Яратилиш санаси 27.06.2024

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА КИМЛАР? (2 қисм)

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ аҳли сунна кимлар эканлиги борасида сўралганида: “жаҳмий, қадарий, рофизий каби бирор лақаб орқали танилмаган мусулмонлардир”, деганлар. Яна суннат ҳақида сўралганида: “суннатдан бошқа номи бўлмаган нарса” дея Аллоҳ таолонинг Анъом сураси 153-ояти “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан адаштириб қўярлар” ни тиловат қилганлар. 

Аҳли сунна вал жамоа бирор партия ёки фирқа ёки тоифа эмас, балки, ислом умматининг оммаси, аксар кўпчилик қисмини ташкил этувчи мусулмонлардир. Улар аввалги фазилатли уч аср мусулмонлари бўлган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлар ҳамда уларнинг йўлларини тутган уламолар ва бошқа мусулмонлардир. Улар инсонлар фирқаларга бўлиниб кетганда ҳам ҳақ динда собит қолган ва набавий манҳажни ушлаган зотлардир.

Аҳли сунна деганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини билиб маҳкам тутган ва унинг тақозосига амал қилган мусулмонлар тушунилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг суннатимни ва рошид халифаларимнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг”, деганлар (Абу Довуд ва Термизий ва бошқалар ривояти).

Жамоат деганда бир неча маъноларни тушуниш мумкин:

  1. Ҳақ устида жамланиш ва фирқаланмаслик;

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоат раҳмат, фирқаланиш эса азобдир”, бошқа ривоятда: “Ўзингизга жамоатни лозим тутинг, фирқаланишдан сақланинг. Чунки шайтон якка қолган билан биргадир”, деганлар (иккиси имом Аҳмад ривояти).

Яна бир ривоятда: “Ким жамоатдан бир қарич ажраб вафот топса, ўлими жоҳилият ўлими бўлади(Имом Муслим ривояти).  

  1. Мусулмонлар жамоаси ва саводул аъзам (улкан жамоа);

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ихтилофни кўрсангиз, саводул аъзам (катта қора жамоа)ни ўзингизга лозим тутинг”(Ибн Можа ва бошқалар), яна бир ривоятда: “Саводул аъзамга эргашинглар. Чунки ким тарқоқ бўлса, дўзаҳда ҳам тарқоқ бўлади(Ҳоким ривояти).

Қуръон ва суннатга эргашган, Росулуллоҳ ҳамда саҳобалардан ворид бўлган ривоятлар орқали салафи солиҳлар йўлини тутган, бошқа тоифаларга ўхшаб динга янги бидъатларни жорий қилмаган, динни ўзгартирмасдан кейинги авлодга етказиб берган, Набий алайҳиссалом нажот топувчи фирқа бу саводул аъзам (улкан жамоа) деб васфлаган сифтларини ўзида жамлаган Аҳли сунна вал жамоа бу Ашъарий ва Мотуридий ақийдавий мазҳаби эканлигини умматнинг энг кўзга кўринган уламолари айтиб ўтишган. Улар умматнинг мутлақ катта қисмини ташкил қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим залолат устида жамланмайди”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Бу икки мазҳаб соҳиблари алоҳида жамоатдан ажраб чиқишмаган, алоҳида мазҳаб ҳам тузишмаган, балки, салафи-солиҳлар ақийдасини жамлаб тасниф қилишган. Замонасида пайдо бўлган адашган ва бидъатчи тоифаларга илмий раддиялар беришган. Шуни яхши англаб олиш керакки, салафи-солиҳлардаги илмий меросни, дин манҳажини кейинги авлодга етказиб берган уламолар Ашъарий ёки Мотуридий бўлишган. Агар Ашъраий ва Мотуридийни адашганга чиқарилса, унда бизгача етиб келган ислом шариати илмларини ҳам эътиборга олмаслик керак. Бу эса айни залолатдир. Чунки Аллоҳ таоло бу динни Қиёматга қадар амал қилишини кафолатига олган. 

Аллоҳ таоло Ўз йўлидан адаштирмасин. Нажот топувчи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида ҳаёт кечиришни насиб айласин.

[1] Ибн Касир (2/79)

Азамхон Саминов.

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси