Яратилиш санаси 30.11.2023

Жаннат ва унинг неъматлари

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатга кирадиган биринчи гуруҳ (бошқа бир ривоятда: «Умматимнинг бир гуруҳи», дейилган) бадр кечасидаги тўлин ой янглиғ бўлади. Сўнг улардан кейингилари осмонда нур сочиб турган чарақлаган юлдуз каби бўлади. (Яна бир ривоятда: «Сўнг бундан кейин даражалар бўлади», дейилган.) Улар у ерда бавл қилмайдилар, ахлат чиқармайдилар, туфламайдилар, бурун қоқмайдилар. Тароқлари олтин, тупроқлари мушк, жуфтлари ҳурлардир (бошқа ривоятда: «Улардан ҳар бирининг иккитадан жуфти бор, гўзал-ликларидан болдирларининг илиги кўриниб туради. Улар ўртасида ихтилоф, бир-бирларини ёмон кўриш бўлмайди. Уларнинг қалблари бир қалбдек, эртаю кеч Аллоҳга тасбеҳ айтадилар», дейилган)» (Муслим ривояти).

Бир ривоятда: «Уларнинг хулқлари бир кишининг хулқидек, бўйлари оталарининг бўйидек (яъни, Одам алайҳиссаломнинг бўйларидек)», дейилган. Яна бир ривоятда: «Оталарининг бўйидек олтмиш зирў бўлади», дейилган.

Ибн Масъуддан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳлидан бўлган аёл (шунчалик гўзалки) болдирининг оқлиги етмишта зийнат ортидан ҳам билиниб туради, ҳатто илиги ҳам кўринади. Бу ҳол Аллоҳ таоло айтганидекдир: «Улар (яъни, ҳурлар софлик ва оқликда) гўёки ёқут ва маржонлардир» (Раҳмон, 58). Чунки ёқут шундай тошки, агар унинг орасидан ип ўтказсанг, софлигидан у ип кўриниб туради» (Термизий ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: «Жаннатда эркаклар кўпми ё аёллар?» деб сўрашганда: «Ҳар бир киши учун иккита аёл бўлади, уларнинг болдирлари суягидаги иликлари гўштининг устидан кўриниб туради. Жаннатда бўйдоқ одам бўлмайди», дедилар.

Юқорида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда жаннатда ҳар бир киши учун иккитадан аёл берилиши айтилди. Бу хабардан жаннатда аёллар эркаклардан кўп бўлиши тушунилади. Ваҳоланки, Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Аёллар жаннатда камчиликдир», деб уларнинг эркаклардан камлиги, аксинча, дўзахда кўпчиликни ташкил этиши айтилган.

Бу ҳақда уламоларимиз турлича фикрлар билдиришган. Шулардан бири: мутлақ аёл зоти жаннатда эркаклардан кўп бўлади, бу тўғри. Аммо бу кўплик жаннатда яратилган ҳурларнинг ҳисобига кўра. Дунёда яшаб ўтган аёллар эса, жаннатда эркаклардан оз бўлади. Бу дунё аёллари дўзах аҳлининг кўпчилигидир.

Жаннатда дунё аёлларининг камлиги ҳақидаги ҳадис аёллар дўзахдалик пайтлари назарда тутиб айтилган бўлса, ажабмас. Қачонки, дўзахдаги аёллар шафоат ва Аллоҳ таолонинг раҳмати туфайли дўзахдан чиқса, ҳатто «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деган бирорта аёл қолмасдан жаннатга кирса, ўшанда аёллар жаннатда эркаклардан кўп бўлиб, ҳар бир эркакка дунё аёлларидан иккитасидан берилади. Ҳурлар эса кўп-кўп ато этилади.

Маълум бўлдики, жаннат ва унинг ичидаги неъматлар сон-саноқсиз ва беҳаддир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биз мўминларга ана шу неъматларни беришни ваъда қилмоқда.

Бизлар мана шундай саодатга эришишимиз учун шариат амр этган барча буйруқларга итоат этишимиз, қайтарганларидан дарҳол қайтишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга жаннат ва унинг ичидаги неъматларни, энг олий неъмат улуғ жамолини насиб этсин.

Маҳмудов Калимуллоҳ

Билим юрти мударриси 

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар