Яратилиш санаси 26.02.2024

Зайнаб онамизнинг вафолари...

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин у зот олдиларига Абул Ос келиб: “Мен катта қизингиз Зайнабга уйланмоқчиман”, деди. (--одоб--).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайнабдан бу ҳақида сўраб кўрмагунимча сенга уни бера олмайман”, дедилар. (--шариат--).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнабнинг олдиларига кирдилар ва айтдилар: “Холангнинг ўғли Абул Ос келди ва исмингни зикр қилди. У сенга эр бўлишига розимисан?”. Зайнабнинг юзи қизариб кетди ва табассум қилди. (--ҳаё--).

Зайнаб Абул Ос ибн Робийъга турмушга чиқди. Ўзаро меҳр ва муҳаббатга тўлган бир оила вужудга келди. Улар Алий ва Амома номли фарзандларга ота-она бўлишди. (--саодат--).

Абул Ос бахтли ҳаёт онларида ўзига нисбатан катта муаммога дуч келди. Абул Ос сафарга кетган бир паллада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ тарафидан ваҳй нозил бўла бошлади ва у зот пайғамбарлик мақомига кўтарилдилар. Абул Ос сафардан қайтган вақтда унинг севикли жуфти ҳалоли Зайнаб мусулмон бўлган эди. (--ақийда--).

Зайнаб Абул Осга: “Менда ўзгача бир хабар бор”, деди. Абул Ос ўрнидан туриб индамай чиқиб кетди. (--эҳтиром--).

Зайнаб дахшатга тушди. Абул Ос ортидан эргашиб “Отам пайғамбар қилиб юборилди. Мен ҳам мусулмон бўлдим”, деди. Абул Ос: “Сен аввало менга хабар бермадингми?”, дея ўпкалади. Зайнаб: “Мен отамни ёлғончига чиқара олмайман. У зот ёлғончи эмаслар. Отам ростгўй ва омонатдор шахс. Мусулмон бўлган фақатгина мен эмас. Онам, сингилларим, катта амаким ўғли Али ибн Абу Толиб, амакингиз ўғли Усмон ибн Аффон ва дўстингиз Абу Бакр Сиддийқ ҳам мусулмон бўлдилар” , деди.

Абул Ос: “Лекин мен мусулмон бўла олмайман. Одамлар “аёлини розилиги учун ота-боболарига қарши чиқибди, ўзининг қавмидан бош тортибди” дейишларини ёқтирмайман. Отанг яхши инсон. Қани эди, сен мени тушуна олсанг ва мени оқлашга куч топа олсанг!!!”, деди. (--муроса--).

Зайнаб деди: “Агар мен сизни тушунмасам, мендан бошқа ким ҳам сизни тушуна оларди. Мен сизга ҳақ учун токи сиз шу йўлга имкон топгунингизча доимо ёрдамчингиз бўламан”. (--тушуниш ва чулғаб олиш--).

Зайнаб шу сўзига 20 йил давомида умрининг охирги лаҳзаларигача вафо кўрсатди. (--Аллоҳ учун сабр қилиш--).

Абул Ос мусулмон бўлмаган ҳолда ҳаётини давом эттирди. Сўнгра мусулмонлар учун Мадинага ҳижрат қилишга буйруқ келди. Зайнаб отаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули! Менга эрим билан бирга қолишимга рухсат бера оласизми?”, дея ўтинди. (--муҳаббат--).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эри билан қолишга изн бердилар. (--раҳм-шафқат--).

Зайнаб Бадр ғазоти воқеалари намоён бўлгунча оиласи билан Маккада қолди.  Абул Ос Қурайш қўшини ичида мусулмонларга қарши урушга чиқишга қарор қилди. Зайнабнинг эри Зайнабнинг отасига қарши УРУШАДИ!!!  Зайнаб икки ўт орасида қолди, йиғлади. Аллоҳга ёлворди: “Эй Аллоҳим! Отамдан айриладиган ёки болаларим етим қоладиган ДАХШАТЛИ КУНнинг қуёши осмон узра порлашидан қўрқаман”. (--ҳайрат ва умид--).

Абул Ос ибн Робийъ урушга чиқди ва унда бевосита қатнашди. Уруш ниҳоясига етди. Абул Ос асирга олинди. Бу уруш ҳақидаги хабарлар Маккага етиб келди. 

Зайнаб ҳайрат ичра: “Отамга нима бўлди?”, дея сўради. “Мусулмонлар ғалаба қозонди”, дейилди. Зайнаб дарҳол Аллоҳ таолога шукр саждасини қилиб, сўнгра эри ҳақида сўради. “Уни Муҳаммад асирга олди”, дейилди. 

Бадр ғазотида мусулмонлар асир тушганлар озодлиги учун асирнинг яқинларидан фидя(товон пули) ола бошлаган эдилар. Зайнаб: “Эримни халос этиш учун мен ҳам фидя юбораман”, деди. (--ақл--).

Зайнабда эри учун эваз қилиб берадиган бирор арзирли нарса йўқ эди. У онаси (Хадижа)дан ёдгорлик бўлиб қолган бўйнидаги маржонни ечиб, уни Абул Оснинг укасидан Мадинадаги отаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаликлар юборган товон пулларини қабул қилаётган чоғларида, у зот олдиларига бир тақинчон ташланди. Росулуллоҳ севикли вафоли ёрлари Хадижанинг маржонини кўриб: “Бу кимнинг озодлиги учун юборилди”, дедилар. “Абул Ос ибн Робийънинг озодлиги учун”, дейилди. Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар!!! У зот: “Бу Хадижанинг маржони!”, дедилар. (--вафо--).

Сўнгра ўрниларидан турдилар. Одамларга юзланиб: “Эй одамлар! Бу киши (Абул Ос) айни вақтда куёвимиз. Уни асирликдан озод этасизларми?” (--адолат--), “Ва ушбу маржонни Зайнабга қайтаришга рози бўласизларми?”(--Қўмондоннинг тавозеси--), дедилар.

Саҳобалар: “Албатта, Эй Аллоҳнинг Росули”, дейишди. (--аскарларнинг одоби--).

Росулуллоҳ Абул Осга маржонни тутқазиб унга: “Зайнабга айт, Хадижанинг маржонини эҳтиёт қилсин!”, дедилар. (--Абул Ос кофир бўлишига қарамасдан унинг ахлоқига ишонч билдирдилар--).

“Абул Ос сенга сирли гапим бор”, дедилар. Бир четга чиқиб, унга: “Эй Абул Ос Аллоҳ таоло менга муслима аёл билан кофир эр ўртасини ажрим қилишимга буюрди. Сен менга қизимни жўната оласанми?, дедилар. У: “албатта”, деди. (--мардлик--).

давоми бор…

Саминов Азамжон 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси