Яратилиш санаси 20.08.2021

Мустақиллик миллат равнақи

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, халқимиз ватанимиз мустақиллигидан бошлаб том маънода ўз қадриятларига эга бўлди .Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ иттифоқда дин-диёнат, исломга чек қўйилган эди. Атеизм номи билан инсонларни даҳрийликка даъват қилинар эди. Тўғри, уруш йиллари Ўрта Осиёда мусулмонлар идораси тузишга, масжидлар очилишига рухсат берилган эди. Лекин барибир жамиятда даҳрийлик мафкураси устун турарди. Бобокалонлари исломий билимларда пешқадам бўлган авлод аста-секин ғайридинлар таъсири остига тушиб, уларнинг урф-одатлари-ю, маданиятини қабул қилиб борарди. Кўп жойларда ийд намозларини  бир тўда қариялар  яширинча адо этарди. Расмий лавозимларда ишлайдиган кишилардан ота-оналарига жаноза ўқитмаслик, фарзандларига никоҳ ўқитмаслик талаб қилинарди. Лекин, Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан халқимиз ичида динни қўлида чўғни сақлагандек сақлаб қолган кишилар ҳам бор эди. У зотлар ўшандоқ қийин шароитда ҳам динимизни мусаффо сақлаш, инсонларни ҳидоятга бошлаш учун жон куйдирганлар. Айниқса, бу борада Ўрта Осиё Мусулмонлар Идораси  ходимларининг хизматлари ташаккурга арзийди. Зоҳиран ҳар қанча ҳайбатли кўринмасин, динсизлик жамияти аста-секин емирилиб борди. Аллоҳ таолонинг неъмати сифатида халқимиз бошига мустақиллик қуёши порлади. Динимизга ҳам эркинликлар берилди. Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир сабабларга кўра дин-диёнатга ташна ватандошларимиз ичида фирқаланиш пайдо бўлди. Дин номидан иш кўрадиган, мусулмончиликни суистемол қиладиган кишилар кўзга кўринди. Бу нохушликларнинг асосий сабаби пок ва мўътадил ислом динини таълим бериш издан чиққанлиги, халқимиз ичида Ислом динини мукаммал биладиган уламоларнинг камайгани эди. Такрор бўлса ҳам айтиш мумкинки мустақилликдан сўнг Ўзбекистонимизда 10 дан ортиқ ислом билим юрти, Ислом институти, Ислом Университети ташкил қилинди. 

Мамлакатимиз мутақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлашимиз, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни  ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Ривожиддин Насритдинов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари