Уламолар наздида дуонинг турлари
Дуо уламолар наздида икки хил:
1. Дуои ибодат: Намоз, рўза, ҳажга ўхшаш.
2. Дуои масъала.
Арафа кунида қилинган дуо Қуръон тиловат қилишдан афзал, фарз намозларидан кейин ворид бўлган зикр ва дуо билан машғул бўлиш Қуръонни тиловат қилишдан авлодир.»
«Фуқаҳолар, муҳаддислар, жумҳур уламалар, салафу ҳалафларнинг барчаси дуо мустаҳабдир, дейишган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ
Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди.
Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила У зотнинг розилигини сўрашдир.
Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир. «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман».
Менга ибодат қилинг, қабул этаман, менга илтижо қилиб, ҳожатингизни сўранг, сўраганингизни бераман, дейди Аллоҳ таоло.
Ожизлигини, ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуо қилаётган зотнинг жалолига муносиб одоб-ахлоқ билан сўрашлик банданинг иши. Қолгани эса, Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ижобат ташвишини чекмайман, мен дуо ташвишини қиламан. Менга дуо қилиш илҳом этилса, ижобат ҳам қилинади», дер эканлар. Ҳа, Аллоҳ Ўзига иймон билан дуо қилганларнинг дуосини ижобат этади, ибодатларини қабул қилади. Аммо шу билан бирга: «Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди».
Аммо ўзини билмаганлар, Аллоҳга дуо қилишдан, ибодат этишдан кибр ила ўзларини юқори кўрганлар, қалб кўзи кўр бўлганлар жаҳаннамга кирадилар. Кирганда ҳам, хору зор бўлиб кирадилар.
Агар улар Аллоҳнинг неъматларига ибрат билан қараганларида, У зотнинг нақадар буюклигини англаб етган бўлар эдилар. Зинҳор Аллоҳнинг ибодатидан кибру ҳаво қилмасдилар. Ўйлаб кўринглар, эй одамлар!
Отаханов Адҳамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси