СЎЗДАГИ ФАСОҲАТ
Фасоҳат лафзи луғатда баён этиш, зоҳир, аниқ бўлиш маъноларини англатади. Боланинг тили чиқиб унинг гапи тушунарли бўлиб қолганда أفصح الصبي في منطقه[Боланинг тили чиқди ва лафзлари тушунарли бўлиб қолди], дейилади.
Истилоҳда: Фасоҳат – калима(сўз), калом(гап) ва мутакаллим(сўзловчи)га сифат бўлиб келади[1].
Фасоҳатли калима. Маъноси тушунарли, тузилиши чиройли, жозибали ва нафис бўлган сўзлар фасоҳатли калималарга киради. Калима фасоҳатли бўлиши учун қуйидаги учта айбдан холи бўлиши керак:
- Ҳарфлар танофури (сўздаги ҳарфлар ўзаро мос тушмаслиги, чиқишмаслиги);
- Мухолафатул қиёс (сўз сарф қоидаларига мувофиқ бўлмаслиги);
- Ғароба (сўзнинг маъноси очиқ-равшан бўлмаслиги)[2].
Калиманинг фасоҳати – сўзнинг ҳарфлар танофури, мухолафатул қиёс ва ғаробалик айбларидан холи бўлиши.
Ҳарфлар танофури –талаффуз қилиш қийин, тилга оғир бўладиган калимадаги сифат.
Сўзда ҳарфлар танофури ундаги ҳарфлар махражларининг бир-бирига жуда яқин ёки ҳарфлар бир махраждан бўлиши сабаб бўлади. Бунда тил ҳар бир ҳарфни махражидан талаффуз қилишга улгурмайди. Натижада бир ҳарфни тил талаффуз қилса бошқа ҳарф талаффуз қилинмай қолади.
Танофур икки хил бўлади: шадид(қаттиқ), яъни талаффузи жуда қийин; хафиф(енгил), талаффуз қилиш унчалик оғир ва қийин бўлмаган.
Шадид танофурга мисол: الهُعْخُع [туя ўтлайдиган ўсимлик-янтоқ], الظِشّ [қаттиқ тепали].
Хафиф танофурга мисол: النُّقاخ [тиниқ чучук сув], المُسْتشْزِر [қайрилган, эшилган].
Ўзбек тилидаги “кесишса, пишса” сўзларда ҳам танофур бор.
Мухолафатул қиёс – калиманинг сарф қоидасига кўра жорий этилмаслиги.
Мисол: Шоир Мутанаббий بُوق [ноғорага ўхшаш чолғу асбоби] сўзининг кўплиги сифатида بُوقات сийғасини ишлатган. Аслида сарф қоидасига кўра بُوق калимасининг кўплик шакли أبْواق бўлади.
فإن يك بعض الناس سيفا لدولة ففي الناسِ بُوقاتٌ لها و طبول
Шеър таржимаси:
Баъзилар давлат учун шамширдир,
Баъзилар у учун карнаю ноғора.
2-мисол: Шоир шеърида موْدَدَة [муҳаббат] сўзини сарф қоидасига хилоф тарзда ишлатган. Аслида сарф қоидасига биноан сўзда икки бир хил ҳарф ҳаракатли ҳолда ёнма-ён келса идғом қилиниб موَدَّة шаклида ишлатилиши керак.
إنّ بنيَّ لَلِئام زهدة ما لي في صُدورِهم من موْدَدَةٍ
Шеър таржимаси:
Болаларим яхшиликка ёмонлик қилувчи пасткашдирлар
Қалбларида мен (отаси) учун бирор муҳаббат йўқ.
Ғароба – калиманинг ўзи қўйилган маънога далолати равшан бўлмаслиги.
Бундай калима истеъмолда жуда кам ишлатиладиган, маъносини эса арим кишиларгина биладиган, жуда кенг ёзилган луғат китобларидагина учрайдиган сўздир. Инсон бундай калимани эшитганда унинг зеҳни тезда маъносини англай олмайди.
Ғароба икки хил бўлади:
А) Маъносини англаш учун кенг кўламда ёзилган луғат китобларидан қидириш керак бўлган сўзлар;
Б) Арабларда истеъмолдан йўқолган, луғат китобларида ҳам учрамайдиган сўзлар.
Мисоллар: تَكَأْكَأَ [اجتمع маъносида], افْرَنْقَعَ [انْصَرَفَ маъносида], اطْلَخَمَّ [اشْتَدَّ маъносида] сўзлар. Ушбу сўзлар ғаробанинг биринчи турига киради.
Машҳур наҳв олими Исо ибн Умар уловда бозор олдидан ўтиб кетаётганида бехосдан йиқилиб тушади. Одамлар атрофига дарҳол тўпланишганда уларга қуйидаги жумлани айтган:
ما لكم تكأكأتم عليّ كتكأكؤم على ذي جنة افرنقعوا
“Нима учун атрофимга жинни одам олдига тўплангандек жамландингиз?! Тарқалинглар!”.
[1] Сўзда “фасоҳатли сўз, фасоҳатсиз сўз”, гапда “фасоҳатли гап, фасоҳатсиз гап”, сўзловчида “фасоҳатли сўзловчи, фасоҳатсиз сўзловчи” каби сифат бўлиб намоён бўлади.
[2] Баъзи балоғат китобларида тўртинч и айб – қулоққа ёқимсиз бўлиши келтирилган.
Саминов Азамжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси