Яратилиш санаси 28.03.2024

Закот...

Закот моли нисобга етган кунидан бир йил ўтса, ўша куниёқ бериш лозим бўладиган ибодатдир. Закот Рамазонда берилиши керак, деган қоида йўқ.

Рамазонда амаллар савоби кўпайтириб берилади. Чунки, Салмони Форисий разийаллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

من تقرب فيه بخصلة من الخير كان كمن أدّى فريضة فيما سواه ومن أدّى فريضة فيه كان كمن أدّى سبعين فريضة فيما سواه

“Кимки Рамазон ойида яхшиликдан бирортасини ўз ихтиёри билан қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни қилгандек бўлур. Кимки Рамазонда бир фарзни қилса, худди бошқа ойларда етмишта фарзни бажаргандек бўлур”. (Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да ривоят қилган).

Шунинг учун одамлар закотларини Рамазонда беришга тўғрилайдилар. Яъни, моллари нисобга етганидан сўнг ҳали бир йил ўтмасдан туриб Рамазон келиши билан закотларини бериб, кўпроқ савобга ноил бўладилар.

Баъзилар моли нисобга етганидан сўнг келгусидаги бир неча йиллик закотларини ҳам берадилар. Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу закотини бир неча йиллигини аввалдан беришига рухсат сўраганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар. Буни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа каби муҳаддислар ривоят қилганлар.

Муҳаммадхон Абдраҳманов

 "Ҳидоя" ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар