Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари
Диний фанларнинг асосини Қуръоний илмлар деб аталадиган «Улум ал-Қуръон» соҳаси ташкил этади десак муболаға бўлмайди. Қуръоний илмлар орасида Қуръоннинг нозил бўлиш сабаблари, оятларнинг нима мақсадда келтирилгани, оятларнинг ваҳий этилишида қайси воқеалар ёки ҳодисалар сабаб бўлганини ўрганадиган фан ҳам борки, у ўз номи билан «Асбоб ан-нузул» деб аталади.
Аллоҳ таолодан ҳеч қандай сабабга, воқеага боғлиқ бўлмаган ҳолатда нозил қилинган оятлар. Бунда фақатгина халқни ҳаққа ҳидоят қилиш назарда тутилган бўлади. Чунки Қуръони Карим инсониятни ҳидоят қилиши учун, уларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган. Унинг асосини Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтириш, Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этиш, қиёмат бўлишига ишониш кабилар ташкил этади. Бундай ояти карималар жуда кўп. Бундай оятлар ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг қиссалари, қиёматдан берилган хабарлар ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бўлиши ҳам мумкин.
Иккинчи қисмга эса бирорта сабабга боғлиқ равишда нозил қилинган оятлар киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар иштирокида ўтган бирор бир ҳодисага аниқлик киритиш, саҳобалар орасида тарқалган икки хил фикрнинг тўғрисини билдириш, қандайдир саволга жавоб бериш, бирор бир феъл ёки гапга нисбатан шариатнинг ҳукми қанақалигини кўрсатиш кабилар оят нозил бўлишига сабаб бўлган.
Лекин шуни таъкидлаш керакки, сабабга боғлиқ ҳолатда нозил қилинган оятларнинг ҳаммасини ҳам аниқлашнинг имконияти йўқ. Чунки бу нарса уламоларга етиб келган аниқ хабарлар, саҳиҳ ривоятлар, мутавотир нақлларга боғлиқдир. Бинобарин, бу борада келган ана шундай хабар, ривоят ва нақлларнигина олинади. Шунинг учун бундай хабар, ривоят ва нақлларни ўрганадиган ва натижаларни таҳлил қиладиган алоҳида илм пайдо бўлди ва унинг номи «Асбоб ан-нузул» деб аталди. Бу илмнинг моҳир билимдонлари ўз асарларини яратдилар.
Кўплаб Қуръон илмлари мавжуд бўлиб, кўплаб тармоқларга бўлинади. Бу ҳақида қадимгилар ва муҳаддислар айтадилар. Улар орасида умумлаштирганлар ва батафсил баён қилганлар бор. Ҳар бири ўзининг ихтисосига кўра гапирган. Улардан баъзилари Қуръон оятларини шаръий ҳукм жиҳатидан ўрганган. Яна баъзилари Қуръони каримнинг балоғат ва фасоҳат томонларини ўрганади. Яна баъзилари нозил бўлиш сабабларини ўрганади.
Имом Жалолиддин Суютий Қуръон илмларидан саксонтасини зикр қилиб барчаси ҳақида сўзлаб қисқача баён қилиб берган ва ҳар биттасига мисолларни келтирган. Бадриддин Заркаший эса Суютийдан ўтиб кетган. У Қуръон илмлари тўғрисида сўзлаб зеҳнларни очадиган нарсаларни зикр қилган ва Қуръоннинг ҳазиналарига йўллайди. Шунга ўхшаш кўплаб муфассир олимларни мисол келтиришимиз мумкин. Лекин Тафсирул Байзовий асари кўплаб Қуръон илмлари келтирилган. Бу китоб олдинги фақиҳ, муҳаддис ва наҳвшуносларнинг фикрларини қисқача, ўқувчига малол келмайдиган даражада жамлаган. Бу фикрлар шундай қисқа ифодаланганки, мақсад қилинган маънолар очиб берилган. Қози Байзовий Қуръон илмларига тааллуқли бўлган сабабун нузул, носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳ, ом ва хос, мутлақ ва муқайяд, ҳақиқат ва мажоз, истиора, таъриз ва киноя, хабар ва иншо каби Қуръони карим ишора қилган олий даражадаги илмлар, нозик ҳукмлар, ақл эгалари лол қоладиган ҳақиқатларни баён қилган.[1]
Қози Байзовийнинг оятларнинг нозил бўлиш сабабларидаги тутган йўлини уч қисмда келган:
- Нозил бўлиш сабаблари саҳиҳайнда келган қисм;
- Нозил бўлиш сабаблари саҳиҳайнга мувофиқ келадиган қисм;
- Нозил бўлиш сабаблари саҳиҳайнга мувофиқ келмайдиган қисм.
Нозил бўлиш сабаблари саҳиҳайнда келган қисмга мисоллар келтирсак:
Қози Байзовий Аллоҳ таолонинг “Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир...” оятининг нозил бўлиш сабабини зикр қилиб шундай дейди: “Мулк бўлиб тушганлардан мурод кофир эрлари бўла туриб асрга тушган аёллардир. Бу аёллар асрга олувчилар учун ҳалолдир. Никоҳ эса асрга тушиш билан кўтарилади. Бунга Абу Саиднинг гапларини далил қилишимиз мумкин: Автос куни қўлимизга асиралар тушди. Ваҳоланки уларнинг эрлари ҳам бор эди. Улар билан бирор иш қилишни яхши деб билмадик ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақида сўраган эдик, натижада мана шу оят нозил бўлди”[2]
Юқоридаги ҳадисни Муслим ривоят қилиб шундай дейди: “Абу Саъийд ал-Худрийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни Автосга қўшин жўнатдилар. Улар душманга йўлиқиб жанг қилдилар. Мусулмонлар зафар қучиб асирларни қўлга киритдилар. Саҳобалардан баъзилари асирга тушган аёлларга уларнинг мушриклардан бўлган эрлари борлиги учун ошиқ бўлиб қолмаслик учун ўзларини четга олдилар. Мана шу пайтда Аллоҳ таоло “Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар” оятини нозил қилди. Яъни, улар сизга иддалари тугаганидан кейин ҳалолдирлар”.[3]
Қози Байзовий Аллоҳ таолонинг “Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар. Сен: “Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшидир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир”, деб айт” оятини нозил бўлиш сабабини баён қилиб шундай дейди: “Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумада хутба қилаётган эдилар. Бирданига карвон овқат кўтариб келиб қолди. Ўн икки кишидан ташқари барча одамлар уларнинг олдига чиқди. Шу пайтда ушбу оят нозил бўлди.”[4]
Юқоридаги ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилган: “Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар: Биз пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан жума намози ўқиётган эдик тижорат карвони келиб қолди. Ўн икки кишидан ташқари ҳамма одамлар карвон товон ёпирилдилар. Шу пайт “Ва улар тижорат ёки ўйин-кулгу кўрганларида, унга томон ёпирилдилар ва сени тик ҳолда тарк этдилар” ояти нозил бўлди”[5]
Нозил бўлиш сабаблари саҳиҳайнга мувофиқ келадиган қисмга мисол келтирсак:
Қози Байзовий Аллоҳ таолонинг “Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни авф этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг...”[6]ояти нозил бўлиш сабабида шундай дейди: “Ривоят қилинишича мусулмонларга рўза пайти кеч бўлганда хуфтон намози ўқилгунига қадар ейиш-ичиш ва аёлларга яқинлик қилиш мумкин бўлган. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу ҳуфтон намозидан кейин аёлларига яқинлик қилиб қўйдилар ва пайғамбаримиз соллоллаҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб узр сўрадилар. Бошқа одамлар ҳам хуфтон намозидан кейин қилган ишларига иқрор бўла бошладилар. Шунда мана шу оят нозил бўлди”[7]
[1]Юсуф Аҳмад Али. Байзовий ва манҳажуҳу фит тафсир. - Макка. «Уммул қуро» университети, 2007 й - Б. 151, 152
[2]Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Қози ал-Байзовий. Тафсирул Байзовий. Ж-1. - Байрут. «Ал-машҳад ал-ҳусайний» нашриёти, 1999 й– Б. 108
[3]Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ал-Қушайрий ан-Найсобурий. Саҳиҳу Муслим бишарҳин Надавий. Ж-10. – Байрут. “Дару иҳйаит туросил арабий” нашриёти, 1969й –Б. 34,35
[4]Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Қози ал-Байзовий. Тафсирул Байзовий. Ж-1. - Байрут. «Ал-машҳад ал-ҳусайний» нашриёти, 1999 й 736-бет
[5]Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий бишарҳи фатҳил барий. Ж-4. - Қоҳира. «Мустафо ал-бобий» нашриёти, -Б. 300
[6]Бақара сураси, 187-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсиру Ҳилол. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, 2008 й
[7]Носириддин Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Қози ал-Байзовий. Тафсирул Байзовий. Ж-1. - Байрут. «Ал-машҳад ал-ҳусайний» нашриёти, 1999 й– Б. 39
Муҳиддинов Музаффар
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси