Яратилиш санаси 26.05.2023

Фатво китоблари

1. Фатавои Татархония.

Бу китобнинг муаллифи Фарийдуддийн Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий Ҳанафийдир. У киши ҳижрий 786-йилда вафот этган. Муаллиф ўз китобини ўша замонда катта амирлардан бўлган оғайниси Татархонга бағишлаган ва «Татархония» деб номлаган. Бу китобни муаллиф ҳанафий фиқҳи бўйича ўттиздан ортиқ китобдан жамлаган. 

«Фатавои Татархония»нинг аввалида Фарийдуддийн Олим ибн Алаа Андиритий Деҳлавий Ҳиндий ҳанафий илм ҳақида боб келтирган ва ундан кейин «Ҳидоя»нинг тартиби бўйича фатволарни тақдим қилган. Бу китобнинг иккинчи номи «Зодул Мусофир» бўлган. Муаллиф ўзининг бу китобини ҳижрий 777-йилда ёзган.   

2. «Ал-фатаво ал-кубро».

Муаллиф Содрул Кабийр Ҳисомуддийн Умар ибн Абдулазиз Ҳанафий (ҳижрий 536-санада вафот қилган).

Муаллиф китобнинг муқаддимасида фақиҳ Абу Лайснинг «Навозил»и, Абул Аббос Нотифийнинг «Воқеъот»и, имом Муҳаммад ибн Фазлнинг ва аҳли Самарқанднинг фатволарини жамлашга ҳамда ўзига тушган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилажагини таъкидлаган. Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи мазкур китоблардан олинган фатволарни маълум ҳарфлар билан белгилаб борган. Бу китобни тартибга солган, мухтасар қилган уламолар ҳам кўп бўлган.

3. Ал-фатаво ал-Баззозия.

Муаллиф имом Ҳофизуддийн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Шиҳоб Баззоз Кардарий Ҳанафий (ҳижрий 828-санада вафот этган). Бу китобнинг иккинчи номи «Ал-жомеъ ал-важиз».

Имом Баззоз раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида турли китобларда келган муҳим фатволарни жамлаган. Далили кучли бўлган фатволарни кўрсатиб ўтган. Уламолар бу китобга суянса бўлишини таъкидлаганлар. Ҳижрий 812-йилда ёзиб битирилган. 

Абу Саъуд Муфтийга, нима учун муҳим масалаларни жамлаб битта китоб таълийф қилмайсиз, дейилганда, «Мен «Баззозия»нинг соҳибидан уяламан.  Унинг китоби мавжуд. У шарафли бир мажмуъа бўлиб, унда барча муҳим масалалар бор», деган.

4. «Ал-фатавий ал-Оламгирия».

Заҳириддийн Муҳаммад Бобурнинг набираларидан бўлган Султон Муҳйуддийн Ўрнак Зеб Оламгир Ҳиндистонга подшоҳ бўлганда Исломи дийни учун ўта жонкуярлик қилган. У имом Роббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсумга қўл бериб, аҳли сулуклардан бўлган ва мусулмончилик учун ўта фойдали жуда кўп ишларни қилган.

Султон Муҳйуддийн Ўрнак Зеб Оламгир барча юртларда шариат қонунларига амал қилиш йўлида қозиларга енгиллик яратиш учун фиқҳий масалаларни тартибга солиш ва уларни янгича услубда ёзиб чиқишга амр қилди. 

У бу ишни амалга ошириш учун ўша вақтнинг кўзга кўринган уламоларидан бир гуруҳ тузди. Мазкур уламолар осон ва равшан иборалар ила фиқҳий масалаларни янгича тартибга солишлари керак эди. Масалаларни олишда зоҳирур ривояга суяниш, зарурат бўлмаса, «наводир»га қарамасликка келишилди. Шунингдек, масаланинг қайси китобдан олингани ҳақида маълумот келтириладиган бўлди. 

Султон Муҳйуддийн Ўрнак Зеб Оламгир бу уламолар гуруҳига шайх Низомиддийн Бурҳонпурийни раис этиб тайин қилди. У киши ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган алломаларидан йигирма кишини танлаб олди. Машаққатли уринишлардан кейин катта олти жилдли ажойиб илмий асар дунёга келди. 

Султон Муҳйуддийн Ўрнак Зеб Оламгир бу иш учун икки юз минг рупия сарфлади. Бу ўша вақт ҳисоби бўйича жуда катта маблағ эди. 

Бу улкан илмий асарнинг икки исми бор. Уни Ҳиндистон ва унга яқин минтақаларда «Ал-фатавий ал-Оламгирия» деб атайдилар. Бунда, албатта, Султон Муҳйуддийн Ўрнак Зеб Оламгирга бўлган эҳтиром ва тақдир ўз аксини топган. Бу улкан фиқҳий асарни Миср, Шом ва Туркияда «Ал-фатавий ал-Ҳиндия» деб  атайдилар.

«Ал-фатавий ал-Оламгирия»нинг муқаддимасида ёзилишича китобнинг тартиби Бурҳонуддийн Марғилонийнинг «Ҳидоя»си тартибига мос қилинган. Бошқа китоблардаги такрор ва зиёдаларни тарк қилинган. Далил ва ҳужжат келтиришга ўтилмаган. Фақат изоҳга ҳожат тушгандагина, далил зикр қилинган. Асосан, зоҳирур ривоя ила кифояланган. Қайси китобдан иқтибос олингани ёзиб борилган. Уларнинг иборалари ўз ҳолида қолишига эътибор берилган. Фақат зарурат юзасидангина жузъий ўзгартиш киритилган. Омонат юзасидан ўзгартирилмаган жумлаларга «казо», ўзгартирилганларга «ҳоказо» ила ишора қилинган. 

«Ал-фатавий ал-Оламгирия» ҳанафий фиқҳидаги энг мўътабар китоблардан бўлиб, ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари ҳам ўз асарларининг муқаддимасида бу улуғ асарга ўзларидан аввал ўтган жамоавий муаллифлар меҳнати сифатида катта баҳо берганлар.

Исмаилов Акрамхон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси