Яратилиш санаси 23.05.2023

Аллоҳнинг калом сифати

Ҳозирги кунда Сохта салафийлар Аллоҳ таоло ҳам биз бандаларга ўхшаб ҳарф ва овоз ёрдамида гапиради, демоқда. Ваҳоланки, Аҳли сунна вал жамоа – Мотуридий ва Ашъарий эътиқодида Аллоҳ таолонинг бирор-бир сифати ҳақиқати (моҳияти)да ҳам, кайфияти (кўриниши)да ҳам бандаларнинг сифатларига ўхшамайди. 

Бу ҳақида мўътабар “Фиқҳул акбар” китобида қуйидаги жумлалар келтирилган: Аллоҳ таолонинг барча сифатлари яратилганларнинг сифатларидан ўзгачадир. Унинг билиши бизнинг билишимиз каби эмас, қудрати бизнинг қодирлигимиз каби эмас, кўриши бизнинг кўришимиз каби эмас, эшитиши бизнинг эшитишимиз каби эмас. Биз воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситалар ва ҳарфларсиз гапиради (яъни, уларга муҳтож эмас). Ҳарфлар яратилгандир, Аллоҳ таолонинг каломи яратилган эмасдир.

Демак, юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик таълимотига кўра, Аллоҳ таолонинг эшитиш, кўриш, гапириш ва шу каби сифатларини яратилганларнинг сифати каби деб тушунмаслик керак. Зеро, яратувчи билан яралмишнинг сифатлари асло бир хил бўлмайди. Аллоҳ таолонинг сифатлари унинг илоҳлигига хос ва мос бўлади. Аллоҳ таоло сифатларининг моҳиятини Аллоҳнинг Ўзига топширамиз. Мана шундай қилиш саҳобаи киромлар ва салафи солиҳинларимизнинг йўлларидир. Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида чуқур кетиб улар борасида баҳс қилиш эса бидъатчи кимсаларни йўлидир. Бу ҳақда улуғ аждодимиз Абул Муъин ан-Насафийнинг "Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” китобларида ҳам атрофлича маълумотлар келтирилиб, адашган тоифаларга раддиялар берилган.

Шунингдек , Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли бидъатлар – Аллоҳ таолонинг исм-сифатлари, каломи, илми ва қудрати ҳақида гапирадилар, саҳобаи киромлар ва уларга эргашганлар тилини тийган нарсалардан тийилмайдилар” деганлар.

Олимхон Исақов

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси