Кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидир
“Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидир” (Нажм сураси, 43-оят).
Кўпчилик бу оятни яхшилаб тафаккур қилиб кўрмаймиз. Лекин бу оятда энг катта мўъжизалардан бири айтилган. Аллоҳ таоло “Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидир” демоқда. Яъни, йиғи ҳам, кулгу ҳам аслида Аллоҳдан бўлади.
Аллоҳ таоло кулиш ва йиғлаш сифатини ҳаммага берган. Берганда ҳам бир хил қилиб берган. Дунёда “инглизча кулгу” ёки “африкача кулгу” деган нарса йўқ. Ҳамма бир хил кулади ва йиғлайди.
Агар йиғи ёки кулгуни ҳар ким ўзи пайдо қилиб олганида ҳамманинг кулгуси ёки йиғиси ҳар хил бўларди.
Кимдир: “Ҳамма ҳам бирдек кулмаслиги ёки йиғламаслиги мумкин-ку? Баъзилар кулса, айримлар умуман кулмаслиги мумкин” деб айтиши мумкин. Ундай инсон оятни яхши англамаган бўлади. Оятда “Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг ўзидир” дейилмоқда. Ҳаммани кулдиради, ҳаммани йиғлатади деган маъно йўқ. Аксинча инсон йиғлаганда ҳам, кулганда ҳам ўз ихтиёри билан эмас, балки Аллоҳнинг изни ила йиғлайди ёки кулади. Бу масалага инсон ихтиёрининг алоқаси йўқ. Ҳеч ким “мен ҳозир табиий кулиб бераман” ёки “таббиий йиғлаб бераман” демайди, бундай қила олмайди ҳам. Балки шунчаки ёлғондан кўрсатиб бериши мумкин.
Паттаев Мусохон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси