Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари (5-қисм)
5. Замондошларининг у киши ҳақларидаги мақтови.
У кишининг замондошларидан Вараъул Фузийл ибн Иъёз шундай дейдилар: «Абу Ҳанифа фақиҳ одам эдилар, фиқҳда бой деб танилганлар, ўз сафдошлари орасида афзали бўлиб машҳур бўлганлар, кеча ва кундузлар илм ўргатишда катта сабру тоқатли эдилар. Кечани чиройли суръатда ўтказувчи, кўп жим турувчи, кам гапирувчи, ҳатто ҳалол ёки ҳаром ҳақидаги масалада ҳам кам сўзли эдилар. У киши ҳақ нарсага далолат қилишни ҳам чиройли ҳолда адо этардилар».
Жаъфар ибн Робеъ айтадилар: «Мен Абу Ҳанифа билан беш йил бирга турдим. Мен у кишидек узоқ жим турадиган одамни кўрмадим. Агар фиқҳдан бирор нарса сўралса, очилиб водийдек оқа бошлардилар».
Замондошларидан Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: «Абу Ҳанифа илмнинг илиги эдилар».
Яна Аъмоли айтадилар: «Абу Ҳанифа ҳақиқий фақиҳдирлар».
У киши ҳақларида Муҳаддис ибн Журайж шундай дейдилар: «Тезда илмда унга ажойиб бир даража бўлади». Катта бўлганларида эса: «Албатта у фақиҳдир, албатта у фиқҳдир», деганлар.
У киши ҳақларида баъзи замондошлари шундай дейишган: «Абу Ҳанифа ўзларидек ҳадисни яхши фаҳмлайдиган одамни билмаганлар. Чунки ҳукмдаги сабаб бўлувчи иллатларни лафз ва муносабатлар орасидан чиқарардилар. Сўздаги маънони гапнинг зоҳирига қараб айтмасдилар. Балки маъносини фаҳмлаб ва иллатни чиқариб ажратиб олардилар-да, ишларнинг муносабатига ва ҳолатларига боғлаб, кейин бино қилардилар. Демак, ўша бино қилган ҳукмлари аслий бўлиб, маънода ўхшашдир».
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси