Яратилиш санаси 14.09.2023

“МАЪНАВИЙ ТАҲДИД” ва “ИНФОРМАЦИОН ҲУРУЖ”лар Ёхуд Баркамол авлод кушандаси

Жамиятимизда юз бераётган туб ўзгаришлар мутахассисларни ҳар томонлама рақобатбардош, етук баркамол инсон қилиб тайёрлашни талаб этмоқда. Давлат томонидан ишлаб чиқарилган “Таълим тўғрисида” ги қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” сингари ҳужжатларни амалиётга татбиқ этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда “маънавий таҳдидлар” тушунчаси кенг ишлатилмоқда. Баъзида бу тушунчанинг маъносини англаш қийин кечмоқда. Маънавий таҳдидлар —  шахс ахлоқий онгида салбий тушунчалар, туйғулар, хусусиятлар ва сифатларни ҳосил қилувчи иллатлар мажмуидир. Чунки “таҳдид” сўзи ҳавф-хатар, хуруж ва бузиш маъноларини англатади. Шу маънода маънавий таҳдидлар шахсни ақлий ва ахлоқий жиҳатдан бузишга қаратилган мақсадли хуружлар хисобланади

Бугунги кунда талаба — ёшларни “маънавий таҳдид” ва ахборотлар оқимининг салбий оқибатларидан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Оммавий ахборот воситаларини инсонга яқинлашуви яъни компьютер ва интернет тармоғидан керакли хоҳлаган мавзудаги фото, видео тасвирларни олиш ҳеч қанақа қийинчилик туғдирмайди. Аммо унинг моҳиятини тўғри тушуна олмаслиги, етарлича таҳлил қила олмаслиги, қиёслай олмаслиги сабабли  бу ахборотлар нотўғри қабул қилиниши ва инсон психологиясига ижобий эмас, балким салбий таъсир кўрсатиши кузатилмоқда. Жумладан: ёшларнинг меҳнат қилишдан ор қилиши, қочиши, ўзгалар меҳнатига хурматсизлик, енгил ҳаётга қизиқиш ва берилиши ва унинг оқибатида жиноят  йўлига кириб кетиши, халол ва харомни фарқламаслик каби иллатлар келиб чиқмоқда. Ёшларнинг мафкуравий онгги тўла шаклланмаганлиги, хаётий тажрибаларининг камлиги, ижтимоий ходисалардаги “яхши” ва “ёмон” тушунчасининг нисбийлиги, ҳар хил ман қилиш ва таъқиқларнинг моҳиятини англай олмасликлари ёт мафкура элитувчиларига жуда қўл келмоқда.

Хўш ёшларни хусусан талабаларни ёт мафкуралардан  қандай ҳимоя қилиш мумкин?

Келаётган ахборот оқимини моҳиятини ақл-идрок тафаккур кўзгусига солиб тўғри тушуниб қабул қилишга ўргатиш ва ахборотларни фильтрлаш қобилиятини қандай шакллантириш мумкин?

Ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ва унга мунтазам амал қилинишига эришиш йўллари-чи?

Юқорида санаб ўтилган саволларга инсон психологияси нуқтаи назаридан қараш мақсадга мувофиқ деб хисоблаймиз. Яъни буларда ёшлар руҳиятига, тафаккурига таъсир қилувчи салбий омиларни аниқлаб бартараф қилиш ва уларга қарши турувчи воситаларни аниқлаш зарур бўлади.

Хозирги давр талабидан келиб чиқадиган бўлсак келаётган ва ўзлаштирилаётган ахборотга тўғри муносабатда бўлган холда ёндошиш учун талаба — ёшларнинг интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш ва уларнинг дунёқарашини миллий мафкура нуқтаи назаридан келиб чиққан холда бойитиб боришни мақсадга мувофиқ деб хисоблаймиз.

Иккинчидан, талаба ёшларда ўзлигини англаш, “мен”лигини англаш, таълим жараённинг объекти сифатидан субъекти даражасига кўтариш керак. Уларнинг қобилиятлари ва имкониятларини, билим кўникма ва малакаларини ҳеч бир давлат ёшлардан кам эмаслигига тўла ишонтириш зарур.

Учинчидан, талаба ёшларни қизиқтирадиган нозик саволларга китоб тилида, яъни илмий нуқтаи назардан келиб чиққан холда уят ибораларни ишлатмасдан  тўла жавоб беришни таъминлаш даркор. Иложи борича улар билан мулоқотда очиқлик ва хозиржавоблик таъминланиши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, талаба — ёшларга меҳнат таълими ва тарбияси бериш уларнинг жамиятимизда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларга ва уларни яратувчи инсонларга  бўлган муносабатини ўзгартиришга ва бу борада ўзи ҳам астойдил иштирок этишига йўналтириш зарур.

Жамиятимизда туб ўзгаришларни, шахслараро муносабатнинг мутлақо бошқача негизга қурила бошлаши, бозор иқтисодиётига ўтиши, ҳар бир инсонни сиёсат билан аралашишга олиб келади. Бундан албатта талабалар гуруҳи ҳам истисно эмас.

Бешинчидан, илм даргоҳларида талаба ёшларни қизиқтирадиган сиёсий ва диний саволларга тўғри ва фактларга асосланган холда ютуқ ва камчиликларимизни холис ёритиб жавоб қайтаришни тўлақонли амалга ошириш керак. Иложи борича яширин мавзу қолмаслиги мақсадга мувофиқдир.

Олтинчидан, талаба ёшларни албатта танқидий фикрлашга ва мустақил ишлашга одатлантириш яхши натижа беради. Бу борада машғулотларда ўқитишнинг интерфаол услубларидан фойдаланиш талабаларда танқидий фикрлаш ва мустақил ишлаш кўникма ва малакалари тезроқ шакллантиради.

Еттинчидан, бугунги кунда ҳам шахс психанализида мукаммал деб тан олинган инсонни ўрганишда жуда яхши натижа бераётган З.Фрейд назариясидан фойдаланишни қўллашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Айнан З. Фрейд тадқиқотларида  “У”, “Мен”, “Юқори мен” шахс ички тузилмаси ва унга таъсир қилувчи омилларга яхши изоҳ берилган. Ижтимоий ва диний тарбия нормаларидан ташкил топган “Юқори мен” заифлашуви ёки ўчиб қолиши шахсни ҳар хил ёт ғоя, оқимлар, тўдалар, жиноятларга қўшилиб қолишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам олий таълим муассасаларида бу назария кенг тарзда талабаларга тушунтирилиши яхши натижа беради деган фикрдамиз.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, жамиятимизнинг келажаги бўлган талаба — ёшларни руҳиятини, онгини, тафакурини ҳар хил ёмон ёт ғоя, иллату, оқимлардан, одатлардан асрашда айнан педагогика ва психология фанларидан самарали фойдаланиш, уларга ғоявий таълим ва тарбия беришда яхши натижа беради. Шахсни рухиятига уни хулқ — атворига, тарбиясига таъсир қилувчи механизмлар моҳиятини фақат педагогика ва психология фанлари очиб беради. Шундан келиб чиққан ҳолда юқорида санаб ўтилган чора тадбирлар изчиллик билан оқилона амалга оширилсагина биз миллий мафкурамизга садоқатли, ватанпарвар, руҳан тоза, аҳлоқан пок, меҳнатсевар, кучли тафаккурга эга баркамол авлодни шакллантирган бўламиз.

АНВАРОВ АЛИШЕР 
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси