Талоқнинг луғавий ва истелоҳий маънолари
“Талоқ” сўзи луғатда “моддий ва маънавий тугунни ечиш” маъносини англатади. Шаръий истелоҳда эса “никоҳ ақдини махсус лафзлар билан ечишлик, бекор қилишлик”ка айтилади. Талоқ шариатда китоб, суннат, ижмоъ билан машруъ бўлди. Талоқнинг шариатдаги машруъиятига ва унинг ҳукмларининг баёнига қуйида келтириладиган оят ва бундан бошқа бир неча оятлар ва ҳадислар асос бўлади.
قال الله تعالى: الطلاق مرتان فامساك بمعروف او تسريح باحسان
“Талоқ икки мартадир. Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки чиройлик суратда ажралиш (мумкин)” (Бақара. 229 - оят).
Ушбу ояти каримадаги “Талоқ икки мартадир” деган жумлани Исмоил Ҳаққий р.а ўзларининг тафсирларида зоҳирий кўринишда хабарий бўлиб турган бу жумладан ирода қилинган нарса амрдир дейди. Яъни агар талоқ қўймоқчи бўлсангиз икки дафъада икки марта талоқ қўйинглар деганидир. Яна “Икки дафъада” деган тафсирлари билан бир лафз билан бир дафъада икки талоқ қўймасликни уқдирмоқда. Чунки икки ва уч талоқни ўртасини жамлаб қўйишлик Абу Ҳанифа р.а нинг наздиларида ҳаромдир, дейди. “Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш” лик дегани бундан буёғига ислоҳ билан яхши ҳаёт кечиришлик мақсадида аёлига қайтмоғидир, дейди. Аммо аёлга зарар етказиш мақсадида аёлига қатмоқлик бу ояти кариманинг таҳтига дохил бўлмайди. “Ёки чиройлик суратда ажралиш (мумкин)” дегани эса, агар бундан буёғига турмуш қуриш ният бўлмаса аёлининг иддаси тамом бўлган вақтда уни чиройлик суратда тарк қилмоғидир. Чиройли суратда ажралишлик, эр вақтики хотинини тарк қиладиган бўлса, хотинининг маҳрга ўхшаш молий ҳақларини бермоқлиги ва ажрашгандан кейин уни ёмонлик билан зикр қилмаслиги ва инсонларни ундан нафратлантирмаслигидир, дейди.
Бу бобдаги ҳукм шуки:
Агар эр хотинига духул (яқинлик) қилганидан кейин хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қўядиган бўлса, модомики хотинининг иддаси тугамаган бўлса хотининг розилигисиз унга қайтмоқлик ҳуқуқига эга. Лекин хотинининг иддаси тугаган бўлса ёки хотинини унга духул қилмасдан аввал талоқ қўйган бўлса ёки хотини билан хулуъ қилишган бўлса ёки хотинини боин талоқ қилган бўлса ушбу суратларларда хотиннинг ўзини изни ёки хотиннинг валийсини изни билан янги никоҳ қилишлик орқали хотин эрга ҳалол бўлади.
Агар эр хотинини уч талоқ қўйган бўлса хотин эрига асло ҳалол бўлмайди ҳатто, бошқа эрга тегиб чиқмагунича ва мана шу иккинчи эри билан хотиннинг ўртасида тўлақонлик жинсий яқинлик ҳосил бўлишлиги шарти билан. Чунки бу борадаги ояти каримада:
فَاِنْ طَلَّقَهَا فَلاَ تَحِلُّ لَهُ مِن بَعْدُ حَتَّى تَنْكِحَ زَوْجًا غَيْرَهُ
“Бас, агар (аввалги икки талоқдан) кейин (учинчи) талоқни қўйса бас ана шу хотин эри учун ҳалол бўлмайди ҳатто, бошқа эрга тегмагунча” (Бақара. 230-оят), деб мутлақ никоҳланишлик ҳақида гап кетаётган бўлсада жинсий яқинлик шарт эканлиги ҳақидаги ҳукм машҳур ҳадис билан қайдланди.
Уч талоқдан кейин эрда хотинга нисбатан иддадан бошқа ҳақ қолмайди. Аввалги эрига ҳалол бўлишлиги учун иккинчи эрга тегиш абадий, табиий оила ҳаёти кечириш нияти ила бўлган бўлса. Бу маъно учта шарт билан юзага чиқади.
1. Бошқа эрга тегиш никоҳланиш орқали бўлиши керак. Зино ёки бошқа йўл билан хотин биринчи эрга ҳалол бўлмайди.
2. Иккинчи никоҳ саҳиҳ никоҳ бўлиши шарт. Фосид никоҳ – шариат кўрсатмаларидан бирортасига хилоф равишда қилинган никоҳ бўлса хотин биринчи эрига ҳалол бўлмайди.
- Иккинчи эри билан тўлақонлик жинсий алоқада бўлиб, лаззатланган бўлиши шарт.
عن عائشة رضي الله عنها قالت: ان امرأة رفاعة القرظى جائت الى رسول الله
صلى الله عليه و سلم فقالت: يا رسول الله ان رفاعة طلقنى فبت طلاقى و انى نكحت بعده عبد الرحمن بن الزبير القرظى و انما معه مثل الهدبة قال رسول الله صلى الله عليه و سلم لعلك تريدين ان ترجعى الى رفاعة لا حتى يذوق عسيلتكِ و تذوق عسيلته. رواه الخمس
“Рифоъа ал-Қуразийнинг хотини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг росули, Рифоъа мени талоқ қилди. Талоқ қилганда ҳам боин талоқ қилди. Мен ундан кейин Абдураҳмон ибн Зубайр ал-Қуразийга никоҳландим. Ундаги нарса эса, этакнинг титилган учига ўхшар экан”, деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен Рифоъага қайтишликни ҳоҳлаётган бўлсанг керак? Йўқ! токи, у сенинг асалингни тотимагунича ва сен унинг асалини тотимагунингча бўлмайди”, дедилар”. Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоятдаги қаҳрамон саҳобиянинг номлари Тамийма бинти Ваҳб розияллоҳу анҳодир. У аёлни биринчи эри Рифоъа ал-Қуразий боин талоқ қўйган. Бошқа ривоятларда айтилишича бир талоқ – бир талоқ қилиб уч марта қўйган. Кейин Тамийма бинти Ваҳб розияллоҳу анҳо Абдураҳмон ибн Зубайр исмли кишига эрга теккан. Лекин у киши жинсий ожиз экан. “этакнинг титилган учига ўхшар экан” дегани чопоннинг этаги титилиб бир нарсага ярамай қолганига ўхшаш, дегани. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи эр билан тўлақонлик жинсий алоқа бўлмагунича аёл биринчи эрига ҳалол бўлмаслигини “асалини тотиш” истелоҳи билан баён қилдилар.
Абу Ҳанифа р.а наздида аёлларнинг ҳур ёки чўри бўлишига қараб талоқнинг борасида икки қисмга тақсим қилинади.
- Ҳур аёлнинг талоғи уч талоққача давом этади.
- Чўрининг талоғи эса икки талоққачадир.
Ҳар икковларининг ҳам эрлари ҳур ёки қул бўлишлиги масалага ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди.
Талоқ фақатгина мукаллаф кишидан воқеъ бўлади. Яъни сабий боладан, мажнундан ва яна ўғилнинг хотинига отаси томонидан, қулнинг хотинига хожаси томонидан ва яна маътуҳ кишидан талоқ воқеъ бўлмайди.
Маътуҳ – яхши тушунмайдиган, гаплари аралашиб кетадиган кишидир.
Мукаллаф киши агарчи маст бўлса ёки қул бўлса ҳам талоқ воқеъ бўлади. Албатта бу мастлик хамр ёки набиз билан бўлади.
Уйқусида алақсираб талоқ қилган кишининг талоғи воқеъ бўлмайди.
Ишанов Исмоилхон
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси