Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси (2-қисм)
Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан ўрта аср араб манбаларида, қисман маълумотлар эса олимнинг асарларида келтирилган. Унинг ҳаёти, фаолиятини ёритишда Ибн Холликон (“Вафоёт ал-аъён”), Ибн ал-Анбарий (“Нузҳат ал-алиббо фи табоқот ил-удабо”), Ёқут ал-Ҳамавий (“Муъжам ал-удабо”), Ал-Ёфиъий (“Миръот ал-жинон”), Ибн ал-Жавзий (“Ал-Мунтазам”), Жалодуддин ас-Суютий (“ Буғёт ал-вуот”), Ибн ал-Қифтий(“ Инбаҳ ар-рувот”) ва бошқа араб муаллифларнинг асарлари асосий манбалар жумласидандир. Шу муаллифлар келтирган далилдий маълумотларни умумлаштирган ҳолда Замахшарийнинг оиласи, унинг ёшлик йиллари ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин. Буюк мутафаккир Замахшарий биз авлодларга бой ва улкан мерос қолдирган. У тилшунослик, луғатшунослик , адабиёт, аруз, жўғрофия, тафсир, фиқҳ ва илм-ал қироатга оид олтмишга яқин асар яратган бўлиб, бахтимизга уларнинг аксарияти бизгача етиб келган.
Дарҳақиқат, ўз билим тафаккурининг чуқурлиги ва ноёб истеъдодининг кенг қамровлиги туфайли Замахшарий ўз даврида “устоз ул-араб ва-л-ажам” (“араблар ва ғайри араблар устози”), “Фахрул-Хваразм”(“Хоразм фахри”), Маккада узоқ вақт яшаганлиги учун Жоруллоҳ (“Аллоҳнинг қўшниси”) каби шарафли номларга сазовор бўлган эди. Ҳинд Хусайн Тоҳо таъкидлаганидек, у ўз юрти Хоразмда бўлса ҳам ёки ўзи зиёрат қилган Шарқнинг кўплаб шаҳарларида ҳам доимо машҳур олимлар шоир ва адиблар даврасида бўлар, улар билан қизғин илмий баҳслар, мунозараларда иштирок қиларди, илм аҳллари унинг фикрига қулоқ солар эдилар. Мана шу улкан обрў-эътибор ва буюк даҳо эҳтимол унга ўз асарларидан бирида “ва инний фи Хоразм каъбат ул-адаб” “ростдан ҳам мен Хоразмда адиблар учун (бир) Каъбаман”, деб ёзишга асос бўлган бўлса керак. Тарихий сатрларда айтилишича, Замахшарий илмий асарлар яратиш ва етук шогирдлар етиштиришни ҳамма нарсадан, ҳатто фарзанд кўришдан ҳам юқори қўйган. Илм-фан йўлида ўзини фидо қилишликни Замахшарий ҳар қандай ҳирсиятдан юқори қўяди. Шу боисдан ҳам у “Навобиғ ул-калим” (“Нозик иборалар”) номли бошқа бир асарида “Котиб хати билан қоғозни қоралаш яъни ёзиш соҳибжамолни яноғини (бўса билан) қизартиришдан кўра ҳам ёқимли, деб илм-фанга бўлган ўз муносабатини алоҳида таъкидлайди.
“Ал-Кашшоф” Замахшарий ижодининг гултожи ҳисобланиб, тўлиқ исми “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат-танзийл фи вужуҳ ат-таъвил.”
(“Қуръондаги берк ҳақиқатларни ва уни шарҳлаш орқали ривоятлар кўзини очгич”) дир.
“Ал-Кашшоф” Замахшарийнинг ўзига ҳам ғоят манзур бўлган. Ҳатто у ўз асари ҳақида шундай ёзган эди: “Чиндан ҳам дунёда тафсирлар беҳад кўпдир. Ўлай агар улар орасида “Кашшоф” кабиси бўлса. Агар ҳидоят изласанг “Ал-кашшоф”ни ўқи. Нодонлик бир касал бўлса, “ал-Кашшоф” унинг шифосидир”[3].
Пайғамбаримиз алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан нозил қилинган Қуръони карим Ер юзидаги барча инсонлар учун ҳидоят манбаидир. Шунинг билан бирга Қуръони карим илоҳий китобларнинг охиргиси ва мукаммалидир. Аллоҳ бирон бир қавмга пайғамбар юборар экан, ўша замондаги инсонларнинг энг мукаммал даражага етган мутахассисларини ожиз қолдирадиган сифат билан сифатлантирган (мўжиза билан зийнатлаган), шу йўл билан Ўз пайғамбарининг ҳақ пайғамбарлигини исботлаган. Мисол учун сеҳргарлик жуда ҳам авж олган қавмга Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди ва Мусо алайҳиссаломга берилган мўъжиза билан сеҳргарларнинг сеҳрини ботил қилди .
Табобат ривожланган, табиблар ўлимдан бошқа барча касалликларга шифо топадиган бир даврда у қавмга Исо алайҳиссаломни жўнатди.
Исо алайҳиссаломга ўликларни тирилтиришдек мўжиза ато қилди ва шунинг билан энг моҳир табибларни ҳам лол қолдирди.
Қуръон нозил бўлишидан илгари араблар орасида нотиқлик юқори даражага кўтарилган эди. Фасоҳат ва балоғатда тенги йўқ араб шоирлари тез-тез мушоира уюштириб туришарди. Ғолиб бўлган шоирларнинг шеърларини Макка деворига осиб қўйишарди. Қуръони карим нозил бўла бошлагач, араб шоирлари орасидаги энг машҳур шоирлар ҳам бу қадар фасоҳат ва балоғатли калом олдида ожиз қолдилар. Аллоҳ ўзининг охирги муқаддас каломи билан уларни лол қолдирган эди. Бу ҳақда Замахшарий ўзининг “ал-Кашшоф” тафсирининг муқаддимасида шундай ёзади: “(Аллоҳ) Қуръони каримни нозил қилиш билан бирга сўзамолликда энг кучли арабларни у ( Қуръони карим ) билан тортишишдан ожиз қилиб, мулзам қилди. Уларнинг энг хатиблари ҳам Қуръон олишувга чақирганда соқов бўлиб қолди. Улар Қуръони каримнинг энг кичик сурасига тенг келадиган бирон сўз келтиришга қодир бўлмадилар. Ҳолбуки, улар кўлдаги тошлардан, саҳродаги қумлардан ҳам кўп эдилар. Тажвузкорликда энг машҳурларининг ҳам, Қуръони каримга қарши туриш учун асаб томирлари ҳам урмади.
Денгиз тўлқинланиб тошди ва (сув юзидаги ) юлдузлар акси қочди .
Қуёш чиқди ва юлдузлар нури сўнди”[4].
Қуръони карим 23 йил давомида мавжуд вазиятга кўра, ёки янги вазиятларга мос холда нозил қилинган. Олдин нозил бўлган оятларни кейинги оятлар насх қилган вақтлар бўлган. Зоҳирда бир хил, ботинда бошқа маъно берувчи оятлар мавжуд, баъзи оятларнинг ҳақиқий маъноларини тушуниш қийин бўлган. Бундай оятларнинг ҳақиқий маъноларини пайғамбар алайҳиссалом саҳобийларга шарҳлаб берган. Мусулмонлар асри саодатдан узоқлашгач, Қуръони каримга амал қилиш учун, унинг маъно моҳиятини кенгроқ очиб берадиган зотларга – муфассирларга эҳтиёж орта борган.
“Замахшарий ҳам тафсирини ёзишдан олдин ўзидан аввал ёзилган Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганган. Улардан унумли, танқидий фойдаланган. Натижада мукаммал бир тафсир яъни “ал-Кашшоф” вужудга келган. Асарда айниқса, Қуръоннинг филологик таҳлилига катта аҳамият берилган. Шу сабабли унинг филологик қиймати бениҳоя катта. Шу боис шу вақтгача етиб келмасдан йўқ бўлиб кетган кўплаб асарлар ҳақидаги маълумот ва тасаввурларни ҳозирги замон тадқиқотчилари фақат Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”идан олиб, ўша асарлар қиймати ҳақида фикр мулоҳазаларга эга бўладилар холос[5].
[3] Уватов.У. Маҳмуд аз-Замахшарий. – Т.:Абдулла Қодирий. 1995. – Б.15.
[4] Маҳмуд аз-Замахшарий. “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ат таъвил ва уюнил ақовил фи вужуҳ ат таъвил. Байрут. Дор ал-китоб ал-илмия. 2006. – Б. 8.
[5] Қаранг: Уватов. У. “Маҳмуд аз-Замаҳшарий”. – Т.: Абдулла Қодирий. 1995. – Б. 23.
Ахунжанов Қобилхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси