Яратилиш санаси 19.07.2023

Ота-онага оқ бўлиш

Баъзи инсонлар, ота-онанинг оғзидан: "Сени оқ қилдим", кабидаги сўзлар чиқсагина оқ қилинган бўлади, деб уйлашади. Аслида, ундай эмас. Ота-онага оқ бўлиш юкорида таъкидлаб ўтилган Қуръони карим оятлари ва хадиси шарифларда келган "Ота-онангизга яхшилик қилингиз!" амрининг аксини қилишдир. Ушбу ҳолат ота-онага осий бўлиш, итоатсизлик ва улар билан алоқани ўзиш каби амаллар билан изохланади.

Оқ бўлишнинг баъзи кўринишлари

Ота-онага оқ бўлиш бир неча белги ва кўринишларга эга. Улар куйидагилар:

Ота-онани йиғлатиш ва хафа қилиш. Бирор ёмон сўз билан гап талашиш, сукишиш каби.

Уларга овозни кўтариб гапириш, қўпол сўзлар билан жеркиш. Зеро, Аллоҳ таоло: "Уларга (ота-онангга) бақирма ва уларга доимо яхши сўз айт!". (Исро сураси, 23-оят) деб буюрган.

Бир ишга буюрсалар, "уф" дейиш, норозилигини намойиш этиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Уларга қараб "уф" тортма!" (Исро сураси, 23-оят) деб уқтиришига қарамасдан, баъзилар ота-оналари иш буюрсалар, итоат этсалар-да "уф" деб қўйишади.

Уларга хўмрайиш ва пешонани тириштириш. Айримлар мажлисларда ёки бошлиқлари хузурида ҳушчахчах, гўзал хулқли бўлиб, табассум билан хурсанд қиладиган сўзларни танлаб, уларни хафа қиладиган сўзлардан четланиб, узларини яхши тутадилар. Уйга келгач эса, ота-оналари хузурида баджахл шерга айланади ва ҳеч қандай одоб-аҳлоқга эътибор бермайди. Аввалги мулойимлик ва ширинсўзлик ўрнини қўполлик ва инжиқлик эгаллайди. Во ажаб!

Боғлаб узоқ бирла кўнгил,

Менсимай ота-онасин.

Озор топгач қариндош дил,

Терар бадбахтлик мевасин.

Ота-онанинг қариликдаги баъзи ишларига ғаши келиши, ҳолатларидан жирканиши. Умуман олганда, уларга тик боқишинг ўзи мункар амалдир. Отага тик боқишлик одоб-аҳлоқ китобларида қаттиқ кораланган.

Уларга иш буюриш. Хусусан, она ожиз, касал ёки жуда қари бўлса, уйни супуриш, таом тайёрлаш ёки кийимларни ювиш каби амалларни буюриш мумкин эмас. Аммо она бу ишларни қилишга ожиз бўлмасдан, ўзи хохлаб қилса, у ҳолда она ҳақкига дуо қилиш ва унга шукрлар айтиш ўринлидир.

Она тайёрлаган таомни танқид қилиш. Ушбу мункар амални яна икки тарафлама изоҳлаш мумкин. Биринчидан, таомни айблаш мумкин эмас. Зеро, Расулуллох соллаллоҳу алайхи ва саллам ҳеч качон таомдан айб қидирмаганлар. Таом у кишига ёқса, истеъмол қилганлар, ёқмаса, емай куяверганлар. Иккинчидан, бу амал онага нисбатан одобсизликни билдиради ва унинг дилини оғритади.

Ота-онага уй ишларида ёрдам бермаслик. Баъзи ўғиллар уйни тартибга келтириш ёки овқат тайёрлашда ота-оналарига кўмаклашишни шахсиятларига туғри келмайдиган иш деб ҳисоблайдилар. Оналари уй юмушлари билан  қийналаётганликларини кўра туриб, ёрдам бермайдиган қизларимиз ҳам йўқ эмас. Аллоҳ уларни хидоятга бошласин.

Ота-она гапираётганларида юзни буриштириш, уларга кулоқ солмаслик, сўзларини бўлиш, уларни ёлгончига чиқариш ёки улар билан гап талашиш, бахслашиш каби номаъкулчиликлар қилиш. Бу амаллар ота-она кадрини туширувчи ва шаънини тахқирловчи амаллар ҳисобланади.        Уларнинг раъйларига эътиборсизлик билан қараш. Баъзилар ота-оналари билан маслахатлашмайдилар. Кайси ишни қилмасинлар, улар билан фикрлашмайдилар. Ишга кириш ёки бўшаш, бирор каттароқ нарса сотиб олиш ёки сотиш, дўстлари билан бирор жойга бориш каби масалаларда ота-оналаридан изн сўрашмайди, маслахатлашишмайди.

Ота-она хузурида ака-укалар, ахли аёл ёки бошқа лар билан жанжаллашиш. Баъзилар оила аъзоларидан бирортаси айб иш қилган бўлса, ота-оналари хузурида уни койишади. Бу иш, шубхасиз, ота-онани безовта қиладиган, кўнгилларини оғритадиган ишдир.

Одамлар олдида ота-онасини ёмонлаш, уларнинг айбларини мухокама қилиб, обрўларини тўкиш. Баъзилар ўз ишларида ёки ўқишларида муваффакиятсизликка учрасалар, "ота-онам мен учун фалон ишни қилиб бермади» ёки «ота-онам мени эрка ўстирган, ҳаётимни, келажагимни бузган", деб омадсизликни ота-оналари билан боғлайдилар.

Ота-онасини сўкиш, лаънатлаш. Бу ҳолатда ота-онасига қарата сўкиниш, ота-она йўқлигида уларни сўкиш ёки бировнинг ота-онасини сўкиш (бунда уз ота-онасини сўккан бўлади) каби ишлар мункар амаллардан ҳисобланади.

Абдуллох ибн Амр розияллоху анхумодан ривоят қилинади: Расулуллох соллаллоҳу алайхи ва саллам айтдилар: Гунохи кабиралардан бири киши ўз ота-онасини сўкишидир." У кишидан сўрадилар: "Одам ўз ота-онасини ҳам сўкадими?" Расулуллох айтдилар: "Ха! Бировнинг отасини сўкса, уз отасини сўкибди, онасини сўкса, ўз онасини сўкибди!"             (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Уйга беъмани филмлар, қимор ўйинлари, бехаё суратлар ва шуларга ўхшаш шахсни маънан бузадиган нарсаларни олиб келиш. Зеро, бу нарсалар ака-укалар, оила аъзоларнинг туғри йўлдан адашишларига олиб келади. Бундан эса кўпроқ ота-оналар жабр кўради.

Ота-она хузурида сигарет чёкиш, шовқин-суронли мусиқа тинглаш каби номаъқул ишларни қилиш. Буларнинг барчаси ота-онага нисбатан хаёсизликка далолат қилади.

Қабих, пасткаш ишлар қилиш оркали ота-онани шарманда этиш. Масалан, фарзанд бирорта жиноят, ноҳақлик орқали шарманда бўлса ёки қамалса, у, шубхасиз, ота- онасига оқ бўлган ҳисобланади. Чунки унинг бу иши ота-онасига ғам-кайғу олиб келади

Ота-онасини ортиқча харажатга қўйиш. Масалан, қарз олиб, қайтаришини отасига қолдириш ёки бирор жиноят қилиб, жаримасини ота-онасига юклаш.

Уйга кеч келиш. Чунки бундай ҳолларда ота-она фарзандидан хавотирга тушади ва безовта бўлади. Чунки уйда бошқа одам бўлмаса, ота-она унинг хизматларига эхтиёж сезади.

Ортиқча нарсаларни талаб қилиш билан ота-онани қийин ахволга солиб қўйиш. Баъзилар ота-оналари кам харажат, қўли калта бўлсалар ҳам, улардан қимматбахо кийимлар олиб беришларини, уйлантириб қўйишларини, янги уй қуриб беришларини сўраб қистайдилар.

Ахли аёлини ота-онасидан устун қўйиш. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ўғил аёлидан ота-онасининг хизматларини қилишни сурайди. Агар улар орасида келишмовчилик содир бўлса, хотиннинг ёнини олади ва бу билан ота-онасини мулзам қилади. Ота-она хузурида аёлига зиёда ширин сўзлар айтиш ҳам мумкин эмас. Чунки ота-онага айтилмаган ширин сўзлар хотинга айтилса, хотин улардан устун кўрилган бўлади.

Ота-онанинг унга эхтиёжи бўлиб тўрганида, улардан алохида яшаш. Бундай ҳолатлар кўп фарзандлар катта ёшга етиб мустақил равишда пул топа бошлагач, содир бўлади ва бу иш ўғилнинг ота-онага меҳри камаяётганлигидан дарак беради. Аммо оилада бир неча фарзанд бўлиб, тунғич ўғиллар уйланганидан сўнг шароит алохида туришни тақозо қилса, бу бошқа масала.

