Ўқитувчининг педагогик ижодкорлигининг аҳамияти
Педагогик фаолиятда ҳам сифат муҳим аҳамиятга эга. Ўқитувчи меҳнатига фақат унинг ўз фаолиятига қанчалик даражада ижодий муносабатда бўлаётганлигини аниқлаш орқалигина холис баҳо бериш мумкин. Педагогик вазиятларнинг ранг-баранглиги, улардан келиб чиқадиган вазифаларни таҳлил этиш ва ечишга нисбатан турли ёндашувларни тақозо этади. Мутахассиснинг педагогик фаолияти кўп жиҳатдан янги педагогик технологияларни ижодий ўзлаштириб, улардан амалда унумли фойдаланишдан иборат. Ўз-ўзидан равшанки, бу ишни малакали ўқитувчигина уддалай олади. Аммо, ўқитувчининг педагогик технологияларни билиш даражасини педагогик маҳорат билангина боғлаш тўғри бўлмайди. Айни бир технологияни кўплаб педагоглар қўллаши мумкин, лекин жараён ҳеч қачон бир хил бўлмайди, натижалар эса талабаларнинг билим ва кўникмаларини олдиндан ташхислаш орқали кафолатланади. Ижод – бу мавжуд тажриба ҳамда янги билим ва кўникмаларнинг шаклланиши негизида янгилик яратиш билан боғлиқ фаолиятдир. Ижоднинг бир даражасига мавжуд билимлардан фойдаланиш ҳамда уларни қўллаш соҳасини кенгайтириш хос бўлса, бошқа даражага объектга нисбатан одатдаги муносабатни ўзгартирувчи мутлақо янги ёндашув вужудга келади.
Педагогик фаолият – бу муттасил ижод жараёнидир. Лекин бошқа соҳалар(фан, техника, санъат)даги ижоддан фарқли ўлароқ педагог ижодининг мақсади ижтимоий жиҳатдан янги ҳодиса яратиш эмас, балки шахсни ривожлантиришга қаратилади. Албатта ўз ишига ижодий ёндашадиган, новатор педагог ўз тажриба мактабини яратади, лекин мавжуд педагогик тажрибаларни ижодий ўзлаштиришга ҳар бир ўқитувчи интилиши лозим. Педагогик вазиятларни баҳолашдаги мустақиллик, тарбиянинг муайян шакл, восита ва усулларини танлай олиш, воқеалар қандай ривожланишини олдиндан кўриб, уларни мақсадга йўналтира билиш ижодий хусусиятга эга бўлган касбий маҳоратнинг муҳим қисми ҳисобланади. Айни вақтда педагогик ижоди шаклланаётган, ривожланаётган талаба шахси билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, ўз ўрнида мутахассиснинг бу борадаги имкониятлари вақт доирасида қатъий чекланган. Қоида тариқасида у бўлажак дарснинг оқилона методикасини тез тасаввур қилиши, лаҳзалар ичида янги қарор қабул қилиши лозим. Кўпинча вазиятни тез таҳлил этиш ва зудлик билан ҳаракат қилиш талаб этилади.
Педагогик ижоднинг муҳим жиҳати шундан иборатки, у доим изчил, ривожланувчи хусусиятга эга бўлиб, ўқитувчи ва талабаларнинг ўзаро ҳамкорлигига имконият яратади. Бунда педагогик онг ўқитувчида ўз билими ва малакасини муттасил ошириб бориш эҳтиёжининг мавжудлиги билан боғлиқ жуда кўп масалаларни ечиш учун калит бўлиб хизмат қилади. Мазкур тушунча ўқув режалари ва дастурларидан фойдаланган таълимнинг мақсадлари ва мазмуни, педагогик ғоялар ва услубларни амалий фаолиятининг муайян шарт-шароитлари билан таққослашни назарда тутади. Педагогнинг ўз маҳорати даражасини аниқлаши ижодий, новаторлик хусусиятига эга бўлган мустақил касбий ёндашувнинг шаклланиши учун мўлжал бўлиб хизмат қилиш лозим.
Ўқитувчи ўз фаолиятини такомиллаштириб, бошқа тайёргарлигини педагогик тафаккур ва онгнинг ўсишига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири деб ҳисоблаши мумкин. Шахсга ижодий мойилликнинг зарурлигининг педагог томонидан англангач, бу унинг шахс сифатида такомиллашувига замин бўлади.
Бунда психология ва педагогика фани ютуқлари, илғор амалиётни ўзлаштиришга мустақил интилиш, педагогик меҳнатнинг ижобий майллари, мавжуд тажрибаларни ижодий ўзлаштириш ўқитувчининг касбий ўсиши ва маҳоратига таъсир кўрсатадиган асосий омиллар ҳисобланади.
Агар педагог ижодкорлигининг ички асосларида бир қанча муҳим руҳий жараёнлар, чунончи, унинг шахсий ҳолатлари, интуицияси, зеҳни, ўзига танқидий муносабати, меҳнатсеварлигининг таъсири катта бўлса, педагог ижодининг таркибий қисмларига билим, дунёқараш, педагогик техника ва маданият киради. Ижоднинг таркибий қисмлари педагог шахси мазмуни ва моҳиятининг муҳим кўриниши ҳамдир. Педагог шахсининг маданияти ижтимоий қадриятларни яратиш натижаси ва жараёни ҳисобланади. Педагогнинг иш амалиётида касбий, маънавий ва муомала маданиятининг муштараклиги намоён бўлади. Педагогик ижод ва педагогик маданият узвий бўлиб, касбий маҳоратнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.
Ижодий ёндашув педагогик фаолият ривожланишининг турли босқичларда намоён бўлиши мумкин. Ўқитувчининг тафаккури мустақиллиги, мослашувчанлиги ва илғорлиги билан тавсифланади. У ривожланган педагогик кузатувчанлик ва ижодий зеҳнга суянади. Ушбу хусусиятларсиз педагогик санъат бўлиши мумкин эмас. Шундай қилиб, бу ўринда ҳам ижод педагогик маҳоратнинг бош омили сифатида тан олинади. Ижод кўпинча таълим-тарбиянинг турли шакл ва методлари касбий билим ва шахсий фазилатларни таълим жараёнида мумкин қадар самарали рўёбга чиқариш имконияти сифатида намоён бўлади. Педагогик ижод асосан субъект-субъект, ўқитувчи ҳамда талаба ҳамкорлиги шароитида амалга оширилади.
Бу ўз фаолиятини бошқара олиш, муомала тарзи ва оҳангини тўғри танлашда ифодаланади.
Педагогик маҳоратнинг шаклланишига шахснинг муайян туғма қобилиятлари, кундалик фаолият жараёнида ўз устида ишлаши натижасида шаклланган фазилатлари кўмаклашади. Педагогнинг чинакам мураббий, устоз даражасига кўтарилиши жуда узоқ давом этадиган, машаққатли жараёндир. Бунга эришиш учун кўп йиллар захмат чекиш зарур. Ўз ишининг устасига айланиш учун яхлит таълим-тарбия жараёни технологиясининг қонуниятларини ўзлаштириш лозим. Бу педагогга фикрлаш ва ҳаракат қилиш, педагогик ҳодисаларни таҳлил қилиш, педагогик муаммони кўра олиш, унга тўғри баҳо бериш ва уни ечишнинг оқилона усулларини топиш имконини беради.
Касбий билим ва кўникмалар, шахсий фазилатлар яхлит мажмуа сифатидаги педагогик маҳорат ўқув жараёнини самарали ташкил этиш имконини беради. Болаларнинг жамоавий ва индивидуал фаолиятини ташкил этиш технологиялари ёрдамида уларга билим бериш ва муайян кўникмаларни шакллантириш, бунинг учун зарур бўлган педагогик техникани ўзлаштириш педагогик маҳоратнинг таркибий қисмларидир. Педагогик маданият педагогик маҳоратнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланиб, унинг замирида педагогик ахлоқ, юксак маънавият, касбий ва шахсий муомала маданияти ётади. Шахс ва жамоага таъсир кўрсатиш усулларини самарали қўллаш учун зарур кўникмалар мажмуи сифатида муомала усули ва оҳангини тўғри танлаш ўқитувчи ўз-ўзини бошқаришига ёрдам беради.
Педагогика ва психологияда профессионализм, маҳорат ва новаторлик ўртасидаги фарқ диққатга сазовор бўлиб, Педагогика олий ўқув юртида шу йўналишдаги ишларни ривожлантириш тақозо этилади. Бунда педагогик ижоднинг юқорида кўрсатилган ҳар бир босқичига хос жиҳатларни аниқлашга ҳаракат қилиш лозим. Ривожланган педагогик онг ўқитувчига ўз иш услубини шакллантириш имконини беради. Новатор ўқитувчи педагогик борлиқни тубдан ўзгартириб, маҳоратининг юксак даражасига эришади. Новатор ўқитувчи – доим ривожланган тескари алоқа тизимини ва талабалар жамоасининг ривожланишини ташкил эта оладиган педагог-стратегдир. Юксак нутқ маданияти новатор педагог
фаолиятининг муҳим таркибий қисмини ташкил этади.
Юқорида айтганлардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, педагог ижоди ўқитишнинг марказида талаба турадиган педагогик борлиқни ўзлаштириш борасидаги ўқитувчи фаолиятининг юксак кўринишидир.
Адабиётлар:
1. Маҳкамов У., Тилабова Н., Тилабоева Ш. Педагогик маҳорат. Ўқув қўлланма. – Тошкент: ТДТУ, 2003. – 88 б.
2. Очилов М. Муаллим-қалб меъмори. – Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
Алишер Анваров
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
илим юрти ўқитувчиси