Мулла Алий бин Султон ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг "Мирқот ал-мафотиҳ" асари
"Мирқот ал-мафотиҳ" Мулла Алий ибн Султон ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шох асари бўлиб, ислом оламида маълум ва машҳурдир. Асар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, у кишидан ривоят қилинган ҳадислар ва уларга ёзилган шарҳлардан иборат.
"Мирқот ал-мафотиҳ" Хатиб ал-Умарий ат-Табризий (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф.741/1340)[1] томонидан ёзилган "Мишкот ал-масобиҳ" асарига ёзилган шарҳдир. Ўз навбатида ат-Табризий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг "Мишкот ал-масобиҳ" асари ҳам Имом ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг (тав.436/1044 ваф.516/1122)[2] қаламига мансуб бўлган "Масобиҳ ас-сунна" тўплами асосида ёзилган асардир. Аммо ушбу асарларнинг хар бири, "Мирқот ал-мафотиҳ" ёки "Мишкот ал-масобиҳ" бўлсин, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам ҳадисларининг турига қараб ажратилганлиги ва муттасил равишда фиқҳий йўналиш билан баён қилинганлиги диққатга сазовордир.
Мирқотул мафотиҳ асари қуйидагича тақсимланган:
Биринчи фасл − бу бўлимда Имом ал-Бухорий ва Абу Муслим (раҳматуллоҳи алайҳим)лар томонидан ривоят қилинган ҳадислар келтирилган. Шунингдек, уларнинг ўзаро келишувлари ёки улардан бирлари томонидан ривоят қилинган ҳадислар ифодаланган ҳолда турларга ажратилган. Агар бу ҳадисларда икки шайх билан биргаликда бошқа муҳаддис ва мухаррижларнинг исмлари иштирок этган бўлса, "Мишкот ал-масобиҳ" ва "Мирқот ал-мафотиҳ" да баён қилиниши билан кифояланилган, ўз навбатида бу услуб икки шайхнинг ривоят қилишдаги маҳоратларини кўкка кўтариш учунлиги яққол намоён бўлади.
Иккинчи фасл − Икки шайхдан бошқа мухаддислар орқали етказилган ҳадислар.Улар: ат-Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, ад-Доримий, ан-Насоий, ад-Даркатий, ал-Муватто, Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳим) ва ҳадис ривоят қилувчи бошқа олимлар ҳадислари бобнинг иккинчи фаслидан ўрин эгаллайди.
Учинчи фасл − "Мишкот ал-масобиҳ" асари муаллифининг бундаги уриниши турли ҳадис китоблари ва бобга мувофиқ келувчи ҳадислардан танлаб олинган тўпламни ўзида мужассамлаштиради. Ат-Табризий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу билан ўз асаридаги ҳадислар сонини "Масобиҳ ас-сунна" дан кўпайтиради, бироқ, уларни танлаётган пайтда ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг саҳобаларидан ровийларга етиб келувчи ҳадислар иснодини ва махражини аниқлашда қўйилувчи шартларни сақлаб қолишга харакат қилади. Лекин, ал-Бағавий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг кўтарилган ҳадислар борасидаги фикрига кўшилмайди.
[1] Хатиб ал-Умарий ат-Табризий. "Мишкот ал-масобиҳ"."Дор иҳё ат-турос ал-араби " Байрут 2001, 1-б.
[2] "Мўъжам ал-Булдан" асарида келтирилишича туғилган санаси ҳижрий 433 йилда, вафоти эса 510 йилга тўғри келади
Муҳитдинов Музаффар
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси