ОРЗУ ҲАВАСГА БЕРИЛИШ ХАЙРЛИ АМАЛДАН ТЎСАДИ.
Абу Саид Худрий дедилар: «Усома ибн Зайд пулини бир ойдан сўнг бериш шарти билан Зайд ибн Собитдан юз динорга чўри сотиб олди. Бунинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот; «Пулини бир ойдан сўнг беришга келишган Усомага ажабланмайсизми?! Ҳа, дарқакикат, Усома орзу-ҳавасга берилибди! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар сафар кўзимни юмиб-очар эканман, шу онда: юмилган кўзларимни ёпган қовокларим қайтадан кўтарилгунича Оллоҳ жонимни олмасмикан, деган гумонга бораман. Бирор луқмани оғзимга солсам, уни ютиб улгурмай: шу луқма бўғзимда қолиб кетмасмикан, деган хавфда бўламан. Эй Одам фарзандлари! Агар оқил бўлсанглар, ўзингизни ўликлардан деб ҳисобланг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, «Албатта, сизларга ваъда қилинган нарса шак-шубҳасиз келгувчидир» (Анъом сураси, 134-оят), дедилар» (Ибн Абу Дунё, Табароний ва Байҳақий ривояти)
Муҳаммад ибн Абу Тавба дейдилар: «Оллоҳ раҳматига олсин, Маъруф ал-Кархий намозга иқомат айтди ва мени имомликка чорлади. Шунда мен:
— Майли, бу намозда имомликка ўтсам ҳам, бошқасида имомликка ўтмайман, - дедим.
— Нима, сен ҳали нафсингга бошқа намозгача яшаб, уни адо қилишни айтяпсанми? Оллоҳ бизни орзу-ҳавасга берилишдан сақласин. Орзу-ҳавасга берилиш хайрли амални тўсади, - деди Кархий».
Абдуллаев Муҳаммадамин
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси