Қози Байзовийнинг устозлари
Қози Байзовий кўплаб шайхлардан илмни ўрганди. Ўша пайтда Табриз шаҳри форс уламоларининг маркази эди. Қуйидаги уламолар Қози Байзовийнинг шайхлари эди:
- Шайх Муҳаммад Каҳтоий.
Тўлиқ исми Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад Каҳтоий Суфий. Қози Байзовий зоҳидлик ва ибодатда эргашган шахларидан бири. Қози Байзовий унинг иршод ва йўллашларига эргашган. Вафот этгунича Байзовий унга ибодат ва тақвода иқтидо қилган. Субкий “Табақотул кубро” китобида зикр қилишича, Байзовий Шероз шаҳри қозилигидан кетганидан кейин Табризга келади ва маълум вақт яшаб туради. Шайх Муҳаммад Каҳтоий Байзовий қозилик лавозимига қайтиш учун шаҳар амиридан ёрдам сўраб, Байзовий ҳақида амирга бу фазилатли олим амир билан дўзаҳда бирга бўлмоқчи деди. Шайх Муҳаммад Каҳтоийнинг бу гапларидан қаттиқ таъсирланган Байзовий дунёвий мансабларни тарк қилишга қарор қилиб, вафот этгунича Каҳтоийни лозим тутади ва унинг таклифи билан ўзининг тафсирини ёзган. Байзовий вафот этгач устози Каҳтоийнинг қабри олдига дафн қилинди.[1] Ушбу қисса шунингдек Хованисорий “Равзотул жаннат” китобида зикр қилинган.[2]
- Умар ал-Бушконий.
Тўлиқ исми Шарофуддин Умар Закий Бушканий. “Шаддул-азрор” китоби муаллифи айтади: У мавломиз Шарофуддин Умар Закий Бушканийдир. Уламоларнинг устози, фозил кишиларнинг мурожаат қиладиган кишиси, ўз замонаси машҳурларининг бошпанасидир. Бирор бир фанни қолдирмасдан ўрганиб чиққан. Ўрганган илмига амал қилган. Шунингдек ибодатгўй бўлиб, кеча ва кундузлари кўп намоз ўқиган. Таҳорат ва поклик юзасидан очиқ ойдин, балиғ ижтиҳод қилган. Фақат Аллоҳнинг розилиги учун қадам босган. Умри давомида бефойда гапларни гапирмаган. Илмга ҳурмати баланд бўлгани учун дарс қилиш учун алоҳида бир курсиси бор эди. Ўз асрининг кибор уламоларидан бўлгани учун унинг қўлида кўплаб шогирдлар таҳсил олган, улардан: Шайх Зоҳируддин ибн Абдурроҳман ибн Али ибн Барғаш, мавломиз Назируддин Маҳмуд ибн Муслиҳ Шерозий. Қози Байзовий ҳам ундан тарбия олган ва унинг қўл остида етук киши бўлиб чиқди. Айтилишича, Қози Байзовий барча китобларининг ёзилиш усулини Бушканийнинг қораламаларидан олган. Бушканий 680-йилда вафот этган.
- Насийруддин ат-Тусий
Хованисорий “Равзотул жаннат” китобида зикр қилишича, Тусий Базовийнинг шайхларидан бири ҳисобланган.[3] Ибн Касир “Бидоя ван ниҳоя” китобида Тусий ҳақида шундай дейди: “Тусийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Тусий, гоҳида Мавло Насируддин, Ҳужа Насируддин дейилган. Ёшлигида илм билан машғул бўлиб авоил илмида яхши таҳсил олиб кейинчалик калом илмига оид китоб ёзди ва Ибн Синонинг “Ишарот” китобига шарҳ ёзган. Тусийни баъзи бағдодлик олимлар мақиаб эслашади: “У оқил, фозил ва ажойиб хулқ соҳиби эди”. Тусий ҳижрий 682 йили зулҳижжа ойининг 12 куни 75 ёшида вафот этган. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин”.
- Шиҳабуддин ас-Суҳравардий:
Саҳрувардийнинг тўлиқ исми Умар ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳамуядир. “Аворифул маъориф” китоби муаллифи. Ибн Касир у ҳақида шундай дейди: “Унинг исми Абдуллоҳ Букро Бағдодий, Шиҳобуддин Абу Ҳавс ас-Саҳровардий, Бағдоддаги сўфийларнинг шайхи эди. Халифалик ва подшоҳликлар ўртасида кўп сафар қилгани сабабли кўп Аллоҳ унга кўп мол берган ва уларни муҳтож ва фақирларга бўлиб берар эди. Ҳаёти бир маротаба ҳаж қилган ва ўзи билан сонини фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи биладиган фақирларни олиб кетган. Яхшиликка буюриб ёмонликларлан қайтариб инсонларга ваъз насиҳат қилар эди. 630 ҳижрий йили 73 ёшида вафот этган.”[4]
Субкий у ҳақида шундай дейди: “Саҳроваридий фақиҳ, фозил, суфий, имом, ўз замонасининг буюк шайхларидан эди. У мужоҳада ва риёзат йўлини танлаган. Фиқҳ, араб тилини яхши ўрганган. Маълум вақт ҳадисларни эшитиб, дунёдан воз кечиб ҳилватни ўзига лозим кўради ва ибодат, зикр ва рўзада давомий бўлди”.[5]
Қози Байзовийнинг Саҳрувардийга шогир эканлиги ҳақида Хованисорий Абул Қосим Казрунийдан нақл қилишича, ўзининг “Мавсумун бисилмис-самавати” китобида Қози Байзовий Саҳрувардийнинг баъзи ишларида шерик бўлганини келтирган. [6]
Юқорида зикр қилинган шайхлар Қози Байзовийнинг ҳамма устозлари эмас. Чунки фалак, луғат, мантиқ ва тарих илмларида мохир бўлган. Бундай даражага етишиш учун албатта устозга муҳтож бўлган. Лекин кўриниб турганидек, Қози Байзовийнинг машҳурлиги кўплаб устозлари исмларини тарих назардан четда қолдирди.
[1]Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Тақиюддин Субкий. Тобақотуш шафиъиятил кубро. Ж-5. - Қоҳира. «Ҳусайния» нашриёти, 1974 й –Б. 59
[2]Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. - Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й –Б. 34
[3]Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. - Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й . –Б. 134
[4]Исмоил ибн Умар ибн Касир ал-Қураший ад-Димашқий. Ал-бидоя ван ниҳоя. Ж-13. – Байрут. “Мактабатул маъориф” нашриёти, 1977 й -Б. 138, 139
[5]Тожуддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Тақиюддин Субкий. Тобақотуш шафиъиятил кубро. Ж-8. - Қоҳира. «Ҳусайния» нашриёти, 1974 й –Б. 338, 341
[6]Мирзо Муҳаммад Бақир Мақсувий Ҳаванисорий Асбаҳоний. Ровзотул жаннат фи аҳвалил уламо ва садат. Ж-5. - Қум. «Муҳр истивор» нашриёти, ҳ. 1391 й –Б. 134-бет
Муҳиддинов Музаффар
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси