Поклик ва унинг мартабалари
Поклик арабча “таҳорат” сўзидан олинган. “Таҳорат” сўзи ўзбекчада «покланиш, тозаланиш, озодалик» маъноларини билдиради. Шариатда эса намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан муайян аъзоларни сув билан ювиб тозалаш «таҳорат» дейилади.
Биз шариат истилоҳидаги таҳорат калимасини ҳам қамраб оладиган поклик мавзусида баъзи маълумотларни тақдим қиламиз.
Имом Ғаззолий роҳимуҳуллоҳ айтганлар: “Покликнинг бир неча даражалари бор. Улардан бири инсон зоҳири (бадани ва кийими)ни ҳақиқий ва ҳукмий бетаҳоратликдан поклаш. Ундан кейинги даражаси тана аъзоларни гуноҳлар қилишдан поклаш. Ундан кейинги даражаси қалбни ёмон ахлоқлардан поклаш. Ундан кейинги даража инсон ички дунёсини Аллоҳдан бошқасидан поклаш”.
Имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ санаб ўтган поклик даражаларининг аввалгиси шариат истилоҳидаги “таҳорат” га кўпроқ мувофиқ келади. Ушбу поклик санаб ўтилган покликнинг энг қуйи даражаси. Мазкур даражага Аллоҳ таоло ва унинг расули кўплаб мукофот, савоблар ва гуноҳлар кечирилиши борлигини айтган.
Гуноҳлар кечирилиш. Таҳорат сағира гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда таҳоратнинг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилинади: Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таҳорат олсаю таҳоратини чиройли қилса, унинг хатолари жасадидан, ҳатто тирноқлари остидан ҳам чиқиб кетади», дедилар».
Таҳорат иймоннинг ярми. Набий алайҳиссалом бир ҳадисларида “поклик (таҳорат) иймоннинг ярмидир” дедилар. Уламолар бу ҳадисни, иймон инсоннинг кабира ва сағира гуноҳларига каффорот бўлса, таҳорат сағира гуноҳларига каффорот бўлади, шу жиҳат эътиборидан поклик (таҳорат) иймоннинг ярми бўлади, деб шарҳлашган.
Аллоҳ таоло покланувчиларни яхши кўриши. Аллоҳ таоло тавба сураси 108-оятида: “Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар”, деган.
Мазкур оят таҳоратни мукаммал қиладиган қавм ҳақида нозил бўлган. Ана шу қавм баъзи ривоятларга кўра Қубо аҳли, бошқа ривоятларга кўра эса Мадинадаги ансорлар эканлиги ворид бўлган.
Покликнинг кейинги даражаси тана аъзоларни гуноҳлардан тийиш. Бу борада жуда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Бу даража инсон ташқи қисми (бадани ва кийими)ни поклашдан юқори туради. Унга бериладиган мукофот ҳам зиёда бўлади.
Учинчи даража яъни “қалбни ёмон ахлоқлардан поклаш” эса иккинчисидан афзал. Ички, қалб амаллари дин мезонининг амал палласини оғир қилади, у ташқи аъзолар амалларидан афзалдир.
Биринчидан, қабул асоси бўлган ички амал ҳамроҳ бўлмаган ташқи амал ёлғиз Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлмас. У эса ниятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Амаллар ниятлар биландир”. Ниятдан мурод шахсий ва дунёвий рағбатлардан холи бўлган ҳолда Аллоҳ таоло учун холис бўлишдир.
Иккинчидан, қалб инсоннинг моҳияти, унинг салоҳиятининг ёки унинг бузилишининг ўзагидир. Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ тўпламида келади: “Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у яхши бўлса жасад ҳам яхши, агар у бузилса жасад ҳам бузилади. У қалбдир”.
Аллоҳ таоло шуаро сурасида: “У кунда на молу-давлат ва на бола-чақа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келган кишиларгагина (фойда берур)”, деган.
Тўртинчи даража бу энг катта мақом бўлади. Бу даражага бериладиган мукофот ва савоб бошқа даражага бериладиган савоб ва мукофотдан чандон-чандон ортиқ бўлади.
Уламолар айтишган: “Ҳақиқий ихлос фикрни махлуқлар мулоҳазасидан холи қилиш”, яъни, бир қурбат амални бирор инсон ёки бошқа учун эмас, фақат Аллоҳ учун қилиш деган маънода.
Аллоҳ таоло бизларни ташқи тараф – кийими ва баданини ҳамда ички тараф – қалбни поклайдиган ихлосли бандалардан қилсин.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси