Яратилиш санаси 20.03.2024

БИР ХИЛ САВОЛГА ИККИ ХИЛ ЖАВОБ...

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилади: 

 وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (93-оят).

Ривоят қилинишича, бир гуруҳ олимлар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи борасида ихтилоф қилишган. Қотил учун тавбага йўл борми? Бир олим: “Бундай қотилга тавба йўқ”, деса, бошқаси: “Йўқ, тавба (қилиш имкони) бор”, дейди. Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бир жамоага келиб ўтирдилар. Бир киши келиб: “Қасддан (мусулмонни) ўлдирадиганга тавба борми?” деб сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Йўқ”, дедилар.

Бир муддат яна бир киши келиб Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: “Қасддан (мусулмонни) ўлдирадиганга тавба борми?” деб сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ҳа”, дедилар. 

Ҳаммажлислари: “Қандай қилиб бу сўзни айтасиз? (аввал сўралганда) “Йўқ” дедингиз-ку . Бугун эса: “Ҳа”, деяпсиз” дейишди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Мендан биринчи бўлиб савол сўраган қасддан (одам) ўлдирмоқчи эди. Иккинчи сўровчим эса одам ўлдириб қўйган эди. Биринчисини қўрқитдим, иккинчисини Парвардигори раҳматидан ноумид қилмадим”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо буни иймон фатонати, қалб кўзи билан билган эдилар.

Ахунжанов Қобилхон

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси