Ҳаж улуғ ибодатдир
Ҳаж ибодати Ислом динининг беш рукнидан бири ҳисобланади. Унинг фарзлигига Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 97 – ояти далил бўлади.
و لله على الناس حج البيت من استطاع إليه سبيلا ومن كفر فإن الله غنى عن العلمين
“Одамлардан йўлини топганларга Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ, оламлардан беҳожатдур”.
Ҳажнинг луғавий маъноси “қасд қилмоқ”. Истилоҳий маъноси эса “маълум вақтда”, “маълум маконда”, “маълум ибодатларни ният билан адо этиш”дир.
Ҳаж ҳаж бўлиши учун албатта Зул-Ҳижжа ойининг тўққизинчи куни, яъни, Арафа куни бўлиши керак. Чунки бу кунинг ўрнини бошқа кун босолмайди. Шунингдек Муздалифада туриш, Минода туриш, шайтонга тош отиш, ифоза тавофини қилиш, қурбонлик сўйиш каби ибодатлар ҳам маълум вақтларда бажарилади.
Маълум макон: Маккаи мукаррама, Мино, Арофат, Муздалифа каби жойларда махсус ибодатларни адо этиш лозим, бу жойларда қилинадиган ибодатлар бошқа жойларда қилинса ўтмайди. Маълум ибодатлар: Бу ибодатлар: Каъбанинг тавофи, Сафо ва Марва орасида саъй, Арофатдаги вуқуф, Муздалифада туриш, Минода маълум кунлар туриш ва тош отиш.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зод ва уни байтуллоҳга элтадиган роҳилага эга бўлса-ю, Ҳаж қилмаса, унинг яҳудий ёки насроний ҳолида ўлишининг фарқи йўқ. Бу Аллоҳнинг Ўз китобида «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир» дегани учундир», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадисдан имкони бўлатуриб Ҳаж қилмаслик катта гуноҳ экани келиб чиқади. Бас, имконини топиб, ўзида Ҳаж шартларини мужассам қилган одам тезда Ҳаж ибодатини қилишга шошилиши лозим. Кейин турли баҳоналар чиқиб, Ҳаж қила олмай ўлиб кетса, катта хайр ва баракадан маҳрум бўлган ҳолида кетади.
Муҳитдинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси