Яратилиш санаси 18.06.2023

ХИЖРАТНИНГ АСЛИЙ ТАЪРИФИ ВА САЛАФИЙЛАР ТАЛҚИНИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз давридаги мусулмонлар билан бирга, азиз ватанлари бўлмиш Макка шаҳридан Ясриб шаҳрига кўчиб ўтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг якка, ёлғиз ўзлари кўчиб ўтмайдилар-ку! Шунинг учун, у зоти шарифнинг атрофидаги барча мусулмонларга кўчиш фарз қилинган эди. Ана шу кўчиб ўтишлари араб тилида “ҳижрат”, яъни “кўчиш” деб аталади. 

Бизнинг давримизга келиб айрим тоифалар: “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди. Ўзингиз яшаб турган ўлкалардан кўчиб кетмоғингиз шарт. Агар кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади, ҳатто ҳижрат қилмаганлар кофирдир”, деганга ўхшаш фикрларни айтишиб, диний арконлардан, шаръий ҳукмлардан яхши хабардор бўлмаганларни чалғитиб, адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Динимизда  ҳижрат  ҳақидаги фикр қандай. Ҳозирда ҳақиқатдан ҳам ҳижрат фарзми ёки вожибми? Ҳижрат шариатнинг асосими, у диннинг бирор устуними? Ҳижрат қилмаган мусулмон кофир бўлиб қоладими?

Таниқли саҳобалардан  бўлмиш  Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу бир гуруҳ шогирдлари билан илк хаворижлар олдидан ўтиб қолдилар. Шогирдлари хаворижларга бу зотнинг кимлигини таништириб, “Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!”, дедилар. Шунда Абу Феруз деган хавориж: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деди. 

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб туриб таъна қилаяпти. У зот: “Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўрадилар. Одамлар унинг: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деяётганини айтишди. Шунда, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!”, деб туриб, бундай дедилар: “Улар билан курашган ёки шу мақсадда  вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!” (Аҳмад, 4/19172, 19433). 

Яъни, саҳиҳ экани таъкидланган мазкур ривоятнинг мазмуни шуки, “Ҳижрат бор, ҳозирда ҳижрат фарз, ҳижрат қилмаган яхши инсон бўлмайди”, дейдиганлар хаворижлар экан, хаворижларнинг бугунги кундаги давомчилари эканлигини кўрсатади. Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобийлари  хаворижлар билан курашган одамга жаннат башоратини берганлар.

Маҳмудов Калимуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси