Яратилиш санаси 27.02.2024

НАМОЗ ВА УНИНГ МОҲИЯТИ

Намоз (форс, араб-салот) – Ислом кўрсатмалари бўйича бажариладиган махсус ибодат тури. 

Исломдаги беш рукндан бири намоз мусулмонларга меърож кечаси фарз қилинган биринчи ибодатдир. Бир кеча-кундузда беш маҳал (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) намозни ўкиш фарз ҳисобланади. Намоз ўқиш "Аллоҳу акбар" деб такбир айтиш билан бошланиб, сано, Қуръон оятларидан тиловат қилиш, тасбех ва дуолар ўқиш, рукуъ, сажда, тиз чўкиб ўтириш, салом бериш кабилар билан якунланади. Намозда бажариладиган барча амаллар бирлаштирилиб, ёзма холда Муҳаммад Шайбоний (805 йил) томонидан қайд этилгунга кадар, намоз ўқиш тартибини бир хилликка келтириш устида ўтган 150 йил мобайнида саъй-ҳаракатлар қилинган. Қуръон оятлари ва хадиси шарифларда намознинг аҳамияти, фазилатлари ҳақида гапирилиб, уни мукаммал адо этишга ташвиқот қилинади. 

Намоз ўкиш учун намозхоннинг бадан ва кийимлари ҳамда, ўкиш жойи пок бўлиши шарт. Намоз Маккадаги Каъба ибодатхонасига қараб ўқилади. Уни ўқишда махсус тўшама – жойнамоздан фойдаланилади. Намозни киши бир ўзи ёки жамоа бўлиб ўқиши мумкин, лекин жума кунидаги жума намозини масжидда ўқиш тавсия этилади. Жамоа бўлиб намоз ўкиганда намозхонлар қатор туради, улардан бири имомликка ўтади. Намоз пайтида гапириш, ейиш, ичиш, кулиш, дунё иши билан йиғлаш, йўталиш, турли ҳаракатлар қилиш ва бошқа нарсалар мумкин эмас. Касал ва ногаронлар намозни ўзларига қулай ҳолатда ўкийдилар. Исломдаги мазхаблар кўрсатмаларида намозни ўқиш қоидаларининг бир-биридан фарқ қиладиган жихатлари бор. Ўзбекистонда намоз асосан ҳанафийлик мазҳабига мувофик ўқилади. Мамлакатимизда намоз ўқиш учун барча қулайликлар мавжуд бўлган икки мингга яқин масжид фаолият кўрсатмокда.  

Исмаилов Акрамхон 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси