Яратилиш санаси 02.03.2024

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШМАЙЛИК

Юртимизда барча дин вакиллари учун тенг шароитлар яратилган. Бу бош қомусимиз ва қонунларимизда ҳам ўз аксини топган. Аммо, глобаллашув, замонавий технологиялар, ахборот ва электроника асри дея ном олган замонамизда инсоният бошига соя солаётган терроризм, экстремизм, фундаментализм, гиёҳвандлик ва жиноятчилик, шунингдек, миссионерлик сингари сарҳад билмас иллатлар, таассуфки, бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

Замонлар ўзгариши билан миссионерлик фаолияти янгича қиёфаларда намоён бўлаётган бўлса-да, унинг асл моҳияти, ғаразли нияти ўзгарганича йўқ. Ўтган асрларда дунёнинг турли ҳудудларига асосан “инсонпарварлик”, “хайрия ташкилотлар вакили”, “сайёҳ”, “тиббий ходим”, “ўқитувчи” ва “мураббий” каби ясама қиёфаларда кириб борган “тарғиботчилар” кишиларни ҳаётини ўзгартириш қолаверса,  инсоният ҳаётининг бир бўлаги бўлиб қолган ижтимоий тармоқлар орқали ундан фойдаланувчилар онгини заҳарлаб, ғаразли ғояларини оммалаштиришда давом этмоқда.

Хўш, аслида миссионерлик нима? Миссионерлик лотин тилидаги “миссо” – юбориш, топшириқ сўзидан олинган бўлиб, истилоҳий маънода, вакиллик, бошқа бир юртда ўз юрти, халқи, мамлакати, дини манфаатларини кўзлаган ҳолда тарғибот-ташвиқот юритиш, деган маъноларни билдиради. Баъзи манбаларга кўра “табшир” (хушхабар этказиш), “тансир” (насронийлаштириш) атамалари ҳам айни маънони англатади.

Азалдан миссионерлик замирида нафақат диний, балки сиёсий мақсадлар ҳам устувор ўрин тутган. Бу ҳаракат асосан христианликка хос бўлиб, милодий IV асрда христиан дини Византия империясининг расман дини деб эълон қилинганидан кейин, мазкур давлат куч-қудрати ва ташқи таъсир доирасини кенгайтириш мақсадида майдонга келади. Христиан миссионерлари XII-XIV асрларда Ҳиндистон, Хитой ва Японияга қадар кириб борган. XII асрлардаги салбчилар ҳаракати ҳам аслида миссионерликнинг амалий, ниқобсиз кўриниши бўлганлиги, унинг асл қиёфасини ошкор этади.

ХХI асрда фан-техниканинг ривожланиши, айниқса, глобал тармоқ – интернетнинг пайдо бўлиши инсонларнинг ахборот алмашиш имкониятини янада осонлаштирди. Оқибатда, миссионерлар учун эркин ва қулай муҳит шаклланиб, “Facebook”, “Twitter”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқларда исталган ахборотни тарқатиш ва тарафдорлар сафини кенгайтириш имкони пайдо бўлди. 

Халқлар ўртасида зиддиятлар содир этишда сайтларнинг ҳиссаси катта. Уларда манбаси номаълум, ишончсиз шов-шувли ёки ёлғон-яшиқ маълумотлар оммага эълон қилиниб, жамоатчилик фикрини нотўғри шакллантиришга уринишлар кузатилади. Оқибатда, тинч давлатларда ҳам уруш олови ёқилиб, бегуноҳ одамлар, норасида гўдакларнинг қони тўкилмоқда.

Афсуски, кибержиноятчилар бу билан тўхтаб қолишмайди. Сўнги йилларда ёшлар, бевосита ўзбек ёшлари ўртасида энг оммабоп ижтимоий тармоқ сифатида машҳур бўлган “тикток, YouTube” ҳам лоқайдлик, ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига “хизмат” қилмоқда. Унда фойдаланувчи тафаккурини заҳарловчи, реал ҳаётдан узоқлаштиришга қаратилган ёлғон хабарлар сони тобора кўпайиб, айниқса, турли хил диний мавзудаги қайдлар, қотиллик ва жиноий видеолавҳалар, қўпорувчилик ҳаракатлари акс эттирилган расмларга фойдаланувчилар томонидан юқори баҳо берилиши уларни янада кенгроқ оммага тарқатиш имконини бермоқда.

Турли жозибадор ном ва шиорлар билан одамларни йўлдан адаштираётган, тинч-тотув ҳаётига раҳна солаётган экстремистик оқимларнинг мақсад ва ниятлари барчамизга маълум. Шундай экан, ҳушёрликни бир онга ҳам йўқотмаслик, барча яқинларимизни хатарли йўлдан қайтариш инсоний бурчимиз эканлигини унутмайлик.

Насритдинов Ривожиддин 

билим юрти Ёшлар билан ишлаш,
маънавият-маърифат бўлими бошлиғи