Гўзал ўгит...
Абул Ҳасан Ҳарақоний ҳикоя қилади: Бир куни Луқмони Ҳаким ўғлига: “Бугун рўза тут ва куни билан нима гапирсанг, ҳаммасини ёзиб бор. Кечқурун ифтор вақти гапирган гапларингнинг ҳисоботини берасан, сўнг овқатланасан”, деди. Кеч кирганда ўғил отасига куни билан гапирган гапларининг ҳисоботини берди. Ҳисобот тугагунига қадар саҳар бўлиб қолди. Кейинги куни ота ўғлига яна рўза тутишни ва гапирганларини ёзиб боришни буюрди. Кечқурун ўғил ҳисоб бергунча тун ярмига етди. Учинчи куни ҳам Луқмони Ҳаким ўғлига айни ишни буюрди. Шунда ўғли ўзига ўзи: “Кечқурун отамга куни билан гапирганларим ҳисоботини бергунимча, тун ярим бўлаяпти, ифтор қилишга вақт қолмаяпти”, деди ва ҳисоб беришдан қўрқиб, куни билан ҳеч нарса гапирмади. Кечқурун отаси ҳисобот талаб қилди. Ўғил: “Кечқурун сизга ҳисоб беришдан қўрқиб, куни бўйи ҳеч нарса гапирмадим”, деди. Отаси шунда: “Бор, ифтор қил”, дея ижозат берди. Ўғил қувонганича ифторлик қилишга кетди”.
Абул Ҳасан Ҳарақоний бу ҳикоятдан шундай хулоса қилади: “Камгап одамларнинг қиёматдаги аҳволи Луқмони Ҳаким ўғлининг учинчи кунги ҳолидек енгил ва қувончли бўлади”.
Муҳаммадхон Абдраҳманов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси