Исломда аёлларнинг ҳуқуқи (1-қисм)
Турли сабабларга кўра, аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отишнинг асосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «аёллар масаласи ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжар», деб айтишга мажбур бўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.
Албатта, бизнинг бу масалага ортиқча тўхташга имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом, ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига мухтож ҳам эмас. Фақат, тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериши қабилида иш тутиш мумкин холос.
Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари пойимол қилинишига, балки инсонлик даражасидан махрум қилинишига махкум қилинган эди.
Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар қийинчилик, ор номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин деб, қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва манъ қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса, ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болани тарбия қилганларга нисбатан кўп ваъдалар қилинди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйдагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни учта қизи ёки синглиси бўлса-ю, у уларнинг хархашаларига оғирликларию қийинликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган рахмати туфайли жаннатга киритур» дедилар. Бир киши: - Иккита бўлса-чи? Эй, Аллоҳнинг Расули?-деб сўради. - Иккита бўлса ҳам, дедилар. Бир киши: - Битта бўлса-чи? Эй, Аллоҳнинг Расули? - деб сўради. - Битта бўлса ҳам, дедилар.
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси ака ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизлари ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ҳаммамиз ҳам ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир кишининг хузурида жория бўлсаю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки хисса ажр бўлур», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.
Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат хосил қилмай Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб қилганлар ва уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.
Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба, ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳақига ҳам эгадир.
Муслима аёллар илм, фан ва маданият соҳаларида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.
Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда бу киши қуйидагиларни айтдилар: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб менга: «Сен бунга ҳудди ёзишни ўргатганингдек, намила дамини ҳам ўргатмайсанми?»-дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Олима аёллар вакиласи Ойша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан сахобийлар ўзлари билмаган нарсани, ҳал қила олмай қолган масалаларини Ойша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.
Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган ва қабул қилган.
Дунёга Умари Одил номи билан машхур бўлган забардаст халифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида: «Огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар. Агар у бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоху аллоҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увғиядан ортиқ маҳр бермаганлар У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.
Шунда бир аёл ўрнидан туриб «Эй Умар! Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл) лардан бирига қинтор чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» деди.
Хутбаси бу шаклда кесилган халифа: «Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олдилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача биров аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундоқ иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 6 ҳижрий йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллохнинг зиёрати учун борганларида мушриклар Ҳудайбия номли жойда йўлни тўсдилар.
Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб, туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар. дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта - қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир этиб қўймади.
У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳаллоллари Умму Салама розияллҳу анҳонинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеъани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундоқ ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.
Шунда Умму Салама розияллҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслахатни бердилар:
«Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, айтган амрингиз бўлишини ҳоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасиги бир калима сўз айтмай қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб ҳудди Умму Салама розияллҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган сахобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.
Шундай қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутилиб қолди. Аллоҳнинг пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина ислом умматидан чиқиши мумкин.
Энди муслима аёлнинг нидосини Аллоҳ эшитиб, фикрини тасдиқлаганини ўрганиб чиқайлик. Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига, сен менга онамнинг белидек харомсан, деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек хисобланиб қолар эди.
Кунларнинг бирида Ҳавла бинти Саълаба исмли аёлни унинг Эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра Авс аччиғидан тушгач, надомат қилди ва хотинига, энди сен менга харом бўлган бўлсанг керак, деди. Ҳавла бўлса, Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас, деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб:
-Эй, Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақли ҳушлик пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мени зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?-деди.
-Унга ҳаром бўлибсан, - дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
-Сизга Қуръонни туширган зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламни отаси, энг севимли кишим-ку, ахир?!-деди Ҳавла.
-Унга ҳаром бўлибсан,-дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
-Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллохнинг Ўзига шикоят қаламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим.- деди Ҳавла.
-Унга ҳаром бўлибсан, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва «Сенинг тўғрингда бирор амр қилгани йўқ», деб қўшиб қўйдилар.
Ҳавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди.
Қачон У зот алайҳиссалом, «Сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Ҳавло, «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимни оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан», дер эди.
Ушбу тотишув чоғида Ҳавло бинти Саълаба:
-Ахир, менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар, дер ва бошини осмонга кўтариб:
-Эй бор худоё! Ўзинга ёлвораман. Эй бор худоё! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир», дер эди.
Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:
«Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди», дедилар ва қуйдагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар: «Албатта Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл) нинг сўзини эшитди. Ваҳолангки, Аллоҳ икковингизни гаплашувингизни эшитмоқда. Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир» («Мужодала» сураси, 1-оят).
Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорот бериб хотини билан ярашса мумкинлиги баён қилинган эди. Мана ўн тўрт асрки, ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шариат-қонун сифатида амал қилинмоқда қиёматгача шундоқ бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон ояти тушиши аёл зотиниг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор. Зар қадрини заргар билади, дегандек Ҳавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳамасрлари яхши билганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди.
«Эй Умар,- дебди аёл, - яқиндагина Умарча деб аталардинг, улғайганингдан сунг, эй Умар, деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, эй, амирал мўминин, деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин! Эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким хисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади, деб яна сўзини давом эттираверибди аёл.
Хазрати Умар бўлсалар жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофидагилар у кишига: «Эй, мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» - дейишганда, хазрати Умар уларга жавобан: «Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Ҳавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устида эшитган. Оламларнинг Роббиси уни сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасмиди?!»- деганлар.
Ҳа, ўз сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устида туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат қилиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир ҳам номини эштиганда титроққа тушадиган забардаст ҳалифани кўчада тўхтатиб олиб ҳоҳлаганича насиҳат қила оладиган аёлни ҳам фақат Ислом етиштиради, холос.
Муҳаммадали Каттабаев