Яратилиш санаси 19.07.2021

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ВА УНГА АЛОҚАДОР АЙРИМ МАСАЛАЛАР

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради. 

Ислом таълимоида қурбонлик қилиш деганда “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, Қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларида, туя, қорамол, қўй ёки эчки каби жонворлардан бирини сўйиш тушунилади. 

Қурбонлик қилиш аввалги умматларда ҳам мавжуд бўлган ибодат саналади. Бизнинг шариатимиздаги илк қурбонлик қилиш ҳижратнинг иккинчи йилига бориб тақалади. Шу йили моли маълум бир миқдор (нисоб)га етган мусулмонларга закот бериш фарз қилиниши ортидан қурбонлик қилиш ҳам буйрилади. 

Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир. Кимда ким 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Масалан, бир кишининг эгалик қилиб турган мулкида яшалмаётган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва машиналар, минилмаётган уловлар, чорва ҳайвонлар, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-товоқ, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сеп-сидралар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса, у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, аёллар тақинчоқлари агарда шу миқдорга етиб борса, уларга ҳам қурбонлик қилиш лозим бўлади. 

Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодат бўлиши билан бир қаторда Аллоҳни улуғлаш ва уни розилигини топиш учун қулай фурсатдир. Имкон топган одам қурбонлик қилиш билан улуғ фазилатларга эришади. Аммо, қодир бўла туриб, уни бажармаган киши катта имкониятни бой бериши баробарида қаттиқ танбиҳга ҳам учрайди. Бундай кишилар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга яқинлашмасин” деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Шу ўринда қурбонлик ҳақида ҳар йили кўплаб такрорланадиган айрим масалаларга ҳам тўхталиб ўтсак. 

Қурбонликнинг сўйиш вақти – уч кундир. Қурбон ҳайитининг биринчи, иккинчи ва учинчи кунининг қуёш ботгунича. Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда сўйилса – Қурбон ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар жума ўқилмайдиган қишлоқ жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди. Зиммасига қурбонлик вожиб бўлган киши бирор бир узр туфайли қурбонлик кунлари ўтиб кетгунча қурбонлик қила олмаса, жонивор сотиб олган бўлса, жониворни тириклигича, сотиб олмаган бўлса, унинг қийматини фақат фақир ва мискинларга садақа қилиши вожиб бўлади. Бир неча йиллардан буён нисоб эгаси бўлиб, қурбонлик қилмай келаётган киши ҳам ҳудди шундай, ўтган ҳар йил эвазига биттадан қурбонликнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик қилишга қодир бўлган киши қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб бўлсада, қурбонлик қилиши керак бўлади.

 

Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилсалар ва уларнинг ўртадаги пули умумий ҳолда нисобга етиб, лекин ҳар бирларига ўз улушлари тақсимлангонида нисобга етмаса, уларнинг бирортаси ҳам қурбонлик қилиш лозим бўлмайди.

Оилавий шаклда ака-укалар, ота-болалар биргаликда нисоб миқдорича маблағ эвазига тижорат ёки бошқа ҳунар қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол улардан бирига тегишлик бўлиб, қолганлар унга ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда мол эгасининг зиммасигагина қурбонлик вожиб бўлади, қолганларга эса ёрдамчи бўлиб, нисоб миқдорида улушга эга бўлмаганликлари учун, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар уларнинг ҳаммалари ўз мулкларидаги маблағлари нисоб миқдорига етадиган бўлса, уларга алоҳида-алоҳида қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Шерикчилик асосида қурбонлик қилмоқчи бўладиганлар ўта эҳтиёт бўлишлари керак. Сабаби, жамланадиган шериклар орасида қурбонликдан мақсади Аллоҳ таолонинг розилиги бўлмай, гўшт учун қўшилиб қолса, топиш-тутишида ҳаром-ҳаришга бепарволик қиладиганлар аралашиб қолса, қолган шерикларнинг ҳам ибодати қабул бўлмаслигига олиб келади. 

Қурболик қилувчининг атрофида фақир ва мискин кишилар кўп бўлса, уларга гўштидан ўлашиши учун кўп гўшт қиладиган жониворни қурбонлик қилиш афзал. Агар заруратманд кишилар оз бўлса, гўшти оз бўлса ҳам қиммат ва гўшти ширинини сўйиши афзалдир.

Битта семиз жониворни сўйиш икки озғин ҳайвонни сўйишдан афзалдир. Урғочи жониворни қурбонлик қилиш жоиз, эркагини қурбонлик қилиш эса афзалдир. Бичилган қўй, хўкизларни қурбонлик қилиш ҳеч қандай кароҳиятсиз жоиздир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бичилган жониворни қурбонлик қилганлар.

Ҳайвонларни ёшини тўлиши қамарий йил ҳисоби бўйича эътибор қилинади. Қўй бир ёшга, мол икки ёшга ва туя беш ёшга тўлган бўлса-ю, лекин баъзи бир чиқиши керак бўлган тишлари чиқмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Чунки, муддат тўлиқ бўлиши шарт, тишларни тўлиқ чиққан бўлиши эса шарт эмас.

Қурбонлик қилишга аталган жониворларни юнги олинмайди, сути соғилмайди. Агар юнги олиб, сути соғиб қўйилса, юнги ва сутини ёки унинг қийматини садақа қилиб юбориш лозим.

Қурбонлик қилиш мақсадида бир ҳайвон сотиб олинса, сўнг қурбонликка ярамайдиган айб билан айбланиб қолса, бошқа айбсиз жонлиқ сотиб олиб қурбонлик қилиш керак бўлади. 

Шохини баъзиси синган қўйни ҳам қурбонлик қилишга рухсат берилган. Аммо  шохи таг-тубидан синган бўлса уни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Қўтир қўйни қурбонликка сўйиш учун қўтирлик гўштга ўтмаган ва айни пайтда ем-хашак еб турган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда қўтир қўйни ҳам қурбонликка сўйишга рухсат берилмайди. Шунингдек, Икки ёки бир кўзи кўр ҳайвонни қурбонлик учун сўйилмайди. 

Қурбонлик сўйилган жонлиқнинг гўшти, тери ёки калла-почасини сотилмайди, қарзга берилмайди, қассобга ёки бошқа олоқадор (савдолашишиб олиб берган, маркабида айтилган жой ташлаб берган, ижарага жой берган, боқишиб турган) кишиларга хизмат ҳақи сифатида берилмайди. 

Қурбонлик гўштининг учдан биридан кам бўлмаган қисмини гўшт ҳолича яқинларига улашиши, бир қисмини ўзи ва оиласи учун сақлаб қўйиши, бир қисмини пишириб, таом ҳолида кўнгли тортган кишиларга едириши мустаҳабдир.

Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир. Чунки байрам кунларида етимлар, бевалар, ногиронлар ва қаровчисини йўқотган кексаларга яхшилик қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш катта савобдир. Ҳар соҳада мавсумлар бўлгани каби, шу ўтказаётган кунларимиз ҳам савоб ишлаш учун бир мавсумдир. Бундан унумли фойдаланиб қолишимиз, баданий ва молиявий ибодатларни имкон қадар кўпроқ қилиб қолиш керак. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради...”, – деб марҳамат қилганлар.

Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ва унинг гўштидан яқинларга улашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг икки дунёда мартаба ва обрўсини кўтаради. Хато-камчиликлар кечирилиши, гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади. 

 

Абдулбоқий Турсунов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси