НАМОЗДА "РАФЪУЛ-ЯДАЙН" ҲУКМИ
Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма Ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа пайтда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма номозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.
Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчиларимиз пайдо бўлдилар. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Ана ўшаларимиз ўзларини, худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, Ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек ҳис этар эдилар. Бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса, ўша масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини бир юз эллигинчи Ҳижрий санада туғилган Имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алай-ҳимлар ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана ўша буюк мужтаҳидларимиз энг аввал келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли ила амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилардилар. Агар бизда бир озгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсиз-лигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхати бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари туради.
Ҳанафий уламолар, дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик, келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик, дейдилар.
Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У икки қўлини намоздаги биринчи такбирдан бошқа ҳеч кўтармас эди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик бу амал насх бўлганидан кейин унга амал қилишни тўхтатганлар.
Аброрхўжа Рашидов,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими