Яратилиш санаси 29.05.2023

ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШ РЕЖАЛАШТИРИШ

Президент томонидан «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Ҳужжат билан қуйидагилар маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;
  • оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбия узвийлигини таъминлаш;
  • аҳолининг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш;
  • геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
  • эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Республика Маънавият ва маърифат марказининг давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишидаги, илмий-тадқиқот ва тарғибот-ташвиқот йўналишидаги қўшимча вазифалари белгиланди.

Маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида «oyina.uz» электрон портали ташкил этилади.

Портал фаолиятини йўлга қўйиш учун марказга қўшимча 15та штат бирлиги ажратилади ва унинг тузилмасида рақамли тарғибот бўлими ташкил этилади.

Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига қўшимча 2тадан, туман бўлинмаларига аҳоли сони 200 мингдан ортиқ бўлганда 2тадан, 200 мингдан кам бўлган тақдирда эса 1тадан қўшимча штат бирликлари ажратилади. Мазкур штат бирликлари маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

«Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасаси негизида марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади. Шунингдек, «Тафаккур» ва «Маънавий ҳаёт» журналлари ҳамда «Маънавият» нашриёти марказ тасарруфига ўтказилади.

«Маънавият» нашриёти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳисобидан 1 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб барча умумтаълим муассасаларида ёшлар етакчиси лавозими 1та штат бирлиги ҳисобида сақланиб келинмоқда.

Ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади.

Давлат олий таълим муассасалари ва улар филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади. Бунда, олий таълим муассасаларида мавжуд ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими қисқартирилади.

Ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда «Маънавият ва маърифат маскани» ташкил этилади. Мазкур масканлар янги қурилишлар орқали ёки бўш турган биноларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига қуйидаги фанлар киритилади:

  • бакалавриат босқичида - «Маънавиятшунослик» фани;
  • магистратура босқичида - «Касбий маънавият» фани.

Шунингдек, магистратура босқичида «PR-менежер» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Республика Маънавият ва маърифат кенгаши таркиби ва ташкилий тузилмаси;
  • Республика Маънавият ва маърифат маркази тузилмаси;
  • Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари намунавий тузилмалари;
  • Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари намунавий тузилмалари;
  • Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича «Йўл харитаси»;
  • 2021-2023 йилларда Маънавият ва маърифат масканларини барпо этишнинг манзилли рўйхати.

 

Алишер Анваров 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
илим юрти ўқитувчиси