Энг катта маҳр
Анас улғайгач, Умму Сулаймга Абу Талҳа исмли бой-бадавлат, аммо Исломга кирмаган бир киши совчи юборди.
-Ўғлинг Анас катта бўлиб қолди, мажлисларда ўтирадиган, сўз айтадиган бўлди,- деб ниятини билдирди. Умму Сулайм унга қарата:
-Эй Абу Талҳа, мен сен билан бажонидил турмуш қураман. Сендек ҳаридорнинг қўли қайтарилмаслиги керак. Аммо афсуслар бўлсин, сен мушриксан, мен муслимаман. Менинг сенга турмушга чиқишим жоиз эмас, деб жавоб қилди.
Абу Талҳа:
-Бу не сафсата, Румайсо? Менинг олтин-кумушларим қаёқдаю, сен қаёқда?! Нималар деяётганингни ўйлаб кўр,-деди. Ва қатьият билан айтилган жавобни эшитди:
-Менга олтин ҳам, кумуш ҳам керак эмас. Сен на эшитадиган ва на кўрадиган, на бирор ҳожатингни раво этадиган нарсага ибодат қиласан. Эй Абу Талҳа, фалон қабиланинг қора қул дурадгори ишлаб берган ёғочга ибодат қилишдан уялсанг-чи! Агар сен Исломни қабул этсанг, сенинг мусулмонлигинг менинг никоҳ учун оладиган маҳрим бўлади. Менга бошқа нарса керак эмас!
Умму Сулаймнинг келинлик учун олинадиган бойликларни ўзга бир инсоннинг иймони дея "қурбон бериши" Абу Талҳанинг вужудига титроқ солди. Бундай таклифни рад этишга жавоб топа олмади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло давлатли ва ҳеч кимга сўз бермаган бир жоҳил бандани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда кўрдим, деб башорат берган аёл сабабидан ҳидоятга бошлади.
-Менинг Исломимга ким гувоҳ бўлади?- деб сўради Абу Талҳа.
-Расулуллоҳнинг ўзлари. У кишига бориб айт, - деди Умму Сулайм.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирган эдилар. Ўзлари томон келаётган Абу Талҳага кўзлари тушиб, марҳамат қилдилар:
-Абу Талҳа хузурингизга пешонасида қашқадай кўриниб турган Исломи билан келмоқда.
Шундай қилиб, Абу Талҳа у зотнинг ҳузурларида мусулмон бўлди. Кейин Умму Сулаймнинг нима деганини айтиб берди. У зот Умму Сулайм билан Абу Талҳани ўша шартга мувофиқ никоҳлаб қўйдилар.
Собит Буноний бу ҳақда: "Умму Сулайм олган маҳрдан каттароқ маҳр олингани маълум эмас", деган эди.
"Мўтабар мўмина аёллар" китобидан.
Ишанов Исмоилхон
Билим юрти мударриси