Ақоид илмининг номлари (1 қисм)
Ақоид илми ўз тарихининг турли босқичларида шароит ва тушунчалардан келиб чиқиб, бир неча номлар билан аталган.
Дастлабки вақтда Исломий илмларнинг барчаси битта “Ислом” номи остида эди. Кейинроқ ундан ҳар хил илмлар ўзига хос ном билан ажраб чиқа бошлади. Ақоид илми ҳам ўзининг охирги номида барқарор бўлгунча бир неча исмларни алмаштирди.
“Ал-Фиқҳул Акбар”.
Ақоид илмига “Ал-Фиқҳул Акбар” номини берган киши Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.а) дирлар. У киши ақоид бўйича бир китоб имло қилиб, уни “Ал-Фиқҳул Акбар” деб номлаганлар. Бу китоб чоп қилинган. Ҳанафийлар ва бошқалар томонидан ўрганилади.
Аслида, фиқҳ сўзи бир нарсани нозик-нозик жойларигача аниқ ва тўлиқ фаҳмлашни англатади. Намоз, рўза, олди-сотди, бошқа муомалалар каби амалий шаръий ҳукмларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга фиқҳ деб айтилади.
Шаръий ақийдавий аҳкомларни аниқ ва тўлиқ ўрганувчи илмга эса, “Ал-Фиқҳул Акбар” – катта фиқҳ, деб айтилади. Чунки, шу илм бўлмаса, уни тушуниб етилмаса, қилган амаллар ҳам муроддагидек бўлмайди. Шунинг учун ҳам, амалий фиқҳ – кичик фиқҳ, ақийдавий фиқҳ – катта фиқҳ ҳисобланади.
“Илми Калом”.
Бу исм ақоиднинг энг машҳур исмидир. Бу исм ўзидан олдинги исм – “Ал-Фиқҳул Акбар” исми билан бир асрда, яъни иккинчи ҳижрий асрда зоҳир бўлгани кўринади. Чунки, бу исм имом Абу Ҳанифа ва имом Молик, имом Шофеъий ва бошқалардан ривоят қилинган. Улар ўз ижтиҳодларида Илми Калом ва Мутакллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар.
“Илми калом” исмининг ишлатилиши эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала шу илмда ўрганилганидандир.
“Илми усулид дин”.
Яъни, Ислом шариати ва диндан олинган эътиқодий ҳукмларни баҳс қилувчи илм, дегани. Чунки, бу илм асл бўлиб, бошқа диний илмлар унга эргашади.
Бу ном ҳам иккинчи ҳижрий асрида чиққан бўлиб, Аллоҳ таолонинг “Унинг асли собитдир, фаръи – шохи эса осмондадир” оятидан олиб шаръий ҳукмларни аслларга ва фаръларга тақсим қилингандан кейин келиб чиққан.
Бу исмни биринчи бўлиб ишлатган шахс имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийдирлар. У киши ўз китобини:
“Ал-Ибона фил усулид Дияна” деб номлаганлар. Кейин эса Абдул Қодир ал-Бағдодий ал-Ашъарий “Усулуд дин” китобини ёзган.
“Илмут Тавҳид”.
Аслида, Тавҳид фақат илоҳий сифатлардан бири бўлибгина қолмай, балки барча сифатларни жамловчи Аллоҳга лойиқ бўлган ва Аллоҳнинг зотида ундан ўзгага лойиқ бўлмаган ҳамма нарсаларни баён қилувчи нарсадир. У Ислом миллатининг шиоридир. Ислом у билан танилган ва бошқа динлардан имтиёзли бўлган.
Зарурий ақийдаларнинг бу ном билан аталиши, Аллоҳнинг вахдонияти бу ҳақдаги баҳсларнинг энг машҳури ва энг шарафлиси бшлгани учундир.
Бу исм ўнинчи ҳижрий асрдан кейин кенг тарқалди. Мисол учун, шайх Муҳаммад Абдуҳ “Рисолатут Тавҳид” ни таълиф қилди. Машҳур тафсирчи ал-Қосимий “Далоилут Тавҳид” ни ёзди.
“Илмул Ақоид”.
Бу ўзидан олдинги исмлардан кейинроқ, тўртинчи ҳижрий асрда пайдо бўлган. Ақоид фалсафа билан, айниқса, нақлий ақийдалар ақлийлари билан аралашиб кетганидан сўнг, салафи солиҳнинг холис ақийдасини кейингиларнинг фалсафа аралашган, ақлий таъвийлларга қоришган ақийдасидан ажратиш учун ушбу исмни ишлатишга ҳожат тушган.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси