Буюк шоир ва мутафаккир...
Алишер Навоий (1441-1501) – буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби. Тўлиқ исми Низомиддин Мир Алишер. Навоий таҳаллуси остида чиғатой (эки ўзбек тили) ҳамда форсийда (форс тилидаги асарларида) ижод қилган. Ғарбда чиғатой адабиёти ҳисобланмиш ўзбек адабиётининг энг йирик намоёндаcи. Умуман олганда, бутун туркий халқлари орасида у каби йирик шахс йўқдир.
Навоий ёшлигидан Хуросоннинг бўлажак ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро билан дўст бўлган. 10-12 ёшидан шеърлар ёзишни бошлаган. Навоийнинг замондоши бўлмиш тарихчи Хондамир қолдирган маълумотларга кўра, машҳур ўзбек шоири Лутфий қариган чоғларида болакай Навоий билан кўришади ва унинг шеърий иқтидорини юқори баҳолайди.
Ҳаёти давомида Навоий мусулмон Шарқининг турли мамлакатларида бўлади, ўз даврининг таниқли шахслари билан кўришади. Ўзининг шеърий маҳоратини оширади. 1464-1465 йиллар Навоий ижодининг шинавандалари унинг илк шеърий тўпламини (девонлари) тайёрлашади. Бундан кўриниб турибдики, ўша даврлардаёқ Навоий машҳур шоир бўлиб улгурган. 1469 йилгача темурийлар ўртасидаги ўзаро ички низолар туфайли Навоий ўзининг она шаҳри Ҳиротдан узоқда яшашга мажбур бўлган.
1469 йил темурий Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллайди ва Хуросон ҳукмдори бўлади. Шу вақтдан эътиборан, Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади. У мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этади. Шу йили Хуросон ҳукмдори Навоийни давлат муҳрдори этиб тайинлайди, 1472 йил вазир бўлади. Эгаллаган мансаби орқали у мамлакатнинг маданий ва илмий тараққиётида катта ёрдам кўрсатади. Катта мулк эгасига айланади.
1480 йил Ҳирот шаҳрида ва бошқа вилоятларда ўз ҳисобидан бир нечта мадраса, 40 та работ (йўловчилар учун бекат), 17 та масжид, 10 та сўфийлар тураржойи (хонақоҳ), 9 та ҳаммом, 9 та кўприк ва бошқаларни қурдиради. Бироқ, сарой амалдорларига Навоийнинг бу каби фаолияти ёқмайди ва турли фитналар орқали Ҳусайн Бойқаро билан муносабатларини бузишади.
Шундай қилиб, Навоий эгаллаб турган мансабидан озод этилиб, 1487 йил Астробод шаҳрига ҳукмдор сифатида юборилади. Бу ерда у икки йил хизмат қилади. Мазкур муддат ниҳоясига етгачгина, Х. Бойқаро унга Ҳиротга қайтиб, ҳокимиятда мансабга эга бўлишига руҳсат беради. Лекин Навоий бу таклифни рад этади. Рад жавобига қарамай, Бойқаро султоннинг яқин кишиси лавозимини (“мукарраби хазрати султани”) таклиф этади. Бундай лавозимда Навоий барча давлат ишлари билан боғлиқ ишларда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эди.
Шу вақтдан Навоий ҳаётининг янги босқичи бошланади ва у кўпроқ ижод билан шуғулланади. У яратган асарларининг катта қисми айнан шу даврга тегишли. Навоий темурийларнинг сўнгги ҳукмронлик йилларида (1370-1506) яшаб ижод қилган. Шунинг учун унинг асарларида жамоат руҳи, даврга хос муҳим муаммолар устундир. 1490-1501 йиллар Навоий энг нафис, ижтимоий-фалсафий ва илмий асарларини яратган.
Навоийнинг асарлари ХV асрдан ҳозирги кунгача ўзбек адабиёти ривожи учун хизмат қилиб келмоқда. Асрлар давомида унинг асарлари тақлид ва илҳом манбаи бўлиб ҳисобланиб келган.
Мадмусаев Содиқжон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари