Мустақиллик – олий неъмат, шарафли масъулият, буюк имконият!
Яқин кунларда Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик тўйини катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонлаймиз.
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, кейинги йилларда мустақиллик деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр-қимматини, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини янада теранроқ англай бошладик. Чунки, истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни руёбга чиқариш имконига эга бўлдик.
Халқимиз ўз орзу истакларини, ҳоҳиш иродасининг рўёбини ушбу улуғ айём арафасида яна бир бор англаб етиши шубҳасиз.
1991 йилнинг 31 август куни тарихимиз солномасида худди шундай мўътабар кун сифатида муҳрланиб қолдики, шу куни Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида 1 сентябр юртимизда мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилинди.
Дарҳақиқат салмоғига кўра ойлар, йилларга тенглашадиган, миллатнинг, жамиятнинг, бутун бир мамлакатнинг, неча-неча авлодларнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаб берадиган кунлар бўлади. Мана, ўттиз йилдирки халқимиз бу кунни муқаддас билиб, катта тантаналар билан нишолайди. Чунки, бу бизнинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳисобланади.
Ҳар йили бу байрамга тайёргарлик кўриш тўғрисида махсус ҳужжат имзоланади. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан босиб ўтган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни яна бир бор сарҳисоб қилиб оламиз.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Ўттиз йил аслида асрларни қаритган тарих учун лаҳзага тенг. Бироқ ана шу йиллар халқимиз учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлганини бугун ҳар биримиз юракдан теран ҳис қиламиз. Шу давр мобайнида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаёти маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва онгу дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори ва нуфузини тобора юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирган.
Ҳаммамизга маълумки, собиқ шўролар тузуми даврида юртдошларимизни динимизнинг асосий манбаи Қуръони карим ҳамда ҳадис-у шариф ва ислом динимиз тарихи, одоб-ахлоқ, ҳалол-ҳаром, диний ва миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиздан бебаҳра қолдиришга уринишлар бўлди. Жамоа бўлиб ҳайит намозларини ўқиш у ёқда турсин ҳатто беш вақт намозларни масжидга чиқиб ўқиш, жаноза маросимларида иштирок этиш, рўза тутиш, ифторлик қилиш каби амалларни бажариш имконияти йўқ эди. Ҳаж сафарига боришни фақат орзу қилиш мумкин эди.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг айниқса, охирги беш йилликда биз йўқотишимизга яқин қолган ўша қадриятларимиз яна қайта халқимизга туҳфа этилди, мўмин-мусулмонларга янада кенг имкониятлар яратиб берилди. Халқимиз ўзларининг диний ибодатлари ва урф одатларини яна эмин-эркин адо қилиш имкониятига эга бўлди. Мамлакатимиз фуқароларининг виждон эркинликлари конституция орқали кафолатланди:
Республика Президентининг фармони билан “Рамазон” ва “Қурбон” ҳайитларини дам олиш куни деб эълон қилиниши, муборак ҳаж сафарига борувчилар эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитларни яратиб берилиши, муқаддас ислом дини, ислом фалсафаси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламо ва азиз-авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурурдий, Ҳазрати Имом, Шоҳи Зинда, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий каби мамалакатимиз ҳудудидаги қутлуғ зиёратгоҳ ва қадамжоларни сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг илмий-маънавий меросларни ўрганиш борасида олиб борилаётган ишлар миллий ва диний қадриятларимизга берилаётган катта эътибор эканлигига яна бир далолатдир.
Халқимиз анъаналарига муқаддас ислом динининг рукнлари сингиб, миллий урф одатларига айланиб кетганки, уларни айри ҳолда тасаввур қилиш мушкулдир.
Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз.
Қадрли ҳамюртлар сизларни яна бир бор мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан бутун жамоамиз номидан муборакбод этаман. Сизларга Аллоҳ таолодан мустахкам саломатлик,тинчлик хотиржамлик ва оилавий бахт сўраб қоламан.
Абдулазиз Бобамирзаев