас эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги Бадр кечасида (ўн тўрт кунлик) ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни уч тоифа кишиларда: Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидларда шафоат қилиш ҳуқуқи бўлади».

Шаҳидлик мақомидан юқори, Пайғамбарлик мартабасидан кейин турувчи илм мақоми нақадар улуғ!

Уламолар илм фазилатлри хақида айтадилар: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: «Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса», деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам шу маънодаги ривоят нақл қилинган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ «Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), оятини шундай тафсир қиладилар: «Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир».

Зубайр ибн Абу Бакр айтадилар: «Отам Ироқдан менга ёзган бир мактубида шундай деб насиҳат қилган эди: «Илм ўрган, зеро, фақир чоғингда у мол, бой вақтингда жамол – зийнатдир».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сен олим, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан».

Тобеинлардан Ато ибн Абу Рабоҳ айтадилар: «Бир илм мажлиси лаҳв-беҳуда мажлислардан етмиштасига каффорат бўлади».

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кундузлари рўзадор, кечалари қойим-бедор бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир».

Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса, унинг ақли ва фикрида ноқислик бор экан».

Йўлдошев Муслимбек

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти талабаси