Ота-онанинг номини тилга олишдан ёки уларнинг фарзанди бўлганидан уялиш. Бу оқ бўлишнинг энг катта аломатларидан ҳисобланади. Шундай фарзандлар борки, бирор ижтимоий даража ёки каттароқ мансабга кўтарилсалар, уйида ота-онасининг эскича кўриишнидан хижолат бўлади, юз ўгиради. Ҳатто, шундайлар бўладики, бирор кишини: "Уйингдаги анави чол ким?" деб савол бериб қолса, "Хизматкор", деб жавоб беради.

Яна баъзи фарзандлар мажлис, банкетларда ота-онасининг исмларини тилга олинишдан ор қиладилар! Бу нарса, шубхасиз, пастлик, ақлсизлик, ғурурсизлик ва бадбахтликдан далолат беради.

Уларга ўшқириш, қўл кўтариш. Бу иш факатгина қалби тош, раҳм ва уят, мардлик ва мурувватдан ҳоли бўлган кимсаларнииг қўлидан келади.

Ожиз ва эътиборга мухтож пайтларида уларни ташлаб қўйиш. Бу иш ўта кетган аблахликдир. Шубхасиз, бу ишни қилган кишига ҳеч қандай яхшилик йўқ.

Бирор айб иш қилиб қўйсалар, уларга ёрдам бермасдан, юз угириш. Бу жудаям нотўғри иш. Чунки ота-онага яхшилик қилиш вожиб, гарчи улар кофир бўлсалар ҳам. Шундай экан, баъзи бир нуқсонлик мусулмон ота-онага яхшилик қилмаслигини қандай изохлаш мумкин?!

Уларга хасислик ва бахиллик қилиш, Ота-онага бахиллик қилиб, уларга ҳеч нарса бермайдиган инсонлар ҳам бор.

Ота-онага миннат қилиш ва қилган хизматларини санаш. Баъзилар ота-онасига яхшилик қиладилар, бироқ миннат қилиб, уларни дилларини оғритадилар ва қилган яхшиликлариии йўққа чиқарадилар. Ота-онасининг нарсасидан ўғирлаш. Бу ишни икки гунохи бор: ўғирлик ва оқ бўлиш. Баъзи кимсалар бирор нарсага мухтож бўлиб қолсалар, ота-онасининг қарилиги ёки ғафлатидан фойдаланиб уларнинг нарсаларидан ўғирлаб оладилар. Ота-онасини алдаб уларни пул, ер ёки шу каби нарсаларни беришга мажбур қилиш ҳам ўғриликка киради. Ҳатто қарзга олса ҳам, ниятини яширмаслиги керак.

Ота-онасининг олдида нолиш ва бўлар-бўлмас дардларини тўкиб-солиш. Бу ҳол оқ бўлишнинг энг сезилмайдиган туридандир. Чунки ота-она айниқса, она фарзандининг дардига шерик бўлади, фарзанд қийналса, у ҳам қийналади.

Ота-она изнисиз хорижга кетиш. Айрим фарзандлар зарур бўлмаса ҳам, ота-она изн бермаса ҳам, саёхат қилишни истаб қолади. Бу эса ота-онанинг хасратига, фарзанддан хавотир олишига сабаб бўлади. Отаси ёки онаси вафот этгудек бўлса, сўнгги дамларда ҳам узоқдалиги сабаб ёнларида бўла олмайди. Аммо хорижга кетиш зарур бўлиб, ота- онанинг розилиги олинса, у ҳолда мумкин.

Уларнинг ўлимини тилаш. Айрим фарзандлар, агар ота-онаси бой бўлса, меросга эга бўлиш учун, агар қамбағал ёки касал бўлса, улардан қутулиш учун ота-онасининг тезроқ ўлишини истайди. Бу истакни гарчи уларга билдирмасада, хар бир иш Аллоҳ таолога аёндир, бўйнига оқ бўлганлик гунохи ёзилаверади.

Уларни ўлдириш. Фарзанд бу гунох билан бутунлай бадбахт бўлади. Жахд, ғазаб устида, мастликда, мерос умидида ва шу каби ҳолатларда ота-онасини ўлдириб қўйса, шак-шубхасиз, бадбахт ва оқ бўлади.

Бу ишнииг ўта қабих, оқибатни расво қиладиган жирканч амаллигини хар биримиз тасаввур қила оламиз. Аллоҳнинг ўзи асрасин! Юкорида оқ бўлишнинг баъзи аломат ва кўринишларини санаб ўтдик. Бу амаллар ақл эгаларига ярашмайдиган, солиҳ ва тақводор кишилар хазар қиладиган ёмон ва тубан ишлардир.

Муҳаммадали Каттабаев