Яратилиш санаси 06.11.2023

Замахшарийнинг “Рабийъ ал-аброр” асари (1-қисм)

Замахшарийнинг ўз давридан ҳозирги кунгача ҳам қадр-қиммати, илмий аҳамиятини йўқотмаган “Рабийъ ал-аброр ва нусус ул-ахбор” (“Эзгуликлар баҳори ва хабарлар изҳори”) асари муҳим аҳамиятга эгадир.  Махмуд Замахшарийнинг илмий-маънавий меoросида унинг “Рабийъ ал-аброр ва нусус ул-ахбор” (“Эзгуликлар баҳори ва  хабарлар изҳори (баёни)”) энг муҳим асарларидан бири ҳисобланади. Ҳажм жиҳатидан жуда катта бўлган бу асарда илм-фаннинг турли масалалари билан бир қаторда одоб-аҳлоқ ва тарбиявий ҳарактерга эга бўлган қимматли маълумотлар ўрин олган. Муалиф бу асарини ҳижрий 528 (милодий 1134) йилда Маккаи мукарамада Қуръони карим тафсирига баағишланган “ал-Кашшоф” номли асарини ёзиб тугатгандан кейин ёзган. Асар таркибий жиҳатдан тўқсон саккиз бобдан иборат. Асар баёнида муаллиф ҳар-бир бобда келтирилаётган мавзунинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларидан, шунингдек саҳобалар ва тобиийлар сўзларидан, араб ва ажам диёрларидан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирлар, анбиёлар (Бани Исроил набийларидан ) келтиради, ҳар бир бобнинг охирги қисмларида айни шу мавзу маъносига дахлдор ўзининг ва бошқа муаллифлар шеърларидан ҳам келтиради. Бу асарда келтирилган кўпдан-кўп муҳим маълумотлар Замахшарий ҳазратларининг  араб ва бошқа халқлар (айниқса шарқ халқлари)нинг маданияти, маънавияти ва аҳлоқий турмуш тарзининг нақадар чуқур ва мукаммал билганлигидан унинг бу йўналишидаги дунёқараши ва тафаккур олами ғоятда кенг ва тўла бўлганлигидан далолат беради. Китобнинг (асарнинг) номи ҳақида турли фикрлар билдирилган. Ўрта асрларда яшаб фаолият кўрсатган кўп олимлар Замахшарийнинг ушбу асарини “Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахбор” деб ёзган бўлсаларда, баъзи муаллифлар эса бироз бошқача номда зикр қилганлар. Жумладан, машҳур араб географ олими Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229) ўзининг “Иршод ул-арабий” номли асарида (7 жилд, 151 бет) уни “Рабийъ ал-аброр фи-л-адаб ва-л-муҳадорот” (“Одоб-аҳлоқ ва маърузаларда эзгуликлар баҳори”) деб бир қадар бошқача ном билан атаган. Таниқли немис шарқшуноси Карл Броккелман “Араб адабиёти шархи” номли машҳур асари биринчи жилди 1жилд, 289 бет )да асарни қисқача “Рабийъ ал-аброр” деб ёзиб, ўз асарига (кейинчалик) ёзган таълиқ, қўшимчада (1-жилд, 512-бет) асар номини “Рабийъ ал-аброр фий мо ясирру-л-хавотир  ва-л-афкор” (“Зеҳнлар (хотирлар) ва фикр мулоҳазаларга сурур (хурсандчилик) берадиган, бағишлайдиган эзгуликлар баҳори”) деб атаган. Ҳажм жихатидан жуда катта бўлган ва баъзи ҳолларда ибораларни идрок этиб чуқур англаш мураккаблик туғдирганидан Замахшарийдан сўнг ўтган баъзи муаллифлар бу асарни қисқартириб, соддалаштириб, уни мухтасар холга келтирганлар. Шулар жумласидан Мавлоно Муҳйиддин ибн ал-Хатийб Қосим ибн Яъқуб (У 940/1534 йилда вафот этган) Замахшарийнинг ушбу асарини мухтасар ҳолга келтириб, унинг ғоятда фойдали ўринларини олиб, “Равзул-ахбор ал-мунтахаб  мин рабийъ ал-аброр” (“Рабийъ ал-аброр”дан танлаб (саралаб) олинган хабарлар чаманзори) деб номлаб, тўқсон саккиз бобдан иборат бўлган асар аслини “50 (эллик) чаманзор” (равза)га келтириб қисқартирган. Бундан ташқари асарнинг бошқа қисқартирилган нусхаларини ҳам кўриш мумкин. 

Жумладан, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Авлиё Сўфия номли кутибхонасида 4331 рақами остида сақланаётган бир қўлёзма “Нузҳат ал-мустаънис ва нузҳат ал-муқтабис” (“Сурурга интилганлар ороми ва талабгорлар учун (қулай) фурсат ”) номи билан аталган ва у “Робийъал-аброр”нинг қисқартирилган мухтасар нусхасидир. Шунингдек Ҳиндистон (Деҳлидаги) Худабахш кутубхонасида сақланадиган 2607 рақами остидаги қўлёзма “Нафаҳат азҳор рабийъ ал-аброр” (“Рабийъ ал-аброр”даги гуллар хушбўйликлари”) деб аталиб, у ҳам Замахшарийнинг “Рабийъал-аброр” асарининг соддалаштирилган нусхаси ҳисобланади. “Рабийъ ал-аброр”нинг тўрт жилддан иборат бўлган қўлёзма нусхаси Бағдоддаги (Ироқ) “Мактабат ул-авқор” кутубхонасида (386, 387, 388, 389 рақамлари остида) сақланади. Асарнинг қўлёзма нусхалари Лейден, Берлин, Станбул, Лейпсиг, Париж, Лондон, Манчестер, Брилл, Фаъс, Машҳад, Ромбур, Бухоро (рақами 7/416) каби шаҳарлардаги кутубхоналарда сақланади. Мана шу қўлёзмалар ичида Бағдоддаги (Мактабат ул-авқор) қўлёма қимматли ва муҳим ҳисобланади. Бу қўлёма ҳижрий 634 (милодий 1238) йилда, яъни муаллиф Замахшарий вафотидан (1144 йилда) 94 йил ўтгандан кейин чиройли насх хатида кўчирилган бўлиб, асарнинг тўлиқ ва мукаммал нусхаси ҳисобланади. Асарни ироқлик олим доктор Салим ан-Наиймий томонидан тайёрланган (афсуски йили кўрсатилмаган) танқидий нашри ҳам асосан мазкур (Бағдоддаги) шунингдек Истанбулдаги (Авлиё Сўфияда) ва Париж нусхаларига асосланган. Айтиш жоизки, тадқиқотчи доктор Салим ан-Наиймий тўрт жилдлик бу танқидий нашр жуда катта меҳнат самарасида вужудга келган. Ҳажм жиҳатидан жуда катта бўлган (масалан тадқиқотчининг биринчи жилди 879 саҳифадан иборат) бу ишда тадқиқотчи жуда кенг кўламдаги муҳим изоҳлар ва шарҳларни амалга оширганки, бу зарурий қисмлар Замахшарий хазратларининг бундан қарийб тўққиз аср муқаддам яратилган бу қимматли асарини тўлиқ идрок этиб, чуқур англашимизда беқиёс аҳамиятга эгадир. 

Алломанинг айниқса, ҳар қандай жамият, ҳар қандай давр учун ҳам ғоятда муҳим ва долзарб бўлган одоб-аҳлоқ, чин инсоний қадриятлар ва фазилатлар, ҳулқ-атворга оид ўгитлар ва насиҳатомуз фикр-мулоҳазаларни ҳозирги давримиз учун ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Бу қимматбаҳо маълумотлар жамиятимиз учун зарур бўлган ҳар томонлама баркомол авлодни, комил инсонни тарбиялашда, айниқса зарурлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳикматлар ва донишмандларнинг инсон маънавий камолотидаги, ижтимоий ҳаётдаги юксак ўрни ҳақида муқаддас манбалардан (Қуръони карим, пайғамбар ҳадисларидан) Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлар,буюк сиймолар айтиб кетган ҳикматли иборалар, таъкидларда кўп ўринларда келтирилади. Бу ҳикматлар аксар холларда насрий шаклда бўлсада, кўп шаклларда назмий (шеърий) қитъалардан ҳам кенг фойдаланилган. Исломгача ўтган ижод аҳли илк исломдаги шоирлар (дунёга машҳур шоирлар уларнинг кўпи)нинг назмий меросларидан зикр келтирилган. Муаллиф (Маҳмуд Замахшарий) “Рабийъал-аброр” асарига ёзган муқаддимасида булар ҳақида батафсил тўхталиб, асарда келтирилган ҳикматларнинг инсон ҳақида, жамият тарақиётида алоҳида ўрин эгаллаши билан бир қаторда бу ҳикматлар инсон зериккан, ҳар хил сабабларга кўра тушкун (ёки кайфияти ёмонлашган) пайтларда инсонга эстетик завқ бериб, уни ҳаётга қизиқишини, маънавий-маърифий савияси ва салоҳият даражаси ошишини, ижтимоий фаоллиги кучайтирилишида муайян рол ўйнашини алоҳида таъкидлайди. Асар бутун мазмун моҳияти билан ҳар томонлама тараққий қилган, ривожланган жамият қуришда холис, беғараз хизмат қиладиган маънавий комил инсонларни тарбиялашда беқиёс ўринга эгалиги билан ажиралиб туради. Асарда фойдаланилган кўпдан-кўп ва хилма-хил йўналишдаги манбалар, даврий жиҳатдан жуда кўп замонларга мансуб муаллифлардан жуда катта маҳорат ва юксак дид фойдаланилганини, булар ҳаммаси Маҳмуд Замахшарийнинг билим ва тафаккур дунёси ғоятда кенг ва ғоят юқори даражада бўлганлигига ёрқин далил бўла олади. Халқ орасида кенг тарқалган ҳаётий хикматлар, мақол ва нақиллардан ҳам талай ўринларда келтирилгани, бу ҳолат азалдан қадим Шарқда умумхалқ даҳоси ва тафаккур ғоясида кенг ва уларнинг дунёқараши жуда баланд, юксак бўлганлигини кўрсатади. 

Масалан, асарнинг 1-жилди 43-бобида келтирилган ва ўша даврда халқ орасида кенг тарқалган хикматлардан бири қуйидагича келтирилган. Халқ бир донишманддан шундай саволни сўрайди: Йилнинг қайси фасли яхши (афзал), деб сўраганда: Баҳор куз (кўриш учун, завқланиш учун). Куз оғиз учун (чунки кузда мева-чевалар пишган пайтида яхши) деб жавоб берган экан. Юнон файласуфи Арасту: “Ҳаётдан кизб (ёлғон) билан яшагандан кўра, ҳақиқат (сидқ) билан вафот этган яхши”. – Араб олими Ибн Уяйна: “Инсон зоти учун энг улуғ неъмат – соғлик-саломатликда, хотиржамлик ва хуш вақтликда узоқ умр кўришдир”. – Луқмони Ҳаким: “Отанинг болага танбеҳи (матнда “уриши” деб берилган) экинзорга солинган ўғит кабидир деган ҳикмати келтирилган.“Рабийъ ал-аброр”да келтирилган фикр-мулоҳазаларнинг ровийлари (муаллифлари) жумласидан тўрт халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ибн Абу Толиб), машхур саҳобалар, тобиийлар ва машхур фақиҳ олимларини учратиш мумкин. Улардан айримларини келтирамиз: ан-Нуъмон ибн ал-Марзабон. У ҳанафий махзҳабининг асосчиси Абу Ҳанифанинг бобоси (жаддуҳу) шарҳ ва изоҳларда тадқиқотчи, уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида муҳим маълумотлар келтиради.Суфён ас-Саврий ҳадис илмининг буюк алломаларидан бўлган (93 ҳижрийда туғилган 161 ҳижрийда вафот этган). Шу билан бирга Исо алайҳиссалом айтган ҳикматлардан ҳам кўп келтирилади. Абу Бакр ал-Хоразмийдан фикрларкелтирилган (323 ҳижрийда туғилган 383 ҳижрийда вафот этган).Жумлалар орасида қадимда бўлиб ўтган воқеа ва ходисаларга оид ишоратлар ва хабарлар келтирилади, бу эса Махмуд Замахшарийнинг илм ва салоҳияти нақадар чуқур ва мукаммал бўлганлигини кўрсатади. Бундан келиб чиқадики, Замахшарий хазратлари нафақат ислом дини тарихини, балки ислом динигача бўлган воқеалар, ўша узоқ даврларга ҳос бўлган, фаолият кўрсатган ҳукмдорлар, ўша даврда яшаган олимлар ва мутафаккирларнинг хаёти, уларнинг илмий ва маънавий мерослари айниқса одоб-ахлоққа, тарбиявий масалаларга оид фикрлари, ғоялари билан ҳам яхши таниш бўлган, улардан унумли ва ўз ўрнида самарали фойдаланилган.

Асар билан танишар экансиз, бу асарда шу қадар кўп сонли олиму-уламолар, мутафаккирлар, донишмандларнинг ғоятда (ўша даврда) кўп бўлганлигидан ҳайратда қоласиз. Қанчалик даҳога ва илмга чанқоқликка эга бўлган Замахшарийнинг бу ибратли фаолияти биз авлодларга қолдириб кетган буюк ва бой илмий-маънавий мероснинг аҳамияти беқиёс эканлигига комил ишонч ҳосил қиламиз. 99-боб. Осмон (само) ва юлдузлар (кавокиб), арши аoло ва курсий (тахт) ҳақида. 101-боб. Машҳур мусаллматлар муаллифи Имрул Қайсдан назмий лавҳалар (ибратли) келтирилган. 108-боб. Яна бир жиҳати эътиборга моликки, Махмуд Замахшарий бу асарида (яъни “Рабийъ ал-аброр”да) ўзининг бошқа бир асари “Навобиғ ал-калим” (“Нозик иборалар”)да келтирган одоб-аҳлоққа оид ҳикматларидан ҳам айримларини намуна сифатида келтириб ўтади. Бундан маълум бўладики, “Рабийъ ал-аброр” “Навобиғ ул-калимдан” кейин яратилган. Шунингдек айни шу (108) бетда муаллиф ўзининг яна бошқа бир асари “Ан-насоиҳ ас-сиғар” (“Кичик насихатлар”) номли асаридан ҳам айрим ибратли ҳикматлар келтиради. 

Умуман олганда, “Рабийъ ал-аброр” энциклопедик асар бўлиб, у шеър, тарих, адабиёт ва барча илм соҳаларини ўз ичига олган асар ҳисобланади. Маҳмуд Замахшарий ушбу асарда нафсларни сайқаллаш ва салафи солиҳларнинг тоза, ҳақиқий меросини ифодалашни мақсад қилган.

Асарнинг биринчи қисмида одоб-ахлоққа оид бўлган вақтлар, дунё ва охират зикри, дўзах ва унинг қўрқинчи, жаннат зикри, ватанни севиш, фаришталар, шайтон ва унга ўхшаганлар, пайғамбарлар, араб ва ажамлардан бўлган халқлар, ҳамият, ёрдам бериш, ғайрат, биродарлик, муҳаббат, Аллоҳ учун яхши кўриш ва ёмон кўриш, одоб ўргатиш, таълим, маданият, таълим берувчи ва тўғриловчилар мавзулари ёритилган. Асарнинг биринчи қисми муқаддима ўлароқ ёзилганлиги учун унда бошқа мавзуларга ҳам кенгроқ ўрин берилган[1].

[1] Қаранг: Рабийъ ал-аброр ва нусус ал-ахёр.  Муассаса ал-аъламий лил-матбуот / таҳқ. Абдуламир Меҳно. 1192. – Ж. 1. – Б. 479-480.

Ахунжанов Қобилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси