Яратилиш санаси 27.10.2026

ҚАЛБИМИЗНИ ХАРОБА ҚИЛИБ ҚЎЙМАЙЛИК!

Инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи муқаддас китоб бўлмиш Қуръони карим инсон қалбига нур ва ҳаётига мазмун бахш этадиган илоҳий мўъжизадир. Уни ўқиш, ўрганиш ва ундаги ҳикматларни англаш ҳар бир инсон учун беқиёс шараф саналади. Қуръонни таълим олиш йўлида ташланган ҳар бир қадам нафақат кишининг руҳий оламини бойитади, балки унинг оиласи ва бутун ҳаётига чексиз файз олиб киради. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган киши хароба уй кабидир, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, Қуръонсиз қалб нурсиз ва ҳувиллаб қолган маскан кабидир, илоҳий калом эса уни тирилтириб, гўзаллик ва ҳарорат бахш этади.

Қуръонни таълим олиш нақадар улкан фазл ва бахт-саодат экани кўп бор таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир" (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадис шуни тасдиқлайдики, Аллоҳ каломини ўрганишга интилган инсон яратувчининг ҳузуридаги энг маҳбуб бандалар қаторидан жой олади. Қуръон тиловат қилинаётган давраларга фаришталар тушиши, у ерни сокинлик ва илоҳий раҳмат қуршаб олши ҳам ана шу бахтнинг ёрқин ифодасидир.

Қуръони каримни ўрганиш ва уни мунтазам тиловат қилиш оилаларга барака киришининг энг асосий сабабларидан биридир. Бугунги шиддатли даврда кўплаб хонадонларда моддий тўкислик бўлса-да, руҳий хотиржамлик ва ўзаро меҳр-оқибатнинг етишмаслиги кузатилади. Бунинг ечими эса хонадонларни илоҳий калом нури билан мунаввар қилишдадир. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ичида Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикр қилинмайдиган уйнинг мисоли худди тирик билан ўликнинг мисолига ўхшайди”, дейилган (Имом Муслим ривояти). Хонадонда Қуръон оятларининг янграши раҳмат фаришталарини жалб қилиб, оила аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди, хотиржамлик бахш этади ва кундалик ризққа кенглик олиб келади.

Юртимизда Қуръони каримни таълим олишга кенг имкониятлар яратилиб, ҳар бир мадраса, яъни диний таълим муассасалари қошида “Қуръон ва тажвид” курслари очилиб, унда тажвид илмини мукаммал эгаллаган, тажрибали мутахассис устозлар таълим бериб келмоқдалар.  

Хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни таълим олиш шунчаки ўқиш жараёни эмас, балки икки дунё саодатига эришишнинг мустаҳкам пойдеворидир. У дилларимизга ором берувчи, уйларимизни нурга тўлдирувчи ҳидоят манбаидир. Шундай экан, ҳар биримиз бу буюк нематдан баҳраманд бўлишга интилишимиз, ўзимиз ва фарзандларимиз қалбида Қуръонга нисбатан муҳаббат уйғотишимиз лозим. Зеро, Қуръон билан ошно бўлган қалб эгаси яшайдиган хонадонни барака ва тинчлик ҳеч қачон тарк этмайди.

Таълим муассасаси ўқитувчиси Нуриддин Хошимов, манбалар асосида тайёрлади