Яратилиш санаси 29.07.2021

АХЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАР ЁКИ ТАМОЙИЛЛАР

Ахлоққа риоя қилишни таъминловчи куч – бу аввало жамоатчилик фикридир. Аммо ахлоқ фақат жамоатчилик фикри билан мавжуд эмас.

Одамнинг табиий туйғулари ва тарбия жараёнида шаклланган бурч ҳисси муаййан ахлоқий хатти-ҳаракатга олиб келади. Ахлоқий меъёрлар ёки тамойиллар одам онгига буйруқ шаклида пайдо бўлади ва кишиларни эзгу ишлар қилишга ундайди, ёвузликдан, разолатдан асрайди. Бундай буйруқлар “Туҳмат қилма”, “Ёлғон сўзлама”, “Ўзгалар тақдирига бефарқ бўлма”, “Бошига кулфат тушган одамга ёрдам бер”, “Заиф ночор одамларни қўллабқувватла” ва шу кабилар бўлиши мумкин. Аммо ушбу буйруқлар қандайдир ташқи таъсирдан эмас, балки инсоннинг эътиқодидан, ички сабаблар асосида келиб чиқиши лозим. Шундай қилиб, ахлоқий меъёрлар одамнинг хатти- ҳаракатини фақат объектив қоидалар билангина эмас, балки бурч, виждон талаблари билан ҳам тартибга солиб туради. 

Ахлоқ ва одоб ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, мазкур тушунчаларни моҳияти ва мазмунига назар солиш ўринлидир:

Биринчидан, ахлоқ араб тилида “хулқ” сўзининг кўплиги бўлиб, лотин тилида “моралис” – хулқ-атвор деб юритилади. Мазкур атама маънавий ҳаёт ҳодисаси, ижтимоий онг шаклларидан бири, маънавият соҳасига оиддир. Кишиларнинг тарихан таркиб топган хулқ-атвори, юриш-туриши, ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги ўзаро муносабат, шунингдек, жамиятга бўлган муносабатларни тартибга солиб турадиган барқарор, муайян меъёр ва қоидалар йиғиндиси.

Ислом ахлоқи барча ҳаётий муаммоларни қамраб олган ҳолда юксак маърифат ва мустаҳкам иродани шакллантиришга хизмат қилади. Ислом манбаларида фақатгана хушахлоқ, саховатли бўлиш ва эзгу ишлар қилишга кўрсатмалар берилибгина қолмай, балки ёмон одат ҳамда кўникмаларни бартараф этиш борасида тавсиялар берилган. Мазкур талаб ва кўрсатмаларга ижобий муносабат билдириб, амал қилган инсон комил мусулмон деб аталади. Куръондаги “Ҳужорот” сураси ҳам исломий одоб-ахлоққа оид жуда кўп қонун-қоидаларни қамраб олган. Биринчи оятнинг ўзида Аллоҳ, пайғамбар, Қуръон ва суннатдан олдин шошиб бирон гап ёки хулоса қилмасликка чорланган ҳолда, итоаткорлик ва мулоҳазакорлик билан иш юритишга ундалади. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) билан баланд овозда гаплашмаслик, барча ишларни комил тарбия ва хушхулқлик билан амалга ошириш борасида насиҳатлар келтирилади. Кейин афсус қилиб қолмаслик учун, фосиқ (дин-диёнати, ахлоқ-одоби номаълум шахс)кимса келтирган хабарни қабул қилиш ёки ишонишдан олдин текшириб кўриш кераклиги, мусулмонлар ўзаро биродарлик муносабатда бўлишлари, ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда инсонларга зулм ўтказган золимларни тартибга чақириш, инсонларга ҳақоратли лақаблар қўймаслик, жосуслик қилмаслик, хусусан, тақводор кишилар ҳақида ёлғон гап айтмаслик, ғийбат қилмаслик, олий табақадан эканлигини даъво қилиб ғурурланмаслик ва ўз этиқоди ҳамда ислом динидан шахсий манфаатда фойдаланмаслик каби панд-насиҳатларни ўз ичига олади. 

Қуръонда бир неча бор қайд этилган. Жумладан, “Аллоҳ (еса) сабрлиларни севади”, “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам ҳайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хатокамчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”, “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва эрда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”.

Барчамизга намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзи катта-ю кичик ишларда Ўз саҳобалари ва аҳли аёллари билан машварат қилиб, хулоса чиқарар эдилар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ишларни маслаҳат билан қилишга буюрган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) Аллоҳдан мағфират сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!”.

Шариат аҳли наздида мақталган сифатлар орасига “ҳамида”, деб номланган (мақталган) ахлоқ бор. Ҳамида ахлоқ эгаси – бу беш вақт намозни канда қилмайдиган, бошқа фарзу амалларни ҳам сўзсиз бажарадиган мўмин мусулмон, солиҳ одамдир. Комил мусулмон деганда ана шундай кишилар назарда тутилади Чунончи, алломалар меросида ахлоқ масалаларига кенг ўрин берилган.

Шунингдек, Қуръони карим оятлари ва ҳадис манбалари асрлар давомида мусулмон дунёсдаги таълим-тарбиянинг маънавий, илмий асоси бўлган. Тарихдан маълумки, барча буюк ватандошларимиз биринчи навбатда, юксак ахлоқли, одобли, яъни маънавий баркамол кишилар бўлганлар. Улар ўзларининг гўзал хулқлари билан ҳаммага ўрнак бўлиб, мазкур ахлоқларига ислом манбаларидаги кўрсатмаларга амал қилганликлари учун эришганлар. Ислом манбаларида ахлоқ-одобга оид бўлган диний, миллий, умуминсоний қадриятлар ҳам ўз аксини топган, улардаги инсофу-диёнат, адолату-инсонпарварликни тарғиб этгувчи ғоялари ҳозирги давримизнинг мураккаб ва зиддиятли ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Абдулносир Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси