МОВАРОУННАҲРДА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТАРҚАЛИШИ (2 қисм)
Шофиъий мазҳабининг атокли вакили, Ўрта Осиё бўйича шофиъийлар имоми тошкентлик Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший эди. У ўз даврининг машҳур кишиси фақиҳ, муҳаддис, муфассир, усулий адиб ва шоир бўлиб, кўп асарлар ёзган. "Усулул-фиқҳ" ва "Шарҳур-рисола" номли асарлари катта шуҳрат қозонган. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, ўша даврда Мовароуннаҳр ҳудудида унга тенг келадиган олим ва фақиҳ бўлмаган. Заркалийнинг ёзишича, у фиқҳ, ҳадис, луғат ва адабиёт бўйича ўз даврининг атокли олими ҳисобланган. Олим кўп сафарлардан кейин ўз шаҳри Тошкентга қайтиб келиб, шу ерда ҳаётдан кўз юмган. Унинг қабри Ҳастимом ёнида бўлиб, мухлислар мозорига айланган.
Котиб Чалабийнинг ёзишича, унинг ўғли шайх Қосим ибн Муҳаммад ал-Қаффол аш-Шоший шофиъий мазҳабида энг муҳим, мукаммал ва эътиборли китоблардан бири бўлмиш "Ат-Тақрийб фил-фуруъ" номли асарнинг муаллифи эди.
Ўша даврларда шофиъий мазҳаби, Хуросон, Туркистон ва Эронда катта эътибор қозонган эди. Хожа Низомулмулк ўзининг "Сиёсатнома" асарида таъкидлашича, Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳанафий мазҳабида бўла туриб, ибодатларни шофиъий мазҳаби қоидаларига асосланиб адо этарди. Салжуқийларнинг машҳур вазирларидан бири Амидул-Мулк Абу-Наср ал-Кундурий Ҳанафий мазҳабида шунингдек "Сиёсатнома" китобининг муаллифи Хожа Низомулмулк шофиъий мазҳабида эдилар.
Шунингдек, ушбу даврда мўътазилийлар кенг қамровли ақидавий курашни йўлга солиб, ўз ғояларини тарқатишга уриндилар. Уларнинг ақидавий усулларига таянган шиалар, айниқса, Исмоилийлар ва уларнинг турли гуруҳлари (Ботинийлар, Қарматийлар) билан суннийлар орасида кескин кураш авж олган бир пайтда, Абу Мансур Мотуридий Ҳанафий мазҳабининг яловбардори сифатида қад кўтариб, ўзининг кўп сонли асарлари, жадал ва мунозаралари билан, Эътизол, Ботиния ва Қарматия қарашлари нотўғри эканлигини исботлаб берди, аҳли сунна вал жамоа, айниқса, Ҳанафий мазҳабининг мустаҳкамланишига катта ёрдам кўрсатди. Халқуни қозонган бундай ғалабаси билан табриклаб, Қорахонийлар томонидан, калом илмида у яратган йўналиш (Мотуридий ақоид мазҳаби), аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодий асоси деб эълон қилинди.
Имом Мотуридийнинг илмий фаолияти ва тинимсиз кураши оқибатида эътизол мазҳабига зарба берилиб, Қарматийлар ва Ботинийлар мағлубиятга учраб, Ботинийлар тоғли Бадахшон ҳудудларига чекинди.
Бухоро фақиҳлари томонидан усул ва фуруъ бўйича яратилган кенг қамровли асарлар, шунингдек, калом илми (усулуд-дин) соҳасида ёзилган бир қатор китоблар шундан далолат берадики, ҳанафий фиқҳ мактаби ривожида улар илғор ўринда туриб, Бухорони Мовароуннахр атоқли фақиҳларининг фаолият марказига айлантириб келганлар.
IX—X асрларнинг мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитида Самарқандда калом илмидан ташқари усулул-фиққ соҳасида ҳам илмий аҳамиятга эга бўлган кўп асарлар яратилди. Абу Мансур Мотуридийнинг «Маъхазуш-шаръ» ёки "Маохизуш-шаръ" ва «Китобул-жадал» номли асарлари Котиб Чалабий ва бошқа олимлар гувоҳлигида усул бўйича ёзилган энг пухта ва қимматли асарлар ўрнида туради.
Алоуддин Самарқандий ёзган «Туҳфатул-фуқаҳо», Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуднинг ушбу асарга ёзган шарҳи, шунингдек, Баздавийлар, Абуллайс Самарқандийнинг асарлари ва бошқалар фуруъул-фиқҳ бўйича эришилган муваффақиятлардан ҳисобланади.
Насафийлар калом илми бўйича Мотуридий мактаби давомчиси сифатида ушбу мактаб таълимотини тиклаб, ривожлантириб келдилар ва фуруъул-фиқҳ бўйича улар ва Фарғона фақиҳлари жуда кўп қимматли асарлар ёзиб қолдирдилар.
Абдуллаев Азимхон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юти ўқитувчиси